Ўзбекистон | 12:10 / 26.03.2022
16865
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда газ таъминоти корхонаси биносида портлаш содир бўлди

Ижтимоий тармоқларда “Тойлоқтумангаз” газ таъминоти корхонаси биносида портлаш содир бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати муносабат билдирди.

Муносабатда ёзилишича, жорий йил 18 март куни соат 15:00ларда “Тойлоқтумангаз” газ таъминоти бўлими электрон газ ҳисоблагич муҳандисининг хизмат хонасида портлаш содир бўлган. Оқибатда “Тойлоқтумангаз” газ таъминоти бўлимининг 2 нафар ходими ҳамда 2 нафар мурожаат билан келган фуқаро тан жароҳати олган.

Дастлабки маълумотларга кўра, муҳандиснинг хизмат хонасида ўрнатилган ва ишлаб турган “ARTEL” русумли кондиционер чақнаши оқибатида портлаш содир бўлгани аниқланган. Воқеа жойидан носоз ҳолатда келган бир дона “ARTEL” русумли кондиционер ашёвий далил сифатида олинган.

Бахтсиз ҳодиса туфайли тан жароҳати олган фуқаролар зудлик билан шифохонага ётқизилиб, зарурий муолажалар қилинган. Айни дамда беморларнинг аҳволи яхши.

Қайд этилишича, ҳозирги вақтда ушбу ҳолат бўйича Тойлоқ туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

«Мазкур ҳолат юзасидан ижтимоий тармоқларда асослантирилмаган хабарлар тарқалмоқда. Фуқаролардан аниқ ва ишончли манбалардан ахборот олишларини сўраймиз», дейилади муносабатда.

Мавзуга оид