Ўзбекистон | 16:40 / 28.02.2022
19380
5 дақиқада ўқилади

Ошиб бораётган қандли диабет: уни даволаш ва профилактика қилиш режалари

Ковид пандемиясидан сўнг юртимизда қанд касаллиги билан оғриган беморлар сони кўпайган. Шу сабабли аҳолини эндокрин касалликлардан даволаш борасида президент қарори ҳам қабул қилинди.

Самарқандда ўтган «Қандли диабетнинг долзарб масалалари» ҳамда «Ўз-ўзини назорат қилиш мактаблари» мавзусида илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди. Унда барча вилоятлардан эндокринологлар ва эндокринология илмий амалий тиббиёт маркази ходимлари иштирок этишди.

Қайд этиш жоизки, тадбир Ўзбекистон Республикаси президентининг 2022 йил 26 январдаги «Эндокринология хизматини такомиллаштириш ва кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 102-сонли қарорида белгиланган вазифаларни амалиётга тезроқ татбиқ қилиш мақсадида ташкил этилди.

Президент қарорида 2022-2024 йилларда республика аҳолисига эндокринология ёрдами кўрсатишни ривожлантириш дастури ҳам қабул қилинган. Унда белгиланган режаларга кўра, республиканинг 40 ёшдан ошган аҳолисида йилига бир марта қандли диабет касаллигига скрининг ўтказилиши йўлга қўйилмоқда. Белгиланган муддатда республика аҳолисига эндокринология ёрдами кўрсатишни ривожлантириш дастурини амалга ошириш учун 350,4 млрд сўм ажратилади.

Чунки мутахассислар Ковид пандемиясидан сўнг ушбу дардга чалинганлар сони ортгани, умуман диабет ковид асоратларидан бири эканлигини қайд этишмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош эндокринологи, тиббиёт фанлари доктори Феруза Ҳайдарова айни пайтда бутун дунёда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам қандли диабет эпидемияси кузатилаётгани, президентнинг тиббиёт соҳасига оид илк қарори бежиз эндокринология хизматини юксалтириш борасида қабул қилинмаганига урғу берди.

Феруза Ҳайдарова

«Ҳозир асосий муаммо нимада? Биз бу турдаги касалликларни жуда кеч ташхислаймиз. Жуда кўп беморларда сурункали асоратлар бор.

Диабетнинг аҳамияти шунчалик юқорики, давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган илк ҳужжатлардан бири эндокрин хизматни янада ривожлантириш бўйича дастурнинг қабул қилинганидир.

Самарқандда ўтаётган конференция каби тадбирлар республикамизнинг барча вилоятларида ташкил этилади. Кейинги конференция Навоий шаҳрида бўлади ва диабетдаги семиришга бағишланади.

Бугунги конференция қандли диабетга, шунингдек, бутун мамлакат бўйлаб диабет мактаблари очишга қаратилган. Бугунги кунда Ўзбекистонда 29 та мактаб бор. Улар қандли диабетни даволашда ўзининг беқиёс аҳамияти, ижобий самарасини кўрсатиб бўлишди. Шу сабабли бу мактаблар тажрибасини бутун республикага ёймоқчимиз», - деди Феруза Ҳайдарова.

Айни пайтда Самарқанд вилоятида 126 мингдан ортиқ беморлар эндокрин касалликлар билан назоратда туради. Шулардан 33 минг бемор қандли диабет билан рўйхатга олинган. Улардан 363 нафари вояга етмаган болалар. Ҳозир қандли диабет билан оғриган бемор болалар 100 фоиз аналог инсулинлар билан таъминланган.

Касалликни барвақт аниқлаш ва уларга эрта ташхис қўйиш беморларни оғир асоратларидан сақлаб қолади ва эрта ногиронликнинг олдини олади.

«Бугунги конференция қандли диабет, уни даволаш ва профилактикаси масалаларига бағишланган. Лекин энг асосий урғу беморларга ўзини парваришлашни ўргатишга қаратилган. Айтайлик, одамда қандли диабет бор. У суткасига 24 соат, йилига 365 кун ўзи билан ўзи овора бўлади. Бир йил давомида у эндокринолог ҳузурига неча марта келиши мумкин? Агар ҳар уч ойда эндокринолог ҳузурига келса, уч марта 20 дақиқадан, бу шунчаки денгиздан томчи. Инсон ўзи мубтало бўлган касалликни қанчалик ўрганган бўлса, врач ва бемор биргаликда ўз олдларига қўйган терапия мақсадларига эришиши шунчалик осон бўлади. Ундан самара кутса бўлади», - дейди Ё.Х.Тўрақулов номидаги республика эндокринология илмий амалий тиббиёт маркази бош врачи ўринбосари Анна Алиева.

Алиеванинг айтишича, республика эндокринология илмий амалий тиббиёт маркази нафақат беморлар, балки эндокринолог-врачлар, умумий амалиёт шифокорлари ва ҳамширалар билан ҳам ишлашда давом этади.

«Чунки эндокринология ва шу жумладан диабетология шунчалик шиддат билан ривожланаётган фанки, у бир жойда тургани йўқ. Бир йил муқаддам долзарб бўлиб турган нарса, янгидан янги препаратлар, даволаш услублари пайдо бўлгач, ўз долзарблигини йўқотиши мумкин. Шунинг учун биз доимо тўлқиннинг тожида, барча янгиликлардан воқиф бўлишимиз шарт», - деди у.

Анжумандан мақсад — Ўзбекистон эндокринологлари ўртасида ўзаро тажриба алмашинишни кенг йўлга қўйиш, эндокринология соҳасидаги янгиликлар, инновацион технологияларни бирга таҳлил қилиш. Шу сабабли бундай анжуманлар турли мавзуларида барча вилоятларда, республика эндокринологлари иштирокида ташкил этилади.

Шуҳрат Шокиржонов, журналист
Тасвирчи ва монтаж устаси: Жаҳонгир Алибоев

Мавзуга оид