Иқтисодиёт | 16:04 / 06.04.2022
45359
7 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда ёғ нархи муаммоси кун тартибига қайтиши мумкин

Россия апрел ойидан кунгабоқар ёғи ва уруғини экспорт қилишга чеклов киритди. Бу – ўсимлик ёғи нархи охирги бир йилда 27 фоизга қимматлашган Ўзбекистон учун навбатдаги муаммоларни туғдириши мумкин. Ўзбекистон ўсимлик ёғига бўлган эҳтиёжининг 40 фоизини импорт ҳисобига қоплайди, импортнинг учдан икки қисми Россия ҳиссасига тўғри келади.

Фото: Kun.uz

Россия ҳукумати мамлакатдаги муҳим қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нархларини барқарорлаштириш чоралари доирасида 2022 йилнинг 1 апрелидан 31 августигача кунгабоқар ва колза уруғларини экспорт қилишга вақтинчалик тақиқ жорий қилди.

Қайд этилишича, кунгабоқар ва колза экспортига қўйилган чекловлар Евросиё иқтисодий иттифоқига кирган мамлакатларга нисбатан татбиқ қилинмайди. Шунингдек, бу маҳсулотларни икки томонлама ҳукуматлараро шартномалар асосида экспорт қилиш ҳам мумкин бўлади.

Шунингдек, 15 апрелдан 31 августгача Россиядан кунгабоқар ёғи экспортига ҳам 1,5 миллион тонналик квота жорий қилинади. Аввалроқ кунгабоқар ёғи экспорти учун бож 1 апрелдан 313 долларгача оширилиши маълум қилинганди.

Шунга ўхшаш чекловлар Украина ҳукумати томонидан ҳам жорий қилинган бўлиб, кунгабоқар ёғи экспорти мамлакат Иқтисодиёт вазирлигининг тегишли рухсатномаси билангина амалга оширилиши белгиланган. Ушбу мамлакатлардаги экспорт тақиқлари Ўзбекистон ички бозорига қандай таъсир қилиши мумкин?

Ўзбекистон ўсимлик мойини қайси давлатлардан импорт қилади?

Расмий статистик маълумотларга кўра, 2021 йилда Ўзбекистонга 313,6 млн долларлик (2020 йилга нисбатан ўсиш – 21,6 фоиз) ўсимлик мойи импорт қилинган. Бу умумий озиқ-овқат маҳсулотлари импортида энг юқори улушга эга бўлган иккинчи турдаги маҳсулот (буғдой ва ун маҳсулотларидан кейин) ҳисобланади.

2021 йилда импорт қилинган ўсимлик мойининг асосий географияси қуйидагича:

  • Россия – 207,6 млн долларлик импорт, 66,1 фоиз;
  • Қозоғистон – 79,5 млн долларлик импорт, 25,3 фоиз;
  • Украина – 8 млн долларлик импорт, 2,55 фоиз.

Кўриниб турибдики, Россия ва Қозоғистондаги вазият Ўзбекистон ички бозорини ўсимлик ёғи билан таъминлашда жуда муҳим аҳамият касб этади.

Ўзбекистон ички бозорининг ўсимлик ёғи импортига боғлиқлик даражаси

“Ўзёғмойсаноат” уюшмаси ахборот хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, ўсимлик ёғига бўлган ички талабнинг 40 фоиздан кўпроқ қисми импорт маҳсулотлар ҳисобига таъминланади.

Ўзбекистонга кунгабоқар хомашёси асосан Қозоғистондан олиб келинади. Жорий йилнинг дастлабки 3 ойидаги кўрсаткичга эътибор қаратадиган бўлсак, Қозоғистондан импорт 90 фоиздан ортиқроқни ташкил қилади. Яъни 1 апрелдан Россия томонидан жорий қилинган тақиқнинг биздаги ишлаб чиқариш жараёнига деярли таъсири мавжуд эмас.

Қозоғистондан хомашё импортида юзага келган кичик муаммолар ҳал қилинди, қўшнилармиз билан келишган ҳолда ҳамкорликни давом эттиряпмиз. Биздан фарқли ўлароқ, Қозоғистонда хомашё кўп етиштирилади, аммо ишлаб чиқариш қуввати у қадар юқори эмас.

Импорт қилинадиган тайёр ўсимлик ёғининг учдан икки қисми эса Россия ҳиссасига тўғри келади. Ҳозир Россиянинг ўзида ҳам ўсимлик ёғи сезиларли даражада қимматлашган, нархлар ошиши бутун дунё бўйлаб содир бўлмоқда”, – дейилади “Ўзёғмойсаноат” ахборотида.

