Ўзбекистон | 14:48 / 23.03.2022
15642
8 дақиқада ўқилади

Берлиндаги Tesla гигафабрикаси: Германия автосаноати учун янги давр бошланди

Илон Маск «Made in Germany» тамғаси остида ишлаб чиқариладиган ўз электромобиллари билан немис автосозларига рақобат қилиш билан бирга, Европанинг ички ёнув двигателидан воз кечишини ҳамда собиқ ГДРнинг ривожланишини тезлаштирмоқчи, деб ёзади Deutsche Welle.

ГФР канцлери Олаф Шолц ва Tesla раҳбари Илон Маск Грюнҳайдедаги гигафабрикани ишга тушириш маросимида. Фото: AP / Patrick Pleul

Илон Маск ниҳоят мақсадига етди. 2019 йилнинг ноябрида Tesla раҳбари Берлиндаги чоғроққина тадбирда Европадаги илк заводини Берлин остонасида қурмоқчи эканлигини, бу гигафабрикада йилига 500 минг электромобил ишлаб чиқарилиши, бунинг учун икки йил вақт сарфлашини эълон қилганида бундай режанинг амалга ошишига саноқли одамлар ишонган эди.

Скептиклар бу баёнотни Маскнинг жўн пиари, америкалик ишбилармонларнинг тарафдорлари эса уни ҳали немис бюрократиясининг кўплаб рухсат талаб қилувчи жараёнларига дуч келмаганини айтиб, ишонишмаганди. Улар Берлиннинг янги аэропорти қурилишига 14 йил вақт кетганига шама қилишаётганди.

Tesla гигафабрикани Германия учун рекорд муддатда қуриб битирди

Мана, 2022 йилнинг 22 мартида немисларнинг туя гўшти еган қурилиши рамзига айланган аэропортидан ўттиз километр нарида барпо этилган заводда илк 30 харидорга нархи 60–67 минг евро бўлган дастлабки Tesla Model Y  кроссоверлари конвейер олдида тақдим этилди. Грюнҳайдеда бўлиб ўтган тантанали маросимга Олаф Шолц ҳам келди. 

Tesla раҳбари Илон Маск Грюнҳайдедаги гигафабрикани ишга тушириш маросимида. Фото: AP / Patrick Pleul

Tesla гигафабрикасининг расман ишга тушиши бир неча сабабларга кўра Германияда муҳим ҳодиса сифатида қарши олинди. Ҳамма нарсага тайёр америкалик қайсар тадбиркор (қурилиш ишлари дастлабки рухсатномалар асосида бошланган ва барча зарур ҳужжатлар расмийлаштирилгунга қадар якунланган) ҳукумат ёрдам берса, улкан заводни икки ярим йил ичида нафақат АҚШ ва Хитойда, балки Германияда ҳам қуриш мумкинлигини исботлаб қўйди. «Германия ҳам тезкор бўлиши мумкин», — дея ғурур билан қайд этган Олаф Шолц ўз чиқишида.

Tesla Model Y’ни Калифорния ва Шангҳайда ҳам ишлаб чиқармоқда

Албатта, конвейерни тантанали ишга тушириш маросимидан сўнг корхонага лойиҳавий қувватга чиқиши учун яна бир неча ой талаб этилади, лекин Tesla раҳбари ва менежерлари бунисини ҳам эплашига эндиликда ҳеч ким шубҳа қилмаяпти. Боз устига, Калифорния ва Шангҳайдаги гигафабрикаларда Model Y’ни ишлаб чиқариш бўйича бой тажриба тўпланган. Бу технологик жараёнларни ўрнатишни тезлаштиришга сабаб бўлади, гарчи немис корхонасида автоматизация даражаси Хитойдагига нисбатан юқорироқ бўлса ҳам.

Tesla’нинг Грюнҳайдедаги гигафабрикасининг майдони 300 гектардан иборат. Фото: Bild / Patrick Pleul

Фақат битта муаммо бор: ишлаб чиқариш режалари глобал логистика занжирлари бузилиши, Россиянинг Украинага қарши уруши ва РФга нисбатан жорий этилган санкциялар туфайли хомашё ва алоҳида деталларни етказиб беришда узилишлар ҳосил бўлиши ортидан жабр кўриши мумкин.

Лекин экспертлар Tesla’нинг харид сиёсати спецификасига ишора қилишмоқда: компания олдиндан АҚШ ва Австралиядаги хомашё ишлаб чиқарувчилар билан шартнома имзолаган, шунингдек, улар бошқа соҳалардан фарқли ўлароқ етказиб берувчиларга камроқ боғланган ва зарур таркибий қисмларни ўзлари ишлаб чиқаришни афзал билишади. Масалан, Tesla Грюнҳайдедаги заводи олдида аккумулятор ишлаб чиқарувчи ўз фабрикасини қуришни бошлаб юборган.

