Жаҳон | 21:16 / 12.05.2022
45851
9 дақиқада ўқилади

Мариуполнинг сўнгги қалъаси. «Азовстал» ҳимоячилари суратларда

«Азовстал» - Мариуполнинг россиялик ҳарбийлар томонидан эгалланмаган сўнгги қисми. Шаҳар март ойи бошидан қамал қилинганди. Украинларнинг «Азов» полки жангчилари икки ойдан ошиқ вақт давомида «Азовстал»да мудофаани ушлаб туришибди.

«Азовстал» заводи учун жанг қарийб икки ойдан буён давом этмоқда — россиялик ҳарбийлар ушбу ҳудудни олиш учун март ойи ўрталарида ҳаракат бошлаганди. Ҳозирда завод — амалда эгаллаб бўлинган Мариупол шаҳридаги украин ҳарбийлари қаршилигининг сўнгги қалъасидир. Апрел ойи охирида Владимир Путин штурмни бекор қилишга буйруқ берганди, аммо «Азовстал» мудофаачилари доимий равишда янги зарбалар ҳақида хабар бериб келишмоқда — заводни эгаллаш учун ҳаракатлар давом этмоқда. Май ойи бошида халқаро ташкилотлар иштирокида ҳудуддан тинч аҳоли вакиллари эвакуация қилинди, 8 май куни эса комбинатни ҳимоя қилаётган «Азов» полки жангчилари «самарали мудофаа учун барча ресурслар» сарфлаб бўлинганини маълум қилди. Батальоннинг телеграм-каналида ярадор жангчилар фотосуратлари эълон қилинди ва «цивилизация дунёси»дан уларни эвакуация қилишда ёрдам сўралди: «Дунё Мариуполнинг ярадор ва майиб бўлган ҳимоячилари қандай шароитларда эканини кўриши ва ҳаракат бошлаши керак».

Украина ҳукумати, БМТ ва Қизил Хоч саъй-ҳаракатлари билан завод ҳудудида яширинган юзлаб тинч аҳоли вакилларини эвакуация қилишга муваффақ бўлинди. Эндиликда «Азов» жангчилари ҳам ёрдам кутишмоқда. Улар катта йўқотишларга учраган, озиқ-овқат ва бошқа ресурслар тугамоқда.

«Азов» бўлинмаси 2014 йил майида Мариуполда 70 нафар кўнгилли томонидан тузилган. Ўша йил сентябрига келиб бўлинма полкка айланган, ноябрда эса Украина миллий гвардияси таркибига ўтказилган. Айни вақтга келиб «Азов» полки жангчилари сони 800 нафар атрофида.

Стратегик порт

Украинага босқиннинг илк кунларидаёқ россиялик ҳарбийлар ва ДХР айирмачилари асосий эътиборни Мариуполни эгаллашга қаратди. Қарийб ярим миллион аҳоли яшаган бу шаҳар нафақат Азов денгизидаги муҳим порт, балки сиёсий аҳамиятга эга шаҳар ҳам эди.

2014 йил май-июн ойларида, украин кучларининг айирмачиларга қарши аксилтеррор амалиёти вақтида Украина армияси ва кўнгиллилар батальони шаҳарни қайтариб олади. Ўша вақтдан буён иккита металлургия гиганти (Ильич номидаги комбинат ва «Азовстал») ҳамда бир машинасозлик заводи («Азовмаш») билан осуда яшаб, ривожланиб келаётганди.

2022 йил март ойи бошидаёқ Россия қўшинлари Мариуполни барча томондан қуршаб олди ва уни денгиздан узиб қўйди. Шаҳар мудофаасида «Азов» полки, 36-денгиз пиёдалар бригадаси, шунингдек чегарачилар, полициячилар ва Украина хавфсизлик хизмати ходимлари қатнашди.

Мариуполни қамал қилган РФ армияси ва ДХР айирмачилари апрел ойи ўрталарида украин кучларини деярли барча қаршилик ўчоқларидан сиқиб чиқаришди, жумладан денгиз порти ва Ильич номидаги заводдан ҳам.

Шу билан бирга қамал вақтида шаҳар деярли буткул вайрон бўлди: Украина ҳукумати маълумотига кўра, артиллерия ва авиация зарбалари оқибатида биноларнинг 90 фоизи бузилган, 25 минг атрофида тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлган.

Апрел ойи ўрталарида украиналик денгиз пиёдаларининг бир қисми шаҳар шимолидаги Ильич номидаги заводдан қуршовни ёриб ўтиб, жанубда жойлашган «Азовстал»ни ҳимоя қилаётган «Азов» полки билан бирлашди.

Шу билан бирга, Россия мудофаа вазирлигига кўра, бу бўлинманинг катта қисми - минг нафар атрофидаги пиёда асир тушган. Кейинроқ бригада командири Владимир Баранюк ҳам асирликда экани маълум бўлди.

Шу тариқа, Россия асосий эътиборини «Азовстал» учун қаратиш имконига эга бўлди ва бу ҳудуд деярли ҳар куни ўққа тутила бошланди. «Улар [россияликлар] бункер учун бомбалар ташламоқда, ракеталар учирмоқда, артиллериянинг барча турларини қўлламоқда, қуруқликдан ҳам, денгиздан ҳам ўққа тутмоқда», деганди «Азов» полки командири Денис Прокопенко.

«Азовстал» қандай жой?

«Азовстал» - қарийб 100 йиллик тарихга эга металлургия гигантидир. У Кальмиус дарёсининг чап соҳилида улкан майдонни эгаллаган. Комплекс дарё ва Азов денгизи ўртасидаги соҳилда жойлашган. Завод ўз юк ташиш порти ва кенг ер ости коммунал тизимига эга ҳисобланади.

