Ўзбекистон | 20:37 / 16.05.2022
24277
2 дақиқада ўқилади

ХТВ мактаб таъмири учун ота-оналардан пул йиғиш ноқонуний эканини эслатди

Мактабларни янги ўқув йилига тайёрлаш ва инфратузилмасини яхшилашга маҳаллий ҳокимликлар масъул саналади, ота-оналардан мажбурий пул йиғимларига йўл қўйилмайди, деб маълум қилди Халқ таълими вазирлиги.

Фото: KUN.UZ

“Ўқув йилининг сўнгги кунларида ота-оналардан мактаб таъмири учун пул йиғилаётганлиги юзасидан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.

Президентнинг тегишли фармон ва қарорларида умумтаълим мактабларини янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёрлаш, таъмирлаш ва инфратузилмасини яхшилашга маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари шахсан масъул эканлиги белгилаб қўйилган.

Қонунчиликда умумий ўрта таълим олиш бепул эканлиги кафолатланганини инобатга олиб, мактаблардаги ҳар қандай мажбурий йиғимлар ноқонуний эканлигини маълум қиламиз”, дейилади вазирлик хабарида.

Вазирлик агарда мактабларда ноқонуний пул йиғиш ҳолатларига дуч келинса, 71 202-09-09 ишонч телефон рақамига хабар беришни сўрамоқда.

Қайд этилишича, мактабларга беғараз ҳомийлик қилиш истагида бўлган фуқаролар буни қонуний йўл билан, яъни ҳомийлик маблағларини мактабнинг ҳисоб рақамига ўтказган ҳолда расмийлаштиришлари мумкин. Ҳозирги кунда мактабларда Кузатув кенгашлари фаолият юритмоқда. Кузатув кенгашига ўқувчиларнинг ота-оналари, собиқ битирувчилар, ўқитувчи ва бошқалар сайланиши мумкин.  Кузатув кенгаши аъзолари бюджетдан ажратилган ҳамда қўшимча ишлаб топилган маблағларни самарали ва мақсадли сарфланишини назорат қилиш ваколатига эга.

Мавзуга оид