Таъкидланишича, ҳозирда Ўзбекистонда 500га яқин ёғ-мой ишлаб чиқарадиган заводлари бор. Шулардан 100дан ортиғи “Ўзёғмойсаноат” уюшмаси таркибига киради. 2021 йилда умумий ҳисобда 271 минг тонна ўсимлик ёғи ишлаб чиқарилган. Уюшма ҳисоб-китобларига кўра, ички бозорнинг бир йиллик эҳтиёжи 460 минг тоннани ташкил этади. Ўтган йилда хориждан 200 минг тоннадан ошиқроқ миқдорда ўсимлик мойи импорти амалга оширилган.

“Пахта ёғи ишлаб чиқариш учун керак бўладиган хомашё эса тўлиқ ўзимизда етиштирилади. Бу ерда импортга қарамлик мавжуд эмас”, дея Kun.uz'га маълум қилди “Ўзёғмойсаноат”.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 1-чорагида ҳам катта ҳажмда кунгабоқар ёғи хомашёси етиштирадиган давлатларда ҳосилдорлик камайиши ва экспорт қилишдаги муаммолар сабаб Ўзбекистонда ўсимлик ёғи нархи кескин қимматлаб кетганди. Шундан сўнг нархни барқарор сақлаш мақсадида ушбу маҳсулот импорти вақтинча ҚҚСдан озод қилинган. Солиқ имтиёзлари 2022 йил 30 апрелгача давом этади. Бу муддатни узайтириш борасида ҳозирча янгиликлар йўқ.

Кунгабоқар ёғи ишлаб чиқарувчи асосий давлатлар

Охирги йиллардаги статистик маълумотларга қарайдиган бўлсак, Украина ва Россия кунгабоқар етиштириш кўрсаткичлари бўйича ҳам, кунгабоқар ёғи экспорти бўйича ҳам глобал миқёсида етакчи ҳисобланади. Баъзи манбаларда кунгабоқар ёғи экспортининг қарийб 80 фоизи Украина ва Россия ҳиссасига тўғри келиши айтилган. Ушбу мамлакатлардаги нотинчликлар ва ташқи савдога қўйилган чекловлар бевосита жаҳон бозоридаги нархларга ҳам босим қилмоқда.

Украина билан урушдан олдин ҳам Россияда кунгабоқар экспортини бутунлай тақиқлаш ёки квота белгилаш бўйича режалар бўлган. Бундан мамлакатдаги қайта ишлаш қувватларидан сезиларли даражада фойдаланилмаслик оқибатида заводлар иш фаолияти тўхтаётгани (тайёр маҳсулотга нисбатан хомашё импорти улуши йилдан йилга ошаётгани ҳисобига) ва ташқи бозорларда тайёр маҳсулот баҳоси қимматлашишига эришиш (табиийки асосий хомашё етказиб берувчи давлатлардан бирида чекловлар киритилиши бошқа мамлакатларда ишлаб чиқариш ҳажмини камайтиради) мақсадлари кўзланган.

Нега Ўзбекистон ўсимлик ёғи ишлаб чиқариш учун зарур хомашёни ўзи етиштирмайди?

“Ўзёғмойсаноат” уюшмаси раиси ўринбосари Қамар Серкаевнинг Kun.uz'га берган маълумотларига кўра, Ўзбекистонда кунгабоқар етиштириш иқлимий омиллар сабаб кутилган иқтисодий самарани бермайди.

“Мойли ўсимликларни етиштирадиган минтақалар бор, масалан, ҳар қанча ҳаракат қилиб палма етиштирамиз десак ҳам бизнинг минтақада палма ўсмайди. Мойли экинлар ҳам шунақа. Иқлим шароитларидан келиб чиққан ҳолда мойли ўсимликларни етиштиришдан олинадиган самарадорлик Россия, Украина ёки Полшадагидек бўлмайди. Биздаги ҳосилдорлик кам чиқади.

Иккинчи фактор бу – ҳосил ичидаги мой сақлами ҳисобланади. Масалан, Ўзбекистон шароитида кунжут мойдорлиги 50 фоизга етса, Украинада 60 фоизгача. Ўзбекистонда етиштириладиган кунгабоқарнинг мой сақлами 27–30 фоизгача (энг юқори), Россияда 48 фоизгача, Украинада 50 фоиздан ошиқроқ. Шунингдек, уларнинг бир гектардан оладиган ҳосили ўртача 35–40 центнер, бизда 15 центнер. Ўзбекистонда мойли ўсимликларни етиштириш иқтисодий самарасиз бўлса, уни экишга мажбурлаш керак эмас”, – дея тушунтирганди Қамар Серкаев.

Ўзбекистоннинг Украинадан импорти жуда кам улушга эга экани, Россия томонидан киритилган квота чекловлари бўйича ҳали аниқ маълумотлар мавжуд эмаслигини ҳисобга олсак, ички бозорда ўсимлик ёғи нархлари қандай ўзгаришини аниқ прогноз қилиш қийин. Аммо йиллик нисбатда қарайдиган бўлсак ҳам, қарийб бир йил давомида импорт қилишда ҚҚСдан озод қилинган кунгабоқар ёғининг инфляция даражаси 26,9 фоизни ташкил этмоқда.

Мавзуга оид