Жамият | 15:28 / 10.06.2022
22138
4 дақиқада ўқилади

Қарийб ярим асрдан кейин ўқишини давом эттираётган 70 ёшли нукуслик талаба

Шинигул ая Дўсхўжаева 70 ёшида Нукусдаги олийгоҳларнинг бирида таҳсил олмоқда. У бундан салкам ярим аср олдин ўқишга кирган. Гуруҳидаги курсдошлари орасида 22 ёшли невараси ҳам бор.

Илм олишнинг эрта-кечи йўқ, бешикдан то қабргача илм изла, дейди доно халқимиз. Бугун ҳикоя қилмоқчи бўлган қаҳрамонимиз ҳам ана шундай инсонлардан. Шинигул ая Дўсхўжаева 70 ёшда. У Ўзбекистон давлат маданият ва санъат институти Нукус филиалининг 3-босқич талабаси. Бундан 46 йил олдин, 1979 йилда маданият соҳасида ўқиш учун Тошкентдаги олий таълим муассасасига ҳужжатларини топширган. Оилавий сабаблар билан олий таълимни 2-курсдан ташлаб кетишга мажбур бўлган. Шинигул ая орадан қарийб ярим аср ўтса ҳам олий тоифали маданият ходими бўлиш орзусидан воз кечмади ва 70 ёшида талабалар билан бирга ўқияпти.

Шинигул ая Дўсхўжаева олийгоҳда Соз асбоб ижрочилиги йўналиши бўйича таҳсил олмоқда. Фарзанди тенги ўқитувчилар унга соз асбоб чалиш сирларини ўргатишмоқда. Шинигул ая қорақалпоқ миллий чолғу асбоби Мўйноқ ала дуторини чалишни яхши кўради. Неваралари тенги талабалар билан ҳар куни машқ қилади. Гуруҳдаги курсдошлари орасида 22 ёшли невараси Меҳрибан Дўсхўжаева ҳам бор. Буви ва невара ҳар куни эрталаб ўқишга бирга келиб кетишади. Дарс жараёнлари ва машғулотларда ҳам бирга бўлишади.

Бугун қаҳрамонимизда ўтган давр талабалари ва ҳозирги талабаларни солиштириш имкони бор. Шинигул ая бундан салкам 50 йил олдинги ва ҳозирги талабалар ўртасидаги фарқларга тўхталди. Аянинг бизга айтишича, 50 йил олдинги талабалар билимга анча чанқоқ бўлган.

Очиғи, 70 ёшли талабани унча-мунча ўқитувчи ҳам кўрмаган бўлса керак. Шунинг учун бўлса керак, Шинигул ая билан ҳар куни ўқиш давомида қизиқарли ҳолатлар юз беради.

Ҳар қандай невара ҳам бир гуруҳда, бир босқичда ўз бувиси билан ўқишини орзу қилса керак. Аммо бу ўзига хосликнинг биз билмаган қирралари ҳам бор. Шинигул ая билан бирга таҳсил олаётган невараси Меҳрибан Дўсхўжаева барчаси қандай бошлангани, ўқишдаги ажойиб ҳолатлар ҳақида гапириб берди.

Меҳрибан Дўсхўжаеванинг айтишича, аянинг шу ёшга чиқиб яна ўқишни давом эттириши маҳалла, кўча-кўйда анча гап-сўз ҳам бўлган.

Невара қиз Шинигул аянинг дарсга қандай бориб келиши, ўқиш жараёнлари ҳақида гапирди. Меҳрибаннинг айтишича, бошида опанинг ўқишни давом эттиришига оиладагилари қарши чиққан.

Шинигул аянинг икки нафар фарзанди, 8 нафар невараси бор. Она шу вақтгача ёлғиз боши билан бор эътиборини фарзандлари, невараларини олий маълумотли қилиб, уйли-жойли қилишга қаратган.

Бошида аяга шу даражада босим бўлганки, маҳалладагилар 70 ёшга чиқиб ўқийсанми, дуторингни нариги дунёга бориб чертасанми, деган гапларни айтишган. Аммо қаҳрамонимиз бу гап-сўзларга эътибор бермади. Мақсади - ёшларга ўрнак бўлиш.

Қаҳрамонимиз шу вақтгача бирон марта ҳам ўқишга кечикмаган. Ҳар куни дарс бошланишидан ярим соат олдин келиб, машғулотларга тайёрланиб ўтиради. Ўқишнинг дастлабки кунлари ўқитувчилар аяни ҳатто дарс жараёнини текшириш учун келган “махсус комиссия” деб ўйлашган.

Шинигул ая бу билан тўхтаб қолмоқчи эмас. Ая билан суҳбатимиз якунида унинг келаси мақсадларига қизиқдик. 70 ёшли талабанинг бундан кейинги мақсади ҳам бизни ажаблантирди. У бакалавр даражасини ўқиб тугатгач, магистратурада ҳам ўқимоқчи.

Бирни кўриб шукур қил, бирни кўриб фикр қил, дейишади. Ая билан суҳбатлашиб, анча нарсани қайта мулоҳаза қилдик. 70 ёшида илм олишдан тўхтамаётган Шинигул аядан ёшларнинг ҳам, катталарнинг ҳам ўрганадиганлари кўп, назаримизда.

Шуҳрат Саидаҳмадов, Kun.uz мухбири

Монтаж устаси –Абдусалим Абдувоҳидов

Мавзуга оид