Ўзбекистон | 20:42 / 25.04.2022
13352
3 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Беларусь бош вазири ва Россия саноат вазирини қабул қилди

Ўзбекистон президенти Беларусь бош вазири билан амалий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди, шу куни Россия делегацияси ҳам қабул қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

25 апрель куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шу кунларда Тошкент шаҳрида ўтаётган «ИННОПРОМ. Марказий Осиё» халқаро кўргазмасида Беларусь делегациясига бошчилик қилаётган Беларусь бош вазири Роман Головченкони қабул қилди.

2019 йил август ойида Беларусга қилинган олий даражадаги ташрифда эришилган келишув ва битимларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Кейинги йилларда Ўзбекистон-Беларусь кўп қиррали ҳамкорлиги ривожида юқори суръат кузатилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Жумладан, ўзаро савдо кўркаткичлари барқарор ўсиб, жорий йил бошидан буён 57 фоизга ошди. Иқтисодиётнинг устувор тармоқларида икки мамлакат етакчи корхоналарининг кооперацияси кенгайиб бормоқда.

Учрашувда товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва мутаносиблигини таъминлаш, жумладан, бунга қишлоқ хўжалиги ва саноат маҳсулотларини тўғридан тўғри етказиб бериш, савдо уйлари тармоғини ривожлантириш орқали эришишга алоҳида эътибор қаратилди.

Машинасозлик, электротехника, фармацевтика, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноатида, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги қайд этилди.

Ҳудудлараро ҳамкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш, инновацион дастурлар ва маданий-гуманитар алмашинувни биргаликда қўллаб-қувватлаш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Беларусь ўртасидаги ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича икки мамлакат ҳукуматлари томонидан «йўл харитаси» қабул қилиниши юзасидан келишувга эришилди.

Шу куни Ўзбекистон раҳбари халқаро саноат кўргазмасида иштирок этиш учун Россия делегацияси бошчилигида мамлакатимизда бўлиб турган Россия Федерацияси саноат ва савдо вазири Денис Мантуровни ҳам қабул қилди.

Олий даражадаги келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон-Россия амалий ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, инвестиция дастурларини амалга ошириш ва янги маҳаллийлаштириш лойиҳаларини илгари суриш, икки мамлакат ҳудудлари кооперацияси учрашувнинг асосий мавзуси бўлди.

Машинасозлик, металлургия, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, кимё ва фармацевтика тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шу муносабат билан шу кунларда Тошкент шаҳрида ўтаётган саноат кўргазмаси доирасидаги ишбилармонлик тадбирларининг самарали натижалари мамнуният билан қайд этилди.

Мавзуга оид