«Азовстал» металлургия комбинатининг 2005 йил сентябридаги кўриниши. Фото: ''SCM'' / ТАСС

Бу корхонани қуриш қарори 1930 йилда СССР Халқ хўжалиги Олий кенгаши Президиуми томонидан қабул қилинган. Қулай географик ўрни заводга темир рудасини етказиб беришда денгиз транспортидан фойдаланиш имконини берган. 1931 йилда заводнинг илк бинолари ва денгиз портини қуриш бошланган. Икки йил ўтиб «Азовстал» чўяннинг илк партиясини олади.

1941 йил кузида, шаҳарга фронт линияси яқинлашиб келганида кўплаб технологик агрегатлар Уралга кўчирилган. Немис қўшини 1941 йил 8 октябрида Мариуполни эгаллаган, 1943 йил сентябрида улар чекинишидан олдин завод ер билан яксон этилган: улар асосий объектларни портлатиб юборишган.

1945 йилда заводда ишлаб чиқариш тикланади. Корхона тез ривожланади ва металлургия маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича Европадаги етакчи заводлардан бирига айланади. 1996 йилда «Азовстал» украиналик миллиардер Ринат Ахметовнинг «Метинвест» компаниялар гуруҳи таркибига киради. Россия босқинига қадар бу ерда 10 минг атрофида одам ишлаган.

Заводнинг умумий майдони - 11 квадрат километр атрофида. Таққослаш учун - бу Киев областидаги Бородянка шаҳрининг умумий ҳудудидан икки баробар ёки Ватикандан 25 баробар катта.

Комбинат март ойи ўрталарида ўққа тутила бошланди. Россия томони «Азовстал» ҳудудида «биокимёвий лабораториялар» бўлиши мумкинлигини айтишганди.

«Азовстал»нинг 2022 йил апрел ойи ўрталаридаги кўриниши
Анатолий Жданов / Коммерсантъ

Корхона бош директори Энвер Цкитишвили буни сафсата деб атаган. «Мариуполдаги барча корхоналаримиз Россия Украинага бостириб кирган биринчи ҳафтадаёқ тўхтаб қолди. Металлурглар ишлаб чиқариш жараёнида қўллайдиган кимёвий реактивлар 25 февралдаёқ йўқ қилинган. «Азовстал»да биокимёвий лабораторияларга эга ҳеч қандай махфий туннеллар йўқ», деган у.

Комбинат ҳудудида советлар даврида барпо қилинган бомбапанагоҳ тизими мавжудлиги туфайли юзлаб тинч аҳоли вакиллари шу ерда яширинади.

Украина ИИВ раҳбари маслаҳатчиси Антон Герашченконинг маълумотига кўра, бундай бошпаналар авиация бомбаларига бардош берадиган қилиб қурилган. Аммо Россия армияси заводга бир неча тонналик бомбаларни ташлаган.

Жангчиларни қутқариш учун ҳаракатлар

Украина вице-премьери Ирина Верешчукнинг баҳоларига кўра, «Азовстал»да минг нафар атрофида ҳарбий бор ва уларнинг вазияти кундан кунга ёмонлашмоқда, кўпчилик ярадор.

Завод ҳудудида дала ҳоспитали ташкил этилган. Эълон қилинган фотосуратларга кўра, у ерда мураккаб жарроҳлик амалиётлари ҳам ўтказилмоқда, хусусан ярадорларнинг қўл ёки оёқлари кесилган.

Интернетда БМТни «азовчилар»ни завод ҳудудидан олиб чиқиш бўйича ҳаракатларни кучайтиришга чақирувчи петиция эълон қилинган. Ҳозиргача бу петиция бир ярим миллиондан ортиқ имзо тўплаган.

Мариупол ҳимоячилари таслим бўлиш ниятида эмасликлари, шаҳардан фақат учинчи давлат кафолати асосида ўз қуроллари билан чиқишлари мумкинлигини айтишмоқда.

Чоршанба куни «Азов» полки командири Денис Прокопенко ва яна бир жангчи Арсений Федосюкнинг рафиқалари Екатерина ҳамда Юлия Ватиканда Рим папаси Франциск билан учрашди. Айрим маълумотларга кўра, завод ҳудудида юз нафарга яқин тинч аҳоли вакиллари ҳам қолаётган бўлиши мумкин.

Москва патриархатининг Украина православ черкови Патриарх Кириллга Мариупол ҳимоячилари олиб чиқилиши учун йўлак ташкил этишда ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат қилган.

Россия пропагандасининг «Азов» полки жангчилари доим тинч аҳоли ортига бекингани ҳақидаги даъволарига жавобан кўпчилик «Азовстал» мудофаачилари тинч аҳоли вакиллари тўлиқ (ёки деярли тўлиқ) эвакуация қилинганидан кейин ёрдам сўраганига эътибор қаратади.

Катта эҳтимол билан «Азовстал»да малакали шифокорлар ҳам бор.

Ирина Верешчукнинг маълум қилишича, Киев Москвага «Азовстал» заводида қамалда қолаётган ярадор украиналик ҳарбийларни асирдаги россияликларга алмаштиришни таклиф қилган.

Сўнгги маълумотларга кўра, айни вақтда заводдаги оғир ярадор бўлган 36 жангчини олиб чиқиш бўйича «мураккаб музокаралар» кетмоқда.

«Ҳозир биз фақат 38 нафар оғир ярадор бўлган жангчилар бўйича музокара олиб бормоқдамиз. Қадамба қадам ишлаяпмиз. Дастлаб 38 кишини алмаштириш керак, кейин навбатдаги қадам ташланади. Ҳозир айрим нашрларда айтилаётгани каби 500 ёки 600 кишини алмаштириш ҳақида гап йўқ», деган Верешчук.

Мавзуга оид