Ўзбекистон | 20:06 / 06.05.2022
7607
7 дақиқада ўқилади

Электротехника тармоғида янги вазифалар белгиланди

Йил охиригача электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми, экспорти ва мисни қайта ишлашни сезиларли кўпайтириш, учта вилоятда Тошкент шаҳридаги “Технопарк” каби кластерлар очиш, мактаблар ва шифохоналарга муқобил энергияда ишловчи сув иситиш тизимларини ўрнатиш, яқинда жорий этилган маиший техникалар маркировкасини қатъий назоратга олиш ва бошқа вазифалар белгиланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Бугун, 6 май куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида электротехника тармоғини ривожлантириш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.

Ютуқлар

Маълум қилинишича, ўтган 5 йил давомида электротехника тармоғида:

  • 465 миллион долларлик инвестициялар ўзлаштирилиб, 163 та янги лойиҳа ишга туширилган;
  • ишлаб чиқариш ҳажми 4 баробарга (4 триллион сўмдан 17 триллион сўмга), экспорт эса 3 баробарга (190 миллион доллардан 565 миллион долларга) ошган;
  • тармоқда иш ўринлари сони 2 баробарга ошиб, 32 мингтага етган.

“Лекин бу ҳали жуда кам. Тараққиёт дастурида 2026 йилга қадар электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 2 бараварга, экспортни 3 бараварга оширишни мақсад қилганмиз.

Келгуси йилларда мис ишлаб чиқариш ҳажми 2 бараварга ошади. Уни ўзимизда чуқур қайта ишлаб, рақобатдош тайёр маҳсулотларни экспортга йўналтириш зарур”, деди президент.

Бунинг учун “таълим – инновация – ишлаб чиқариш – сервис” яхлит занжирини ўз ичига олган саноат кластери ташкил этиш шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йил охиригача ишлаб чиқаришни камида 20 фоизга ошириш вазифаси қўйилди

Давлат раҳбари 2022 йилда ишлаб чиқаришни камида 20 фоизга ошириш вазифасини қўйди. “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси янги лойиҳалар бўйича тинимсиз изланиши шартлиги кўрсатиб ўтилди. Мисол учун, 2021 йилда ўзимизда ишлаб чиқариш мумкин бўлган 1,3 млрд долларлик электротехника маҳсулотлари импорт қилинган.

Жорий йилда 500 минг хонадон ичимлик суви билан таъминланади. Бу, уларга сув иситиш қозони ва қуёш коллекторлари, сув ҳисоблагичлари керак, дегани.

Тошкент ва Наманганда ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқариш бўйича лойиҳаларни бошлашга кўрсатма берилди.

Вилоятларнинг ҳам ўз “Технопарк”лари бўлади

Жорий йилда 250 миллион долларлик 86 та лойиҳани ишга тушириш режалаштирилган. Лекин бу етарли эмаслиги қайд этилди.

“Жиззахда 1 та, Қорақалпоғистон, Қашқадарё ва Сурхондарёда 2 тадан, Бухоро, Наманган ва Хоразмда 3 тадан лойиҳани ишга тушириш бўйича режалар мени қониқтирмайди. Ҳар бир вилоят ҳокимида камида 100 миллион долларлик янги электротехника лойиҳалари бўлиши шарт”, деди президент.

Йиғилишда мутасаддиларга яна 1,5 миллиард долларлик янги лойиҳалар рўйхатини шакллантириш, Самарқанд, Тошкент, Фарғона вилоятлари ҳокимларига Тошкент шаҳридаги “Технопарк” каби электротехника кластерларини йўлга қўйиш топширилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Мисни қайта ишлаш 70 фоизга етказилади

Мисни қайта ишлашни жорий йилда 37 фоиздан 50 фоизга, 2026 йилда 70 фоизга етказиш мақсади белгиланди.

Бунинг учун Оҳангарон туманидаги янги мис кластерида 168 миллион долларлик 12 та лойиҳа доирасида яна 90 минг тонна мисни қайта ишлайдиган қувватлар яратилади.

