Ўзбекистон | 07:55 / 16.04.2022
33219
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда қуролланган 18 ёшли йигит ниқобда дўконга бостириб кирди 

Жорий йил 11 апрель куни соат 03:30 ларда номаълум шахс юзига қора рангли ниқоб тақиб, Тошкент шаҳрининг Бектемир тумани, Бектемир шоҳкўчасида жойлашган “5+ market” дўконига харидор сифатида кирган.

Фото: Тергов департаменти

ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, у 25 ёшли сотувчи Н.Д. ухлаб ётганидан фойдаланиб, касса остида бўлган жавондан пулларни олаётган вақтида сотувчи қиз уйғониб қолган.

Ушбу шахс қўлида бўлган пичоқ билан қизга намойишкорона таҳдид қилиб, жавонда бўлган савдодан тушган пулларни олиб беришини талаб қилиб, ўлдириш билан қўрқитган ва ўнг оёқ сон қисмига қўлида бўлган ошхона пичоғини тираб, жавонда бўлган 4 000 000 миқдордаги пулларни босқинчилик йўли билан эгаллаб, ҳодиса жойидан номаълум томонга яширинган.

Олиб борилган тезкор-қидирув ишлари натижасида, ушбу жиноятни Юқори Чирчиқ туманида яшовчи, муқаддам ўғрилик жинояти учун судланган 18 ёшли А.А. содир этгани аниқланиб, ундан бир дона қора рангли ниқоб ашёвий далил тариқасида олинган.

Фото: Тергов департаменти

Мазкур ҳолат юзасидан Бектемир тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан А.А.га нисбатан Жиноят кодекси 164-моддаси 2-қисми “а” банди (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда, дейилади расмий хабарда.

Мавзуга оид