Ўзбекистон | 20:32 / 23.02.2022
34175
3 дақиқада ўқилади

Фото: Шавкат Мирзиёев Орол денгизининг қуриган тубини бориб кўрди

Президент Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга ташрифи доирасида Орол денгизининг қуриган тубида 1,5 млн гектар майдонда саксовулзорлар барпо этиш лойиҳаси билан танишди. Оролбўйининг флора ва фаунасини яхшилаш учун 5 йиллик миллий дастур ишлаб чиқилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Орол денгизининг қуриган жойига бориб, вазиятни кўрди. 

«Қорақалпоғистон халқи ҳаёти, умуман, катта минтақадаги экология шу муаммога боғлиқ. Бир пайтлар денгиз ва унга туташ дарёлар, яйловлар одамларга ризқ улашган, иш, даромад манбаи бўлган. Лекин табиат қонунларига аралашиш, Амударё ва Сирдарё сувини тўсиш дунёдаги оғир экологик ҳалокатлардан бирини юзага келтирди. Минтақамизда чўлланиш ва шўрланиш даражаси кескин ортди. Ўсимлик ва ёввойи ҳайвонлар тури камайиб кетди.

Глобал исиш муаммоси кучайиб, ёғингарчилик камаяётган бугунги асримизда Орол денгизини қутқариш тобора имконсиз бўлиб бормоқда. Бундай шароитда ягона йўл - борини асраб қолиш, фожиа таъсирини камайтириш, одамлар ҳаётини осонлаштириш.

Давлатимиз раҳбари бу бўйича Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси сессияларида гапирди, халқаро саммитларда муҳим таклифларни илгари сурди. Шу билан бирга, ўз имкониятларимизга таяниб, амалий ишлар ҳам олиб борилмоқда», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Хусусан, Орол денгизининг қуриган тубидан миллионлаб тонна чанг ва заҳарли тузлар кўтарилиб, катта ҳудудга тарқалар эди. Шавкат Мирзиёев 2018 йили Мўйноққа ташрифи чоғида олимлар билан маслаҳатлашиб, у ерда шўрга чидамли ўсимликлар экиш вазифасини белгилаган эди.

Давлат раҳбарига шу борада қилинган ишлар ҳақида ахборот берилди.

Ўтган йилларда денгизнинг сув қуриган қисмида 1 миллион 524 минг гектар тўқайзор барпо этилган. Бунинг учун саксовул, қорабўроқ, қандим, черкез каби чўл ўсимликларидан қарийб 6 минг тонна уруғ тайёрланиб, қийин шароитларда экилган. Бу ишларда 4 мингдан зиёд ишчи қатнашиб, 1 минг 600 дона техника, самолётлар жалб этилган.

Бу хайрли, долзарб ҳаракат давом эттирилмоқда. Жорий йилда 100 минг гектар майдонда «яшил қоплама» барпо қилиш режалаштирилган. Бугунги кунда шундан 26 минг гектарида иш бошланган, 562 тонна уруғлар тайёрланган. Шунингдек, 100 гектар майдонда кўчатхона ташкил қилинмоқда.

Президент бу ерда экологлар ва ўрмон хўжалиги мутахассислари билан суҳбатлашди.

«Биз шу мураккаб шароитда экиш бўйича катта тажриба орттирдик. Бу ерга ўзим келишимдан мақсад - энди бу ишларни илмий асосланган тарзда давом эттирамиз», - деди Шавкат Мирзиёев.

Илмий изланишлар қилиб, ҳудуд тупроғига мос навлар яратиш, кейинги босқичда чорвачиликни ривожлантириш бўйича кўрсатмалар берди.

Оролбўйининг флора ва фаунасини яхшилаш бўйича 5 йиллик миллий дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Мавзуга оид