Жамият | 08:33 / 12.05.2022
28859
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда Nexia каналга тушиб кетди. Уч киши вафот этди

Ҳайдовчи каналга тушиб кетган Nexia’дан чиқиб қочиб кетган. Машина ичида бўлган уч киши эса ундан чиқа олмай вафот этган.

Фото: Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати

Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 8 май куни соат 02:40 ларда Тойлоқ туманида жойлашган Бадал қишлоғидан ўтган маҳаллий йўлда одамлар ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Самарқанд туманида яшовчи ҳайдовчи Nexia билан кетаётиб бошқарувни йўқотган ва машина каналга тушиб кетган. Оқибатда унинг салонида бўлган Самарқанд тумани Пули Муғоб маҳалласида яшовчи 15 ва 16 ёшли икки нафар вояга етмаган ўсмирлар ҳамда 29 ёшли йигит вафот этган.

Дастлабки суриштирувда аниқланишича, ҳайдовчи машинани бошқара олмай каналга тушириб юборгач машинадан чиқиб қочиб кетган, яна бир йўловчи эса ундан омон чиқишга муваффақ бўлган.

Қайд этилишича, ҳодиса юзасидан Тойлоқ тумани ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Жиззахда содир бўлган ЙТҲда бир киши вафот этган яна тўрт киши жароҳатланган, Сурхондарёда мультирадар ўрнатилган Cobalt иштирокида содир бўлган ЙТҲда 6 ёшли бола вафот этганди.

Мавзуга оид