Ўзбекистон | 13:53 / 22.04.2022
21594
2 дақиқада ўқилади

Президент Абдулла Орипов ҳақида фильм ишлаш топшириғини берди 

“Мен у инсонни яхши танирдим. Кўп ҳамсуҳбат бўлганман”, деди давлат раҳбари.

Қашқадарё вилоят халқ депутатлари навбатдан ташқари сессиясида косонлик фаоллар томонидан Абдулла Орипов номи билан боғлиқ танлов уюштириш таклифи билдирилди.

“Бу таклиф менга маъқул. Фақат мен ўзим ҳам бир таклиф билдирмоқчиман , бу танловни аввал Қашқадарё бўйича ўтказайлик. Кейин бутун республика бўйича намуна қиламиз. 

Шу билан бирга бу инсон билан боғлиқ алоҳида топшириғим ҳам бор. Киноусталаримиз Абдулла Орипов ҳаёти ва ижодига оид алоҳида бир фильм ишласин. Абдулла Орипов ҳақида кино ишласак арзимайдими? Арзийди албатта! Мен у инсонни яхши танирдим, Абдулла ака билан кўп ҳамсуҳбат бўлганман. Битта шеър ёзиш учун ўнта китоб ўқирди. “Колумбда бор аламим маним, Ўзбекистон ватаним маним!” деган ўтли сатрлар бекорга туғилмаган.

Бу фильм ортиқча гап-сўзлардан холи, самимий бўлсин. Абдулла аканинг Тошкентга боргани, қийинчиликлар кўргани, шунга қарамай ижодидан чекинмагани кўрсатиб берилсин. Фильм охирида Абдулла Орипов тимсоли ёшларга мурожаат қилсин. Мутасаддиларга бир йилгача муддат – шу фильмни ишлаб, халқимизга тақдим қилинглар”, – дея президент Шавкат Мирзиёев сўзларидан иқтибос келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид