Ўзбекистон | 11:28 / 03.04.2022
36054
6 дақиқада ўқилади

“Ўрикдан айрилдик ҳисоб” — боғбонлар мартдаги ёғингарчилик таъсири ҳақида

Март ойидаги тинимсиз ёмғирлар айрим дарахтлар гулини тўкиб юборган. Ўтган йили апрел ойи бошларидаги кутилмаган совуқ сабаб ҳам худди шундай ҳолат рўй берганди. Kun.uz турли ҳудудларда яшайдиган боғбонлар билан март ойидаги совуқ ва ёмғирли об-ҳаво мевали дарахтларга қандай таъсир қилгани ҳақида суҳбатлашди.

Фото: Kun.uz

Март ойида кузатилган аномал ёмғирлар ва совуқ ҳарорат мевали дарахтлар, айниқса, ўрик гулига жиддий таъсир кўрсатган. Гидрометеоролог Эркин Абдулаҳатовга кўра, охирги 70 йилликда дарахтларнинг вегетацияга кириш даврида март ойида кузатилганидек кўп ёғин ёғмаган. Шу сабаб дов-дарахтларда зарарланиш ҳолатини баҳолаш бироз қийин ва кечроқ тўлиқ маълумотлар олинади.

Биз суҳбатлашган аксар боғбонлар бу йил хам ўрикдан умид узганини айтмоқда.

Ўткирбек Мирзаобидов, боғбон. Фарғона, Олтиариқ

– Олтиариқнинг қир-адирли жойида 15–16 ёшли 10 гектар ўрикларимиз бор. Россия ва ўзимизнинг бошқа вилоятларга чиқарардик. Ўрик роса гуллаганда ёмғир ёғишни бошлади ва 1 ҳафта қуёш умуман кўринмади. Ўзи бу пайтдаги ёмғир дарахт гулларига зиён қилади. Олдинги йилларда ҳам 1-2 кун ёмғир ёғиб, ўрик гулларининг 10–20 фоизини чиритиб қўярди. Ўрик гули тепага қараган бўлади ва гулининг тагида мева, ғўра бўладиган жойида косача бўлади, шу жойига сув кириб қолса, чиқиб кетмайди. Гуллар чириб қолади. Гилос, қашғар гилосларнинг гули ерга қараган бўлади ва уларга сув кирмайди. Ёғингарчиликда улар ҳали гулламаганди ҳам.

Ёмғир ёғиб, март ойида арилар умуман чиқмади. Арилар чиқмагач чанглаш ҳам йўқ. Ҳозир дарахтлар қорайиб, гулини тўкиб юборди. Ейиш учун ўрик қолганига умид бор, лекин сотиш учун йўқ. Кечки ёки тоғ ҳудудларидаги ўрикларнинг ҳали уйғониб улгурмаганлари бор. Улар энди гуллаган. Биз ўрикдан айрилдик ҳисоб. Бизнинг ўрикларни совуққача ёмғир чиритиб бўлганди, совуққа етиб бормади. Шафтоли, гилослар ёмғирдан кейин гуллади. Уларнинг меваси яхши бўлади. 10–25 сотихли 2-3та узум боғларимиз ҳам бор. Узумларимиз энди куртак ёзяпти. Уларни совуқ урмаган.

Баҳодир Қаюмов, боғбон. Қашқадарё, Қарши

– Боғимда 150 туп бодом ва 50–60 туп ўрик бор. Бодомларимизнинг 10 фоизини совуқ урди, қолгани яхши. Ўзим ҳар бирини текшириб қараб чиқдим. Ўрикнинг 70 фоизини совуқ уриб кетди. Анча эрта гуллаган ва кеч гуллаган ўрикларники қолди, айнан қор ёғганда гуллаб турган ўрикларнинг 90 фоиздан кўпини совуқ уриб кетди. Қашқадарёнинг бошқа жойини билмадим-ку, лекин Қарши шаҳрида шундай ҳолат.

