Жамият | 16:00 / 18.03.2022
22842
7 дақиқада ўқилади

Узундаги харидорсиз янги бозор: Бу ерга баракани қандай қайтариш мумкин?

Сурхондарё вилояти Узун тумани марказидаги эски деҳқон ва буюм бозори бузилиб, янгиси шаҳарча четида барпо этилгач, у ерга харидорлар бормаяпти.

Харидорларсиз қолаётган бу деҳқон бозори ҳақида Kun.uz’да уч йилча аввал ҳам маҳаллий савдогарларнинг мурожаатлари эълон қилинган эди.

2017 йилда Узун шаҳарчасини кесиб ўтган марказий йўл устидаги, Обизаранг Дарёси соҳилида жойлашган аҳоли учун қулай жойдаги, халқ тилида «Чуқур бозор» деб аталувчи деҳқон бозори бузилади.

Бунга сабаб қилиб, бозор ҳудуди кичкиналиги, йўлларда автомашина кўпайиб, тирбандлик ҳосил бўлаётгани, шунингдек, бозор Обизаранг дарёсининг муҳофаза зонасида жойлашгани кўрсатилган. Баҳорнинг бугунгидек серёғин кунларида эски бозорни сел босиши ҳам тез-тез кузатиладиган ҳодиса эди.

Хуллас, жуда баракали эски бозор ўрни бошқа тадбиркорга берилган. Тадбиркор эса Обизаранг дарёсининг муҳофаза зонасига риоя қилган ҳолда у жойда ҳозир савдо маркази ва овқатланиш корхонаси қурган бўлса-да, аввалги гавжумликдан асар қолмаган. Бозор рўпарасидаги баҳайбат қадимий чинорлар билан тўла оталар чойхонаси ҳам бузиб юборилган. Энди бу жой ёймачиларга раста, таксичиларга «стоянка» бўлиб хизмат қилмоқда.

 

Савдогарлар эса ўша баракали бозор атрофига сочилиб, турли дўконларнинг олдидаги йўлларда, тротуарларда савдо қилишмоқда. Буни гўё чумолининг уясини бузишга ўхшатиш мумкин. Бозор бузилиб, барака ҳам қочгандек.

Эски бозор эвазига янгиси ундан қарийб 1 км нарида — Узун шаҳарчасининг четроғида қурилди. Кенг майдонда озиқ-овқат расталари ва кийим-кечак дўконлари барпо этилди. Эски бозорга қўшни Сариосиё туманидан ҳам харидорлар келиб турган бўлса, янгисига узунликларнинг ўзлари ҳам боришни исташмади. Дўконлар ҳувиллаб ётибди, расталар эса савдогар ва харидорларга илҳақ.

 

Хўп, кутилганига терс ўлароқ, янги бозорга нега одамлар бормаяпти? Савдогарлар аввал бунга сабаб қилиб бозор темирйўлдан нариги тарафда экани, бозорга элтувчи йўл қарийб 4 км эканини, бозор томон темирйўлни кесиб ўтадиган яқинроқ янги йўл солиш кераклигини айтишган эди.

 

Уларнинг бу талабини вилоят раҳбарлари эшитишади. Уйлар «снос» қилиниб, яқинроқ янги кўча солинади. Кўчанинг очилиш маросими ҳаттоки катта тантана билан ўтказилади.

 

Бироқ бугунга келиб маълум бўлмоқдаки, муаммо ўша-ўшалигича қолган. Янги ва яқин кўча ҳам бозорга харидорларни жалб эта олмаяпти. Улар яна ўша — эндиликда йўқ қилинган чуқур бозор атрофидаги кўчаларда, пиёдалар йўлакларида савдо қилишмоқда.

 Янги бозордаги савдогарлар нима дейди?

Янги бозорда савдо қилаётган савдогарларнинг айтишича, пандемия давридаги карантин чоғида кўчадаги ёймачиларга савдо қилишга рухсат берилмаган ва ўз-ўзидан янги бозор гавжум бўлиб қолган. Аммо эпидемиологик вазият юмшагач, ёймачилар яна темирйўл атрофига тўпланиб олишган.

Янги бозордаги савдогарлар патент, патта, солиқ тўлашларини писанда қилишди. Уларга кўра, солиқ ва патта тўламайдиган кўчадагилар эса йўл бошида уларнинг потенциал мижозларини тўхтатиб қолишяпти.

Янги бозор олдида якшанба куни мол бозори ҳам бўлади. Бозорчилар фақат ўша куни мижоз кўпайиб, қўллари пул кўришини айтишди. Айтишларича, мол бозори бу ердан бошқа жойга кўчирилиши ҳам мумкин экан. Бу эса янги бозор тўлиқ касод бўлишини англатади.

Темирйўл кесишмасидан янги йўлдан янги бозор томонга элтувчи йўлга эътибор беринг. Тротуарларда мутлақо юриб бўлмайди, ўзи тор кўчанинг икки тарафига машиналар қалаштириб ташланган. Уззу-кун тирбандлик.

Шу ердаги дўконлар ҳам ўз олдига раста қуриб ижарага беришган. Санитария ва гигена қоидалари тўлиқ унутилган. Масъуллар эса кўз юмиб келишмоқда.

Бетартибликнинг уяси бўлган жойдан 800 метр узоқликдаги янги бозорга эса одамлар келишга эринаётгани маълум бўлди. Қайд этиб ўтиш керак, туман ички ишлар бўлимининг шу ерда жойлашгани ҳам вазиятга таъсир этмаяпти.

Биз кўчада ёйма савдо қилаётганларга ҳам микрофон тутдик. Улар янги бозорга бориб савдо қилмасликларини харидорларнинг у ерга бормаслиги билан тушунтиришди.

Албатта, уларнинг гапида жон бор. Рўзғор учун 2 кило картошка-пиёз харид қилиш учун одамлар қарийб бир километр пиёда йўл босишга эринади. Жамоат транспорти қачонлардир ўлдирилган. Таксилар эса қиммат.

Бу ҳолатлардан англашиладики, янги бозорни лойиҳалашда масъул раҳбарлар ўз вақтида Узун туманининг манфаатларига мутлақо зид йўл тутилган.

Чунки эски бозорга 5 км наридаги Сариосиё тумани марказидан ҳам харидорлар келишарди. Ҳозир уларнинг оёғи узилган. Бозорни харидорлар учун қулай жойда лойиҳалаштириш ҳам савдогарларнинг савдосига, ҳам туман бюджетига тушумлар кўпроқ тушишига хизмат қилар эди.

Узун туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Беҳзод Ҳасанов биз билан суҳбатда буни қисман тасдиқлади.

Биз билан суҳбатда туман ҳокими ўринбосари солиқ органлари томонидан ноқонуний савдо билан шуғулланаётган ёймачиларга қатъийроқ чора кўриш тумандан негатив хабарлар кўпайишига олиб келишини таъкидлади. У — ҳақ. Бозорни янги жойга кўчириш учун эса жуда катта маблағ талаб этилади. Шундай бўлса-да, туман ҳокимлигининг режасида бозорни қулайроқ жойга кўчириш ҳам борлигини ҳикоя қилиб берди ҳоким ўринбосари.

Беҳзод Ҳасанов, Узун туман ҳокими ўринбосари

Ҳозир бу ерда масалани ечиш учун иккита йўл бор. Ё қаттиқроқ интизом талаб қилиб, ёймачиларнинг савдо қилишига тўлиқ тақиқ ўрнатиш бу –  имконли нарса, бу борада пандемияда тажриба орттирилган.

Иккинчи вариант сифатида бозорни янги, барча учун қулайроқ жойга кўчиришни ҳам кўриб чиқиш мумкин. Дейлик, Сариосиё ва Узун тумани ўртасидаги далада мутлақо янги деҳқон ва буюм бозори қуриш. Мол бозорини ҳам шу ерга кўчириш мумкин.

Лекин ҳозирги янги бозорда катта маблағ эвазига харид қилинган, лекин ҳувиллаб ётган дўконларнинг эгалари бу харажатга кўнишармикан?

Балким ҳувиллаб ётган ҳозирги бозор ерини кўп қаватли уйлар қуриш учун аукцион орқали сотувга қўйиб, янги барпо этилажак бозор харажатларни қоплаш керакдир? Чунки кўрдикки, янги бозор стоянкаси учун ажратилган жойнинг бир қисмида аллақачон 5 қаватли уй қурилмоқда экан.

Хуллас, узунлик харидорларни ҳам, савдогарларни ҳам қийнаб келаётган муаммо сақланиб турибди. Узундек туманга тайинли ва гавжум деҳқон бозори албатта керак. Аммо бунга қандай эришиш мумкин? Берилаётган таклифларни амалга оширса бўладими? Ёки вилоят ва туман мутасаддиларида қандайдир бошқача ечим бормикан? Ўйлаймизки, бу масала вилоятдаги мутасаддилар томонидан атрофлича ўрганилиб, кўрилажак чоралар барчага маълум қилинади.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz махсус мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов

Мавзуга оид