Ижтимоий объектларга муқобил энергияда ишловчи сув иситиш тизимлари ўрнатилади

Йиғилишда муқобил электр энергияси лойиҳаларини маҳаллий бутловчи қисмлар билан таъминлаш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Шунингдек:

  • хонадонларга муқобил энергияда ишлайдиган сув иситиш тизимини ўрнатиш харажатлари 30 фоизгача қоплаб берилади;
  • боғча, мактаб, касалхона ва бошқа ижтимоий объектларда муқобил энергияда ишлайдиган сув иситиш тизимларини, кўчаларда эса, қуёш энергиясида ёритиш мосламаларини ўрнатиш бўйича алоҳида дастур қабул қилинади.

Бу мақсадларга ҳар йили камида 100 миллиард сўм йўналтирилади.

Электротехника экспорти учун 1 млрд долларлик марра

Йиғилишда экспорт ҳажмини 2023 йилда 1 миллиард долларга етказиш муҳимлиги қайд этилди.

“Мисол учун, биргина қўшни давлатлар йилига ўзимизда ишлаб чиқариш мумкин бўлган 6 миллиард долларлик электротехника маҳсулотларини импорт қилади. Лекин, ушбу давлатлар импортида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар улуши 5 фоизга ҳам етмайди”, деди Шавкат Мирзиёев.

Экспортни ошириш учун божхона ҳудудида қайта ишлаш тизимини маиший техника мисолида йўлга қўйиш топширилди.

Шунингдек, тайёр маҳсулот экспортини кенгайтириш учун Электротехника жамғармасига 20 миллиард сўм ажратилади.

Маркировка бўйича назорат кучаяди

Ички бозорга сифатсиз ва ноқонуний электротехника маҳсулотлари кириб келишининг олдини олиш мақсадида:

  • эски трансформаторлар импортига чек қўйиш;
  • маиший техникалар маркировкаси тизимини жорий этишни қатъий назоратга олиш вазифаси қўйилди.
Фото: Президент матбуот хизмати

Research & Development

Йиғилишда электротехника тармоғида изланиш ва ривожлантириш (R&D) бўйича алоҳида дастур амалга оширилиши таъкидланди.

Бунда, тармоқ мутасаддилари ва корхоналари йил якунига қадар:

  • “Электроаппарат” (муқобил энергетика ва кучланиш ускуналари бўйича изланишлар), “Технопарк” (мураккаб қолиплар), “Артел” (маиший техника янги моделлари), “Узкабель” (янги изоляция материаллари ва кабель) негизида 4 та R&D марказини ташкил этади;
  • ушбу марказларга малакали хорижий ва маҳаллий мутахассислар жалб қилинади;
  • марказлар учун Инновация жамғармасидан 10 миллиард сўм грантлар ажратилади.

Молия вазирлигига R&D марказларини қўллаб-қувватлаш учун уч йил муддатга:

  • мол-мулк ва ер солиқлари бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизини тўлаш;
  • ижтимоий солиқ ставкасини 1 фоиз миқдорида белгилаш бўйича қонун лойиҳасини киритиш топширилди.

Етакчи хорижий компанияларни жалб қилиб, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ҳузурида Лойиҳалаш ва инжиниринг марказини ташкил этиш вазифаси қўйилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Кадрлар тайёрлаш

Йиғилишда келгуси уч йилда тармоқ учун 4 минг нафар олий ва 14 минг нафар ўрта маълумотли мутахассислар зарур бўлиши таъкидланди.

Мисол учун, биргина Самарқандда ишга тушириладиган корхоналарда 2022 йилда 1 200 нафар мутахассисга эҳтиёж мавжуд.

Шунинг учун Тошкент шаҳридаги Радиотехника коллежи, Самарқанд ва Чирчиқ хизмат кўрсатиш техникумлари, Фарғона электротехника коллежи “Ўзэлтехсаноат” уюшмасига бириктирилиши белгиланди.

Бир ой муддатда Тошкент давлат техника университети ва бошқа олийгоҳларнинг электротехника бўйича ўқув дастурларини тўлиқ қайта кўриб чиқиш топширилди.

Йиғилиш якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тармоқ ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботи эшитилди.

Мавзуга оид