Жаҳон | 16:30 / 29.04.2022
33322
7 дақиқада ўқилади

Нюрнберг судлари: Фашизм лидерларининг трибуналга тортилиши

II жаҳон уруши тугаганидан кейин фашистлар Германиясининг сиёсий ва ҳарбий раҳбарлари устидан халқаро суд бошланади. Бу тарихга «Нюрнберг судлари» номи билан кирган. Трибуналда жиноятчилар боши, асосий нацист Адолф Ҳитлер иштирок этмайди: у Берлин тўлиқ эгалланишидан икки кун олдин, 1945 йил 30 апрелда ўз жонига қасд қилганди.

Фото: wikipedia.org

Германия 1939–1945 йилларда Европа бўйлаб уруш олиб бориб, Полша, Чехословакия, Франция, Дания, Норвегия, Югославия, Греция ва Совет иттифоқига бостириб киради. Ўша йиллари немислар европалик яҳудий ва яҳудий бўлмаган 6 миллион одамни ўлдириб юборади. Бундан ташқари, Совет иттифоқининг ўзидан 27 миллион одам ҳалок бўлади.

Фашистларни жиноий жавобгарликка тортиш келишуви

Ўз ҳудудида босқинчилик ҳаракатлари олиб борилаётган давлатлар фашист Германияси раҳбарларини жиноий жавобгарликка тортишни талаб қилиб чиқа бошлайди.

1942 йил декабрда Буюк Британия, АҚШ ва Совет иттифоқи раҳбарлари Германияни жиноий жавобгарликка тортиш ҳақидаги биринчи қўшма декларацияни эълон қилишди. Аммо судни қачон ва қандай ташкиллаштириш масаласида аниқ тўхтамга келинмади. Чунки бунгача уруш жиноятларига қарши халқаро суд қилиш тажрибаси ва унинг аниқ йўналиши деярли йўқ эди.

Фото: wikipedia.org

Бундан олдин уруш жинояти учун қўл билан саноқли суд жараёнлари бўлиб ўтганди. Масалан, Америкада фуқаролар уруши даврида конфедерави армия офицери Ҳенри Вирз ҳарбий асирларга нисбатан ёмон муносабатда бўлгани учун қатл этилган. Яна бир мисол, 1919–1920 йилларда Туркия 1915–1916 йиллардаги арман геноциди айбдорларини жавобгарликка тортиш учун ҳарбий суд ўтказганди. Бироқ уларнинг иккисида ҳам суд бир давлат қонунчилиги асосида амалга оширилган.

Нюрнберг суди эса қонунлари бир-биридан фарқ қилган Франция, Британия, АҚШ ва Совет иттифоқи томонидан ўтказилаётганди.

Берлиндаги сессияда турли миллатлар вакиллари Нюрнберг судлари учун Германия ҳукуматига қарши ўз айблов хулосаларини ўқиб эшиттирмоқда.

Жиноятлар тоифалари

Ниҳоят 4 давлат иттифоқи 1945 йил 8 августда Лондонда Нюрнберг хартиясини имзолайди. Унда жиноятлар 3 тоифага ажратилди:

  • тинчликка қарши жиноятлар (босқинчилик урушлари ёки халқаро шартномаларни бузган ҳолда зўравонлик урушларини режалаштириш, уларга тайёрланиш, бошлаш ёки олиб бориш);
  • уруш жиноятлари (ҳарбий жиноятлар ҳам дейилади – уруш қонун-қоидаларини бузиш, ҳарбий асирларга нисбатан нотўғри муносабатда бўлиш);
  • инсониятга қарши жиноятлар (оммавий қотиллик, қуллик ёки тинч аҳолини депортация қилиш, ёки сиёсий, диний ё ирқий сабабларга кўра қувғин қилиш).

Низомда Германия давлат амалдорлари билан бир қаторда ҳарбий зобитлар ҳам уруш жиноятларида айбланиши мумкинлиги кўзда тутилган.

Совет фуқароларининг оммавий қатл этилиши

Судларни ўтказиш учун Германиянинг Бавария штатидаги Нюрнберг шаҳри танланди. Чунки у ердаги Адлия саройи урушдан нисбатан кам зарар кўрган ва катта қамоқхона ҳудудини ўз ичига олганди. Бундан ташқари, Нюрнберг ҳар йили нацистлар тарғибот митинглари ўтказиладиган жой бўлган.

Урушдан кейинги суд жараёнларини у ерда ўтказиш Ҳитлер ҳукумати – учинчи рейхнинг рамзий якунини англатган.

Нюрнбергдаги Адлия саройи

Ҳукм

Катта жиноятлар учун Нюрнберг суди 1945 йил 20 ноябрдан 1946 йил 1 октябргача давом этган. Суд қилиш тартиб-қоидаларини тузишда иттифоқчи 4та давлат қонунчилиги билан ҳисоблашилган. Судда прокурор ва ҳимоячилар бўлган, қарорлар ва ҳукмларни судялар кенгаши чиқарган. Айбланувчиларга адвокат танлаш ҳуқуқи берилган.

Судда 6та фашист ташкилот жиноятчи деб топилади ва 22 кишига айблов эълон қилинади. Энг машҳур нацистлар Адолф Ҳитлер ва унинг 2 асосий ёрдамчиси Ҳейнрих Ҳиммлер ва Жозеф Геббелс судда иштирок этмайди. Чунки улар уруш якунида ўз жонига қасд қилишганди.

Совет делегацияси аъзосининг трибуналда сўзга чиқиши

Айбланувчилар ва судялар инглиз, француз, немис ва рус тилларида гаплашишарди. Шу сабаб суд жараёнида таржима тизими жорий қилиниб, халқаро телефон станцияларида ишлайдиган аёл ва эркак таржимонлар ёлланади.

Айблов томони жами 110 мингта немис ҳужжатларини ўрганиб чиқади ва 4600та далилни, 30 километрли киноленталар ва 25 минг дона фотосуратни судга тақдим қилган. Ҳаммаси бўлиб, суд мажлисларида 1300 нафар гувоҳ тингланган. 30 мингдан ортиқ ҳужжат тақдим қилинган.

Суд стенограммаси 132 855 варақни ташкил қилган. Ҳукмларнинг умумий ҳажми 3 828 бетга етган.

АҚШ вакиллари далилларни ўрганмоқда

Халқаро трибунал айбланувчиларнинг 2 нафаридан ташқари барчасини айбдор деб топди. Уларнинг 12 нафари ўлим, қолганлари эса 10, 15, 20 йиллик ва умрбод қамоқ жазоларига ҳукм қилинади.

Навбатдаги 12та суд

1945–1946 йиллардаги катта суддан кейин Нюрнбергда 12та қўшимча суд бўлиб ўтади ва 1946 йил декабридан 1949 йил апрелигача давом этади. Энди айбдорларни фашистлар тақдирини ҳал қилган Халқаро трибунал эмас, АҚШ ҳарбий трибуналлари суд қилади. Иттифоқчилар ўртасида пайдо бўлаётган келишмовчиликлар кейинги судларни биргаликда ўтказишга йўл бермаган.

Навбатдаги суд жараёнларининг бири шифокорлар суди бўлиб, 1946 йил 9 декабрдан 1947 йил 20 августгача давом этган. Бунда 23 нафар айбланувчи инсониятга қарши жиноятларда, асирлар устидан тиббий тажрибалар ўтказиб келишда айбланган.

1947 йил 4 декабрдан 5 мартгача судялар суди ўтказилган. Унда 16 адвокат ва судя ирқий тозалаш учун Ҳитлер режасини дастаклашда айбланган.

Кейинги судлар эса қуллар меҳнатидан фойдаланган ва босиб олинган мамлакатларни талон-тарож қилишда айбланган немис саноатчиларига нисбатан кўриб чиқилади. АҚШ раҳбарлигидаги Нюрнберг судларида 12 нафар айбланувчи ўлимга, яна 8 нафари умрбод қамоқ жазосига ва 77 киши турли муддатларга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Халқаро ҳарбий трибунални кузатиб бораётган ОАВ вакиллари

Нюрнберг суди инсониятга нима берди?

Бу суд жараёнлари жиноятчилар жазоланишини истаганлар орасида ҳам зиддиятли масала эди. Масалан, ўша пайтдаги АҚШ Олий судининг раиси Харлан Стоун суд жараёнини «фирибгарлик» деб таърифлаган. Бироқ кўпчилик кузатувчилар суд жараёнларини халқаро ҳуқуқ ўрнатилиши учун олдинга ташланган қадам деб ҳисоблади.

Нюрнберг судидан тўпланган тажриба кейинчалик Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Геноцид тўғрисида»ги конвенцияси ва Умумжаҳон инсон ҳуқуқлари декларацияси, «Уруш тартиб-қоидалари тўғрисида»ги Женева конвенцияси қабул қилинишига олиб келди.

Бундан ташқари, Халқаро ҳарбий трибунал 1946–48 йилларда Токиодаги япон ҳарбий жиноятчилари, 1961 йил фашистлар етакчиси Адолф Эйтмен устидан ва 90-йилларда собиқ Югославия ва Руандада содир этилган ҳарбий жиноятлар учун трибуналлар ташкил этишда фойдали тажриба бўлган.

Мавзуга оид