Мардонбек Акрамов, мевачилик ва кўчатчилик соҳаси мутахассиси

– Совуқ ўрик гулига таъсир қилди, ён-атрофимизда қолган дарахтларга унчалик таъсир қилмади. Ўрик гулиниям оқ қандак навларини совуқ урди. Бодом гулиниям тўлиқ дея олмайман-у, айрим ҳудудларда совуқ урди, айрим жойларда яхши турибди.

Абдуворис Раҳмонов, кўчат етиштириш бўйича мутахассис. Андижон, Пахтаобод

– Биз Ўзбекистоннинг шарқий чегара ҳудудида яшаймиз. Март ойидаги ноқулай об-ҳаво ўрик ҳосилига жуда катта таъсир қилди. Ўрик дарахтларимиз 90 фоиз, бодомларимиз 30 фоиз гулини тўкди. Билишим бўйича, Андижон вилояти ярмида шундай ҳолат.

Тўхтамурод Ҳожиболаев, боғбон, Фарғона, Қува

– Ўрикларни 90–95 фоиз совуқ урди. Бодомларга совуқ унчалик таъсир қилмаган. Қолган мевали нарсалар яхши, янги экилган ниҳолларга зиёни йўқ.

Ғайрат Матсапаев. Сурхондарё, Амударё

– Бизда ҳаммаси жойида. Чунки совуқ урушидан олдин мевалар вегетацияга киришмаганди. Ҳозир ўриклар одатдагидек гуллаб турибди. Бошқа мевалар энди уйғонмоқда. Лекин кейинги совуқ ҳаво массалари кириб келса, аниқ совуқ урса керак.

Эркабаев Зоҳиджон. Қорақалпоғистон, Беруний

– Беруний туманида 28-29 март кунларигача гуллаган ўрикларни совуқ урди, очилмай қолганлари яқинда гуллади. Фақат ўрик дарахтларига зиён тегди, уларнинг 50–60 фоизини совуқ урди, деб ўйлаяпман. Лекин Нукус шаҳрида ўрикларни совуқ урмади. Бу ҳудуддаги ўрик гуллари 28 мартгача очилмаган эди, энди ёппасига гуллаяпти.

Исломбек Султонов, хандон писта бўйича мутахассис. Наманган, Наманган тумани, “Қўрғонча” МФЙ

– Ўрикларимизнинг ҳаммасини совуқ урди. Бизда кеч гуллайдиган озарбойжон бодом нави бор. У ҳозирча яхши турибди, чангланиши яхши. Шафтолилар энди уйғонган. Уларга совуқ таъсир қилмаган. Ўтган йили ҳам шунақа бўлганди. Бодом, ўрик ва шафтолини қисман совуқ урганди. Чунки ўтган йили 3 апрелда ҳарорат -0 даражагача тушиб кетганди.

Муҳриддин Саидмаҳмудов, Тошкент вилояти, Паркент

– Қишнинг илиқ келиши натижасида дарахтлар барвақт уйғоняпти ва баҳордаги об-ҳаво совиши эрта гуллаган дарахтлар гулини тўкяпти. Бу йил ҳам шундай бўлди. Муттасил ёғган ёғинлар феврал ойи охирида қийғос гуллаш циклига ўтган дарахтлар, гулларнинг чангланишига йўл қўймаган бўлса, март ойидаги кетма-кет совуқ бодом, ўрик гулларини нобуд қилди. Уларнинг 5–10 фоиз атрофида гуллари совуқдан омон қолган.

Бу муаммога соҳа мутахассислари ечим топишларини истардик. Балки эрта гуллайдиган ўрик ва бодомнинг янги навларини экиш керакдир. Бу йилни ҳам қўшиб ҳисобласак, Паркентда 4 йилдан бери ўрик ва бодомни совуқ уриши кузатилмоқда, кўпчилик дарахтларини кесиб бошқа мевали дарахтларни экишни афзал кўряпти. Мутахассислардан оддий уй хўжаликлари учун тавсия ва ечимларни кутиб қоламиз.

Бундан ташқари, биз мурожаат қилган Самарқанд, Навоий, Бухоро ҳудудидаги боғбонлар ҳам ўрикларнинг гули энг кўп нобуд бўлганини айтмоқда.

Зуҳра Абдуҳалимова,
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид