Жамият | 14:56 / 17.05.2022
18952
3 дақиқада ўқилади

Оққўрғонда 32 нафар боғча боласининг заҳарланиши бўйича суд бошланмоқда

Тергов 6 кишига айб эълон қилган. Улар орасида боғча раҳбари ва ҳамширасидан ташқари, 4 нафар шифокор ҳам бор. Айбланувчилар 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин. Воқеа овқатдан заҳарланиш экани тасдиқланган.

Фото: Kun.uz

2021 йилнинг августида, тиббиёт ва жамоатчилик коронавирусга қарши курашни давом эттираётган бир вақтда Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида содир бўлган воқеа барчани ларзага солди. Тумандаги 5-сонли боғчада илк маълумотларга кўра 25 нафар, тўлдирилган маълумотларда 32 нафар бола овқатдан заҳарлангани хабар қилинди.

Давлат раҳбари топшириғига кўра бош прокурор туманга ташриф буюриб, вазиятни назоратга олди. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди.

Kun.uz манбасининг хабар беришича Тошкент вилояти ИИББ тергов бошқармаси томонидан олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари якунланиб, иш мазмунан кўриб чиқиш учун Оққўрғон туман судига ўтказилган.

Иш бўйича жами 6 нафар шахсга жиноят кодексининг турли моддалари билан айблов эълон қилинган. Жумладан:

  1. М.Н., боғча директори лавозимида ишлаб келган, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) 3-қисми «а» банди, 257-1-моддаси (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 2-қисми ва 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 2-қисми «а,г» банди билан;
  2. Қ.Х., боғча ҳамшираси лавозимида ишлаб келган, ЖКнинг 116-моддаси (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 4-қисми “б” банди ва 257-1-моддаси 2-қисми билан;
  3. Т.А., Оққўрғон тумани Тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимида реаниматолог шифокор лавозимида ишлаб келган, ЖКнинг 116-моддаси 3-қисми билан;
  4. Ж.С., туман Тиббиёт бирлашмаси юқумли касалликлар бўлимида шифокор лавозимида ишлаб келган, ЖКнинг 116-моддаси 4-қисми “б” банди билан;
  5. М.Ш., туман Тиббиёт бирлашмаси шошилинч тиббий ёрдам бўлимида навбатчи педиатр шифокор лавозимида ишлаб келган, ЖКнинг 116-моддаси 3-қисми билан;
  6. М.А. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент вилоят филиали Реанимация бўлими болалар анестезиолог-реаниматологи лавозимида ишлаб келган, 116-моддаси 3-қисми билан айбланмоқда.

Воқеа фонида, шу боғча тарбияланувчиларидан бири 2 августдан 7 августгача шифохонада бўлиб, вафот этган, ўлимга сабаб қилиб пневмония касаллиги кўрсатилган.

Kun.uz танишган тергов хулосасида ёзилишича, воқеа овқатдан ўткир заҳарланганиш бўлгани тасдиқланган.

Оққўрғонда содир бўлган воқеа санитария-гигиена соҳасида, хусусан боғчаларда болаларни овқатлантириш бўйича жиддий муаммолар борлигини кўрсатиб бергани билан эътиборли. Чунки аксарият таълим муассасалари ҳам, таъминотчи ташкилотлар ва санитария назорати вакиллари ҳам шу тумандаги сингари фаолият юритишади.

Мавзуга оид