Ўзбекистон | 18:58 / 18.03.2022
25502
3 дақиқада ўқилади

Умра нархи яна оширилиши кутилмоқда

Саудия Арабистони ҳукумати томонидан барча йирик мусулмон мамлакатларга Умра зиёратини ташкил этишга рухсат берилиши ортидан подшоҳликдаги барча сервисларга талаб ошди, дея маълум қилди Ўзбекистон Мусулмонлари идораси. Идора хабарига кўра, бу – ўзбекистонлик зиёратчилар учун рамазон ойида ташкил этиладиган Умра тадбирлари нарх-навосига ҳам таъсир кўрсатади.

Фото: Fayez Nureldine / AFP

Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг маълум қилишича, жорий йил 22 январдан 17 мартгача бўлган даврда 21 мингдан ортиқ ўзбекистонлик зиёратчилар Саудия Арабистонига жўнатилиб, улардан 16 минг нафардан зиёди умра амалларини тўлиқ адо этиб қайтган. Ҳозирда 5 минг 600 нафарга яқин зиёратчи Саудия Арабистонида Умра зиёратларини амалга оширмоқда.

Бугунки кунга келиб, Саудия Арабистонида COVID-19 пандемияси билан боғлиқ ўрнатилган карантин талаблари юмшатилиб, подшоҳликка ПЗР тест жавобисиз кириш ҳамда оралиқ масофани сақлаш тартиби бекор қилинган. Шунингдек, 5 мартдан ўзбекистонлик зиёратчилардан ҳам ПЗР тести талаб этилмайдиган бўлди.

Шунингдек, диний идора йирик мусулмон давлатларига ҳам умра қилиш учун рухсат берилиши Саудиядаги хизматлар нархининг ошишига сабаб бўлишини маълум қилган.

«Шунингдек, Саудия Арабистони ҳукумати томонидан барча давлатлар, хусусан, Туркия, Малайзия, Индонезия, Эрон ва Миср каби йирик мусулмон мамлакатларига Умра зиёратини ташкил этишга рухсат берилди.

Бу – ўз навбатида, ҳозирги кунда Саудия Арабистонида меҳмонхона ва бошқа турдаги сервисларга талаб ошишига, хусусан, Рамазон ойида ташкил этиладиган Умра тадбирларининг нарх-навосига ҳам таъсир кўрсатишига сабаб бўлади», – дейилади идора хабарида.

Мусулмонлар идораси ахборотида ўзбекистонлик зиёратчилар учун ҳам нарх-наво ошиши ёки ошмаслиги борасида маълумот йўқ.

Kun.uz билан гаплашган Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот котибининг маълум қилишича, айни вақтда Умра-2020 мавсумида пандемия туфайли қолиб кетган 23 мингга яқин фуқаролар зиёратни амалга оширмоқда. Эски мавсумда навбати қолиб кетган фуқаролар зиёратларини якунлагач бу мавсумдаги зиёратчилар билан бошқа шартнома тузилади.

«Саудияда нарх-навонинг ошиши муносабати билан янги зиёратчилар билан тузиладиган шартнома нархи ҳам ўзгаради. Бунинг қанча бўлиши ҳақида аниқ бир нима деёлмаймиз, бу бизни [Мусулмонлар идораси] ҳамкор ширкат билан тузиладиган шартномаси, келишувига боғлиқ», – деди Kun.uz билан суҳбатда идора матбуот котиби.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил январь ойида ҳам 2020 йил тўлов қилиб, қолиб кетган зиёратчилар қўшимча 4,7 миллион сўм тўлов қилишига тўғри келган эди. Мусулмонлар идораси ўшанда умра зиёратчилари учун тўлов миқдори оширилганига пандемия талаблари, Саудия Арабистонида 15 фоизлик ҚҚСнинг жорий қилиниши ҳамда нарх-наво кўтарилганлигини сабаб қилиб кўрсатган.

Айни вақтда ўзбекистонликлар тахминан 17,8 миллион атрофида тўлов қилиб зиёратга кетмоқда.

Мавзуга оид