Илон Маск премиум сегментдаги немис автосозларига қарши чиқмоқда

Бироқ янги корхонанинг рекорд суръатларда барпо этилишининг ўзи муҳим ҳодиса саналмаяпти. Илон Маск Европадаги гигафабрикасини айнан Германияда жойлаштиришга қарор қилгани немис автомобил саноати тажрибаси ва ноу-ҳаусига катта ишонч билдиргани белгиси ўлароқ қабул қилишди. Грюнҳайдедаги завод, шубҳасиз, ГФР иқтисодиётининг бу муҳим соҳаси потенциалини мустаҳкамлайди ва халқаро майдонда тан олинишига сабаб бўлади.

Бир вақтнинг ўзида, Tesla’нинг Германияга бу қадар улкан ишлаб чиқариш билан кириб келиши премиум сегментга мўлжал олган анъанавий немис автосозлари учун ҳам тўғридан тўғри чақирувдир. Улар бу қадар йирик ва динамик рақобатчига қарши туриш учун кўп куч ва маблағ сарфлашларига тўғри келади.

Грюнҳайдедаги тантаналар бошланишидан икки ҳафта аввал Европанинг энг йирик Volkswagen автоконцерни 2 млрд евро эвазига Волфсбургдаги бош завод ёнида автоматик бошқарув элементларига эга мутлақо янги Trinity оммавий электромобили ишлаб чиқаришга қаратилган инвестицион лойиҳани узил-кесил тасдиқлади. VW раҳбарияти қурилиш ишларига 4 йил ажратишган.

 Tesla’нинг Берлиндаги фирмали қувватлаш станциялари. Фото: DPA / Bernd von Jutrszenka

Tesla гигафабрикаси очилишидан бир ҳафта аввал BMW раҳбарияти фақат электр итарма билан ишловчи автомобилларнинг истиқболини оптимистларча баҳолашини, аввал режа қилинганидек 2030 йилгача эмас, ундан аввалроқ концерн сотувининг камида ярми электромобиллар бўлишини хабар қилган.

Шарқий Германия электромобиллар ишлаб чиқарувчи марказга айланмоқда

Шундай қилиб, Германияда Tesla гигафабрикасининг пайдо бўлиши бутун немис автосаноатини ҳаракатга келтирувчи улкан куч бўлибгина қолмасдан — шундоқ ҳам тез суръатларда ички ёнув двигателларидан электромоторларга ўтаётган соҳа ишини янада тезлаштирди. Моҳиятан, 2022 йилнинг 22 мартида Германия автобозорида янги давр бошланди — электромобилларга оммавий ўтиш даври. Нафақат Германия бозорида: йилига ярим миллион авто ишлаб чиқарар экан, янги завод бутун Европани электромобиллар билан таъминлайди. 

Германияда электромобиллар ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш бўйича асосий марказлар мамлакат шарқида жойлашиб қолганига нима дейсиз: Грюнҳайдеда (Tesla), Цвиккау ва Дрезденда (Volkswagen), Лайпцигда (BMW ва Porsche) ва Берлинда (Mercedes-Benz). Ҳозирча 3 минг, истиқболда 12 минг киши меҳнат қиладиган янги гигафабриканинг очилиши муҳим ҳодиса сифатида баҳоланаётганига сабаблардан бири социализмдан сўнг саноат корхоналарининг туриб қолишидан азият чеккан собиқ ГДР ҳудуди иқтисодий ўсишнинг ёрқин рамзига айланмоқда.

Гарчи, Шарқий Германияда саноат уйғонишининг бошқа рамзлари ҳам бор. Масалан, жуда қувватли шамол парклари. Айнан уларнинг шарофати билан Илон Маск ўзининг Европадаги ишлаб чиқариш майдонини Бранденбург федерал ерида қуришга қарор қилган: у ўз гигафабрикаси тикланувчи энергияда ишлашини истаган.

Tesla гигафабрикаси қурилишига қаршилар унинг очилиши муносабати билан норозилик намойишига йўл олишмоқда. Фото: DPA / Carsten Coall

Мана шунда ёрқин экологик таркибга қарамасдан 300 гектар майдондаги Tesla заводи қурилишига қарши сўнгги икки йил мобайнида намойишлар бўлди, унинг очилиш куни ҳам турли табиатни ҳимоя қилувчи ташкилотлар танишгани йўқ. Улар корхонанинг катта миқдорда сув истеъмол қилиши яқиндаги сув ҳавзалари ва грунт сувларининг ифлосланишига олиб келишидан чўчишмоқда. Хуллас, Маскнинг Грюнҳайдедаги заводи нафақат рақобатчилар, жамоатчиликнинг ҳам кузатуви остида бўлади.

Мавзуга оид