Жамият | 17:03 / 15.03.2022
45384
4 дақиқада ўқилади

Самбочи Камолиддин Расуловни ўлдирган шахс 15 йилга қамалди

Самбо бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионини ўлдирган шахсга нисбатан ҳукм ўқилди.

Самбо бўйича ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиби Камолиддин Расуловнинг ўлими юзасидан 2022 йилнинг 8 февраль куни бошланган суд мажлиси 14 март куни якунига етди. Судланувчи Шуҳрат Тўрабоев Камолиддин Расуловни ўлдирганликда айбдор деб топилиб, 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Шуҳрат Тўрабоев / Фото: «Дарё»

2012 йилда ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони бўлган, кейинчалик фаолиятини дзюдо спортида давом эттириб, 2019 йили Тошкентда бўлиб ўтган халқаро Гран-при турнирида 81 кг вазн тоифасида кумуш медални қўлга киритган Камолиддин Расулов 2021 йилнинг 13 сентябрь куни таниши томонидан бир неча жойидан пичоқланган, олган жароҳатлари натижасида вафот этганди.

Камолиддин Расулов

Маълум бўлишича, унинг жонига қасд қилган шахс ҳам спортчи бўлган, икковлон аввалдан таниш бўлишган.

«Қанақа витамин оляпсан, деб сўраганимда битта витаминнинг номини айтди. Ўшани сотиб олиб, қабул қилганимдан кейин соғлиғим ёмонлашди. Унга телефон қилиб «Шу витаминни ичганингдан кейин ҳаммаси зўр бўлади, дегандинг, умуман «нол»га тушиб кетяпман-ку. Организмим, билакларим қуриб кетаётганга ўхшаяпти», деганимда, у биз ярим миллиграммдан бир миллиграммгача қабул қиламиз, деб айтди. «Менга тўрт миллиграммдан ичкиздинг-ку, умуман қуриб кетдим», деб айтдим унга. Қўрқитиш учун ўзим билан пичоқ олиб олгандим. Жонимдан тўйиб кетганлигим сабабли. У соғлиғимдаги ўзгариш витаминданмас деявергандан кейин, жаҳлим чиқиб, нима қилганимни билмай қолдим. Ота-онасидан кечирим сўрайман. Яхши иш қилмадим барибир. Уям яхши иш қилмади, мен ҳам яхши иш қилмадим», деган судда айбланувчи.

Ҳодиса содир бўлган куни айбланувчи Камолиддин Расуловга қайта-қайта қўнғироқ қилиб, у билан учрашмоқчи эканини айтган. Марҳум 13 сентябрь куни соат 21:30 да Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида яшовчи танишининг уйи яқинига боради. Суҳбат жанжалга айланиб кетади, айбланувчи ошхона пичоғи билан 29 ёшли Камолиддин Расуловни бир неча марта пичоқлаб, қасддан ўлдиради.

«Йўлда телефон қилаверган. Укам келинимга «Мен буни кўрмаганимга бир йил бўлганди, нимагадир кўришиб олайлик, деб уч кундан бери телефон қиляпти, шундоқ кўришаман-у, қайтаман», деб айтган. Воқеа келинимнинг кўз ўнгида содир бўлган. Укам машинани қулфламасдан тушган. Таниши билан қучоқлашиб кўришган. У ўлишини билса, аввалдан душман бўлса, қучоқлашиб кўришмаган бўларди. Улар-тўрт дақиқа гаплашишган. Уларнинг ўртасида ҳеч қандай жанжал-тўполон бўлмаган. Таниши тўғри юракка пичоқ урган. Унинг на ота-онаси, на ўзи бирор марта кечирим сўрамади, уйимизга бориб таъзия билдирмади. Умуман пушаймонлик ҳисси йўқ. Бу жиноятчига умрбод қамоқ жазоси берилишини хоҳлаймиз», дейди марҳумнинг опаси.

«Видеотасвирларда унинг фақат пичоқлангани кўринган. Қўллари ҳам жойидан кесиб ташланган. У роса қаршилик кўрсатган. Лекин видеотасвирларда бу нарса йўқ. Видеода унинг фақат қочаётгани акс этган кадрларгина бор, пичоқланган жойлари йўқ», дейди марҳумнинг отаси.

Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман суди томонидан судланувчи Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «ж» банди (ўта шафқатсизлик билан қасддан одам ўлдириш) билан айбдор деб топилди ва унга нисбатан 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Суд қарорига кўра жазо умумий тартибли жазо колонияларида ўталиши белгиланган.

Аввалроқ «Малика» савдо мажмуасида 44 ёшли эркакни пичоқлаб ўлдирган 34 ёшли йигит 10 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Мавзуга оид