Жамият | 12:32 / 04.05.2022
16423
4 дақиқада ўқилади

“НАЭСМИ”нинг номи Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси деб ўзгартирилди

18та нодавлат телеканал, 19та радиоканал ва кабел телевидениесига аъзо 100та электрон ОАВни ўз ичига олган Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси ўз номини Ўзбекистон миллий медиа ассоциацияси деб ўзгартирди. Шерзодхон Қудратхўжа раислигида фаолият юритаётган ННТнинг бошқарув кадрлари тайинланди, 2022 йил учун медиа-дастури тасдиқланди.

Фото: ЎзММА

Бугун, 4 май куни Тошкентдаги “Hilton” меҳмонхонасида Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (ЎзЭОАВМА, русча НАЭСМИ)нинг умумий йиғилиши бўлиб ўтди.

Расмий релизга кўра, йиғилишда ассоциация фаолиятини ислоҳ қилиб, унинг номини Ўзбекистон Миллий медиа ассоциацияси деб ўзгартиришга қарор қилинган.

“Ўзбекистон миллий медиа ассоциацияси сифатида майдонга чиқаётган янги тузилма сўз ва овоз аҳли учун янги платформа сифатида вужудга келади”, – дейилади ташкилот ахборотида.

Таъкидланишича, бугун дунё медиа оламида катта ўзгаришлар юз беряпти, соҳада трансформация юз беряпти, анъанавий журналистикадан замонавий, креатив, тезкор журналистикага ўтилмоқда. “Табиийки, бу мураккаб шароит Ўзбекистон медиасига ҳам катта масъулият юкламоқда. Бу халқимизга рост сўзни сифатли, таҳлилий контент орқали етказиш масъулиятидир”, – дейилади расмий релизда.

Фото: ЎзММА

Қайд этилишича, ЎзЭОАВМА республикадаги нодавлат телерадиоканаллар, кабел телевидениеси студияларини қамраб олган энг йирик нодавлат-нотижорат медиа ташкилоти ҳисобланади. Бугунги кунда ЎзЭОАВМА 18 та нодавлат телеканал, 19 та радиоканал, Ўзбекистон кабел телевидениесига аъзо бўлган 100 та электрон ОАВ (шундан 52 таси хорижий каналлар)ни ўз ичига олади.

Йиғилишда сўз олган ассоциация бошқаруви раиси Шерзодхон Қудратхўжанинг сўзларига кўра, янги платформа ўз сафига яна кўплаб янги аъзоларни қабул қилади, медиа вакилларининг мулоқот қиладиган, ўзаро фикр алмашадиган, таъбир жоиз бўлса, синергия майдонига айланади.

“Тўғри, йиллар давомида муаммолардан чарчаган, юрагида гапи тўпланиб қолган одамларнинг гапириб олишлари учун майдон керак эди. Ва сўнгги беш йилда нодавлат теле ва радиоканаллар, босма матбуот, интернет сайтлари бу майдон вазифасини бажариб келмоқда. Навбатдаги босқич медиаконтент тайёрлашда меъдага тега бошлаган кўнгилочар дастурлардан таҳлилий, мушоҳада қилишга ундайдиган кўрсатувларга ўтишимиз, одамларда ҳам шунга меҳр уйғотишимиз керак”, – дейди Шерзодхон Қудратхўжа.

Фото: ЎзММА

Йиғилишда ассоциация бошқаруви раисининг ўринбосари – бош директор лавозимига сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Аброржон Пўлатов тайинланди.

Абдулазиз Абуталипов – ассоциация бош директори биринчи ўринбосари, Улуғбек Аҳмедов – бош директорнинг умумий масалалар бўйича ўринбосари, Нигора Хўжаева бош директорнинг ижодий масалалар бўйича ўринбосари лавозимини эгаллади.

ЎзММАнинг 2022 йилга мўлжалланган “Бирлашиш нуқтаси – Ренессанс” номли медиа-дастури қабул қилинди. Дастур борасида ассоциация бош директори Аброржон Пўлатов ўз фикрини билдирди:

“Келгуси уч ой мобайнида Ренессанс ғоясини яратиш учун миллий манбани аниқлаштириб олишимиз, шу асосда кучли медиа-режага эга бўлишимиз керак. Биз шу уч ой ичида янги контент яратиш учун моддий манба яратмоқчимиз. Яъни вазирликлар, идоралар билан икки томонлама манфаатли кооперацияни йўлга қўямиз. Бундан ташқари, ўзимиз ҳам ҳомийларни топамиз. Бизнинг бирлашув нуқтамиз Ренессанс ғояси ва контентини яратиш бўлиши лозим.

Шу билан бирга, биз ҳамкорлик форматимизни аҳолига расмий ва тўғри маълумотни берадиган матбуот хизматлари билан халқнинг ўртасидаги кўприк сифатида ҳам белгилаб олишимиз керак”.

Йиғилишда “Dasturxon – TV” ва “Biz – TV” онлайн телеканаллари ҳамда “Сиёсат” журнали ассоциация аъзолигига қабул қилинди.

Мавзуга оид