Ўзбекистон | 22:10 / 26.05.2022
45907
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда олигархия вужудга келиши хавфи юқори — Жаҳон банки

Ўзбекистонда якка ўзининг манфаатини кўзловчи шахсларнинг давлат ҳокимиятида катта таъсирга эга бўлиши хавфи 2025 йилга бориб ўзининг энг юқори чўққисига чиқади, дея тахмин қилмоқда Жаҳон банки. Халқаро экспертлар постсовет давлатлари тажрибасидан келиб чиқиб айтишича, олигархлар таъсирининг ошишида ерни ва давлат корхоналарини хусусийлаштириш жараёнлари асосий ўрин тутади.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон иқтисодиёти ўтиш босқичидаги бошқа мамлакатлардан давлатнинг халқ олдидаги ҳисобдорлиги ва унга бўлган ишонч даражаси бўйича ортда қолмоқда. Бу ҳақда Жаҳон банки ҳисоботида қайд этилган.

Экспертларга кўра, сўнгги пайтлардаги ислоҳотларда молиявий шаффофликни таъминлаш, коррупцияни камайтириш, фуқаролар фаоллигини ошириш, матбуот эркинлигини кенгайтириш, суд-ҳуқуқ ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, сайланадиган органларнинг назорат ваколатларини кучайтиришга эътибор қаратилмоқда. Бу йўналишдаги натижалар ҳам сезиларли бўлган, лекин ишларнинг дастлабки ҳолати жуда заиф ва тугалланмаган.

Қайд этилишича, маҳаллий ҳокимият органлари жавобгарлигини кучайтириш бўйича ишлар анча суст кечган.

Ўзбекистоннинг юқори даражада марказлашган маъмурий модели маҳаллий амалдорлар учун ҳудуд эҳтиёжлари ва фуқароларнинг фикр-мулоҳазаларини қондириш учун чекланган рағбатларни яратади, дейилади ҳисоботда.

Жаҳон банки докладида ёзилишича, 2025 йилга бориб Ўзбекистонда жамият манфаати эмас, якка ўз манфаатини кўзловчи шахсларнинг ҳокимиятни эгаллаб олиш хавфи юқори чўққига чиқиши мумкин. Постсовет мамлакатлари, хусусан, Россия ва Украина тажрибаси шуни кўрсатадики, кўпинча олигархларнинг пайдо бўлиши ислоҳотлар жараёнининг иккита муҳим босқичида рўй беради:

  • давлат назоратини қисқартириш ва ерларни давлат тасарруфидан чиқаришда;
  • давлат корхоналарини хусусийлаштиришда.

Юқоридаги иккала босқични ҳам Ўзбекистон яқин йилларда босиб ўтиши айтиляпти, бу борадаги ишлар бошлаб юборилган.

Жаҳон банки хулосасига кўра, собиқ СССР мамлакатларида ўтиш даври иқтисодиётидан олинган сабоқлар одатда икки хил манфаатдор томонлар мавжудлигини кўрсатади:

  • хусусийлаштириш натижасида пайдо бўладиган янги ресурслар устидан назоратни қўлга киритиш истагидагилар;
  • бугунги кунда устун мавқега эга ва ислоҳотлар жараёнига тўсқинлик қилишдан манфаатдор гуруҳлар.

Тўпланган маълумотлар Ўзбекистонда юқоридаги ҳар иккала хавф даражаси ҳам юқори эканини кўрсатган.

Жаҳон банкига кўра, алоҳида ва яширин имтиёзлар – давлат ҳокимияти устидан таъсирга эга бўлишдаги энг муҳим инструментлар қаторида туради.

“Бошқа постсовет мамлакатларида бўлгани каби, Ўзбекистонда ҳам ҳукумат қарорлари билан шаффоф бўлмаган имтиёзлар орқали баъзи тадбиркорлик субъектларини анъанавий тарзда солиқ ва божхона мажбуриятларидан озод қилиш уларнинг ресурслардан имтиёзли фойдаланишига имконият яратилмоқда. Ҳатто потенциал рақобатчилар учун аниқ янги тўсиқларни юзага келтириш ҳолатлари кузатилган.

Ушбу имтиёзлар ҳақидаги маълумотларнинг баъзилари расмий давлат нашрларида эълон қилинса-да, кўп келишувлар, айниқса молиявий рағбатлантириш билан боғлиқ бўлганлари, яширин тарзда муҳокама қилинади ва ошкор этилмайди. Бу эса бошқа бизнес вакиллари учун рақобатчиларнинг бозордаги ҳақиқий фойда кўламидан хабардор бўлиш имкониятини бермайди”, дейилади Жаҳон банки ҳисоботида.

Таъкидланишича, бу тартибларнинг тўлиқ ошкор этилиши – ҳукумат томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим элементидир.

Кузатувчиларга кўра, 2017 йил январ ойида ҳукумат давлат фаолиятидаги ошкораликни ошириш ва давлат хизматида коррупцияга қарши курашишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни жорий қилган, давлат хизматида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиш қонун билан тақиқланган бўлса ҳам, бу ҳолатлар учраб турибди.

Халқаро экспертларнинг қайд этишича, Ўзбекистонда жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши қонунчилик Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги энг кам ислоҳ қилинган бўлиб, мамлакат бу борада дунёдаги энг ёмон уч давлат қаторига киради. Бошқа ўтиш давридаги мамлакатлардан олинган сабоқлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва кучли суд тизими муҳимлигини кўрсатади.

Мавзуга оид