Жаҳон | 14:39 / 06.05.2022
10191
2 дақиқада ўқилади

Тўқаев Қозоғистоннинг Мисрдаги элчисига ҳайфсан берди

Дипломат Facebook саҳифасидаги постида «СССР ва мустамлакачи Россия давридаги баҳсли жой номларидан» воз кечишга чақирган.

Фото: KazTag

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев давлат хизматчилари ахлоқ кодекси талабларига риоя қилмагани учун мамлакатнинг Мисрдаги элчиси Кайрат Лама Шарифга ҳайфсан берди, деб хабар қилди InformBuro.kz.

«Президент Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон Республикаси давлат хизматчилари ахлоқ кодексининг 9-моддаси талабларига риоя қилмагани учун Қозоғистоннинг Миср Араб Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Кайрат Каирбекули Лама Шарифга ҳайфсан эълон қилди», — дейилади хабарда.

Кодекснинг ушбу моддасига кўра, давлат хизматчилари «давлат сиёсатининг асосий йўналишларига мос келмайдиган» фикрларини оммавий тарзда билдирмаслиги керак.

KazTag агентлигининг ёзишича, дипломат 3 март куни Facebook саҳифасидаги постида «СССР ва мустамлакачи Россия давридаги баҳсли жой номларидан» воз кечишга чақирган. Ҳозирда ушбу пост ўчириб ташланган.

Шариф республика пойтахти номини Нур-Султондан Остонага қайтариш, Алматини Олмаота деб ўзгартиришни таклиф қилган. Унинг фикрича, Қозоғистон номини ҳам «Қозоқ давлати» деб ўзгартириш керак.

Мавзуга оид