Спорт | 14:55 / 17.03.2022
25481
2 дақиқада ўқилади

Дебютантни енга олмаган чемпион. «Олимпик» — «Пахтакор» ўйинидан фоторепортаж

Ўзбекистон Суперлигаси 3-турини очиб берувчи учрашувлардан бири «Олимпик» ва «Пахтакор» ўртасида кечди. 

Фото: Tribuna.uz

«Тошкент дербиси» мақомида ўтган беллашувнинг қизиқарли кечиши дастлабки дақиқаларданоқ маълум бўлиб улгурди. «Шерлар» ҳимоясидаги пала-партиш ҳаракатлар 5-дақиқада Русланбек Жияновнинг голига сабаб бўлди. 

Голдан кейин ўзини ўнглаб олишга улгурмаган «Пахтакор» бир киши кам бўлиб қолишига тўғри келди. 15-дақиқада Икром Алибоев қизил карточка олиб, майдонни тарк этди. Эътиборлиси, 2-турда айнан 28 ёшли яримҳимоячига ишлатилган қўполлик учун «Нефтчи» футболчиси Аброр Исмоилов майдондан четлатилганди. 

Бироқ қизил карточка Славче Войнески шогирдларига ижобий таъсир қилди ва улар 22-дақиқада Темур Кападзе шогирдларининг ҳимояланишдаги позицион хатоси эвазига гол уриб кетишди. Фарруҳ Сайфиевнинг яқин бурчакка йўллаган зарбасини Владимир Назаров қайтара олмади. 

Ҳимояланишдаги хатолар «Олимпик»ка қимматга тушишда давом этди. 60-дақиқада Саидазамат Мирсаитов Азиз Турғунбоевни бирга-бир вазиятга чиқиб кетаётган бир пайтда йиқитди. Учрашув бош ҳакам Элёр Турсунов ВАР орқали вазиятни кўриб, вазиятни сўнгги умид фоли деб баҳолади. Натижада, «Олимпик» ҳам учрашувнинг қолган вақтини 10 киши бўлиб ўтказишига тўғри келди. 

Учрашув якунида «Олимпик»нинг қарши ҳужумлари хавфли кўриниш олди. Аммо «олимпиячилар»га бироз тажриба етишмади ва ўта қулай имкониятларни ҳам голга айлантира олмай қолишди. 

Дуранг орқали «Пахтакор» ҳисобидаги очколар 7тага етди ва онлайн жадвалда пешқадамга айланиб олди. «Олимпик» эса ҳамон ғалабасиз юришини давом эттирмоқда. Ҳисобидаги 2 очко билан Кападзе шогирдлари 11-ўринни эгаллаб туришибди.

Суратлар муаллифи — Муҳаммаджон Ғаниев

Мавзуга оид