Жиззахда 3 метр узунликдаги питон илони топилди
Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани Жума бозори яқинида 3 метр узунликдаги илон топилгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Тарқалган хабарлар юзасидан Ekologuz канали Жиззах вилояти Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси матбуот хизмати котиби Замира Абдуллаева билан боғланиб маълумотга ойдинлик киритди.
Матбуот хизмати котибининг маълумот беришича, бундай тур илонлар Ўзбекистон ҳудудида учрамайди. Видео ва суратлардаги питон илони Ғаллаорол тумани "Олимлар" МФЙ ҳудудидаги очиқ майдонга сел билан оқиб келган ва чўпонлар томонидан топилган.
Тарқалган хабарлар юзасидан Ғаллаорол тумани Экология бўлими ва ИИБ биргаликда ушбу ҳолатни ўрганмоқда. Илон қаерда ва ким томонидан сувга ташлангани ҳақидаги тўлиқ маълумотлар олиниши билан яна қўшимча хабар берилади, дейилади ахборот хизмати баёнотида.
Ekologuz канали хавотирга ўрин йўқлигини билдирган. Бундан олдин Билдирсойдан ўлик ҳолда бўғма илон топилгани тўғрисида хабарлар тарқалгани эслатилган.
“Бизнинг ҳудудда бундай турдаги илонлар яшамайди ва бу тур илонлар илиқ тропик ҳавони яхши кўргани учун 25 градусдан баланд бўлган ҳудудларда учрайди. Яъни, тропик зоналарда кўплаб учратиш мумкин. Тарқалган видеода илон чўпонлар томонидан ўлик ҳолатда топилган. Бундай тур илонлар Ўзбекистонда фақат хусусий ҳайвонот боғлари, цирклар, кўчма циркларда боқилади”, дейилади канал маълумотида.
Мавзуга оид
07:24 / 17.12.2024
Жиззах ва Самарқанд вилояти ҳокимларига ўринбосарлар тайинланди
15:25 / 15.12.2024
Тошкент-Термиз йўлининг Жиззахдаги довондан ўтган қисмида юк автомобиллари ҳаракати вақтинча чекланди
18:54 / 10.12.2024
Жиззахда 1 млрд сўмлик қалбаки пул сотмоқчи бўлганлар ушланди
10:17 / 03.12.2024