Тошкентда АЁҚШ ишчисига қабр ковлатган «рэкетчи»ларга ҳукм ўқилди
Судланувчилар автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси ишчисини Дўмбиробод қабристонига олиб бориб, ўзи учун қабр қазишга мажбурлашган. Ковланган қабрга уни кўмиб ташлаш билан таҳдид қилишган.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судида туман суди раиси ўринбосари Акмал Мирзахонов раислигида муқаддам судланганига қарамасдан, бундан хулоса чиқармаган шахсга оид жиноят иши кўриб чиқилди.
1997 йилда туғилган судланувчи Чилонзор туманида жойлашган бензин қуйиш шохобчасида ишловчи фуқаронинг ёш жиҳатидан кичик эканидан фойдаланиб, уни калтаклайди. У АЁҚШ ишчисидан ҳар куни ишлаб топадиган пулининг бир қисмини бериб туришини, акс ҳолда устидан раҳбарига шикоят қилиб ишдан бўшаттиришини, бундан ташқари, ўзи ва онасини калтаклашини айтиб қўрқитади.
Шу тариқа, зўравон ожиз аҳволдаги шахсдан ҳар куни турли миқдорида пул олиб келади. Судда у жабрланувчидан умумий ҳисобда 4 млн сўм миқдорида пулларни олиб, эҳтиёжлари учун ишлатиб юборгани маълум қилинди.
Судланувчи бу жиноий ҳаракати билан кифояланмайди. Балки уч нафар таниши билан тил бириктириб, АЁҚШ ишчисига зўрлик ишлатиб, Чилонзор туманидаги Дўмбиробод қабристонига олиб боришади. Рэкетчилар уни ўзи учун қабр ковлашга мажбурлаб, йўриғига юрдириш учун танасининг бир неча жойини пичоқ билан жароҳатлашади. Муштумзўрлар ковланган қабрга йигитнинг ўзини кўмиб кетишларини айтиб таҳдид қилишади. Улар жараённи телефонда видеога олиб, агар уларнинг устидан бирор жойга шикоят қиладиган бўлса, видеони интернетга тарқатиб юбориш билан пўписа қилишади.
Судда судланувчилар жабрланувчи синтетик наркотикларга ружу қўйгани боис уни бу йўлдан қайтариш учун қўрқитиб қўймоқчи бўлишгани, буни жабрланувчининг ўзи илтимос қилганини айтишган.
«Жабрланувчини ёшлигидан укамиздай кўрамиз. Ёмон йўлга кириб қолган экан. Бир-икки марта тушунтирдик. Фойдаси бўлмади. Охирги марта тушунтирганимизда ўзи яна бир марта шу йўлга кирадиган бўлсам, яъни таблетка ичсам ёки синтетик клей ҳидласам, мозорга олиб бориб қабр ковлатиб, мени қўрқитинглар деб айтганди. У шундай қилсанглар бу йўлдан қайтаман, бошқа иложи йўқ, борган сари бу йўлга чуқур кириб кетяпман, деганди.
Шу гапидан сўнг яна гиёҳвандликка ўралашиб қолганини билиб қолдим ва кечқурун уни қидириб топдим. Кейин «ўрис» мозорга олиб бориб ўзи сўраган ишни қилдик. Уни пичоқламаганмиз, қолаверса, пичоқ уники эди, фақат пичоғи билан қўрқитганмиз холос», деб айтган жиноий гуруҳ етакчиси.
Ўзларини ўтмишдаги «рэкетчи»лардек тасаввур қилган жиноий гуруҳ аъзолари бошқа бир фуқарони ҳам машинага солиб, Дўмбиробод қабристонига олиб боришади. Уни ҳам калтаклаб ўзига қабр ковлашга мажбурлашади ва шу ерга кўмиб кетиш билан қўрқитишади. Ушбу ҳолатни ҳам ўзлари видеога олишади. Жабрланувчидан 1,8 млн сўмлик RedMi-8 маркали телефон қурилмасини олиб қўйиб, бўлиб ўтган воқеа ҳақида қаергадир шикоят қилса, видеони интернетга тарқатиб юбориш билан қўрқитишади.
Суд мажлисида зўравонлар айбларини тан олишган.
«Жабрланувчиларнинг биридан 4 млн, бошқасидан 1,5 млн олинган экан. Бу пулларнинг ҳаммасини қайтардик. Ҳеч нарсаси қолмаган бизда. Иккита телефон олинган. Ўзимиз билмаган ҳолда ёмон йўлга кириб қолдик. Ҳозир ич-ичимиздан пушаймонмиз. Бир кунимиз бир ой-у қирқ кундек ўтяпти», деган судланувчи.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди томонидан судланувчилар Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича айбдор деб топилиб, уларга нисбатан қонунда белгиланган тартибда жазо тайинланди. Жумладан, уч нафар судланувчи 10 йил-у 2 ой, 6 йил ҳамда 5 йил-у 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, икки нафар вояга етмаган шахснинг бирига 3 йил муддатга озодлик чеклаш жазоси тайинланган, иккинчисига икки йил синов муддати берилган. Улардан бири жабрланувчининг ўзи бўлиб, у 241-модда (Жиноятни ҳисобга олишдан қасддан яшириш) бўйича судланган.
Мавзуга оид
16:35 / 23.12.2024
1 январга ўтар кечаси Тошкент метрополитени иш жадвали 2 соатга узайтирилади
16:56 / 22.12.2024
Фарғонада портлаш содир бўлган заправка бузилмоқда — видео
18:02 / 21.12.2024
Фаолиятда қонун бузилиши, сертификатсиз ўқитувчилар ва норози ота-оналар – “NEWTON ACADEMY” ўқув маркази ҳақида нималар маълум?
18:36 / 20.12.2024