Жаҳон | 09:27 / 02.06.2022
20930
2 дақиқада ўқилади

Абрамович, Фридман ва Авен Евроиттифоқ кенгашини судга берди 

Россиялик ишбилармонлар Роман Абрамович, Михаил Фридман ва Петр Авен Украинада уруш бошланганидан кейин уларга нисбатан санкциялар жорий этган Европа иттифоқи кенгаши устидан Европа иттифоқи судига даъво аризаси билан мурожаат қилди.

Фото: Picture Alliance

«Челси» футбол клубининг собиқ хўжайини Роман Абрамович, шунингдек, Alfa Group концернининг ҳаммуассислари Михаил Фридман ва Петр Авен Европа иттифоқининг уларга нисбатан қўйган санкцияларини бекор қилишни талаб қилмоқда, дея хабар берди Франциянинг AFP ахборот агентлиги 1 июнь, чоршанба куни Европа иттифоқи судига таяниб.

Суд вакилининг сўзларига кўра, «Россиянинг Украинадаги вазиятни беқарорлаштирувчи ҳаракатлари билан боғлиқ чеклов чоралари» устидан шикоят бўйича қарор Умумий суд томонидан чиқарилади. Бу Европа иттифоқи суди таркибидаги қуйи инстанция судидир.

31 май куни Delfi.lv интернет нашри бизнес ҳамкорлар ҳисобланган Петр Авен ва Михаил Фридман 23 ва 24 май кунлари мос равишда ЕИ судига Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатлари муносабати билан 2022 йил 28 февраль куни уларга нисбатан санкциялар жорий этган ЕИ кенгашига қарши даъво аризаси билан мурожаат қилгани ҳақида ёзган эди. Суд маълумотлар базасига кўра, Роман Абрамовичнинг даъвоси 25 май куни берилган. Учала суд жараёнида иш юритиш тили сифатида француз тили кўрсатилган.

Россиялик тадбиркорларга нисбатан қўлланилган чекловлар Европа иттифоқига киришни тақиқлаш ва уларнинг Европа иттифоқи ҳудудидаги активларини музлатиб қўйишни назарда тутади. 

Мавзуга оид