Ўзбекистон | 12:57 / 13.06.2022
4931
2 дақиқада ўқилади

Учқудуқда номаълум турдаги мушуксимон ҳайвон ушланди

Кўриниши мушукка ўхшаб кетувчи ҳайвонни 2022 йилнинг 12 июн куни туман ободонлаштириш бошқармаси овчиси фуқаронинг мурожаати асосида унинг хонадонидан тутиб олган. Уни кимдир Россиядан олиб келган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда. 

Фото: Учқудуқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Туман ҳокимлиги ахборот хизматининг Kun.uz’га хабар беришича, кеча, 12 июн куни туман марказидаги намунавий уйларда яшовчи фуқаролардан бири ободонлаштириш бошқармасига мурожаат қилиб, хонадонига номаълум турдаги ҳайвон кириб қолганини билдирган. Воқеа жойига бошқарманинг қаровсиз ва дайди ҳайвонларни овлаш бўлими овчиси етиб борган ва ҳайвонни ушлаган. Ҳозирда у махсус қафасда сақланмоқда.

Маълум қилинишича, номаълум ҳайвоннинг ташқи кўриниши ва овози мушукка ўхшаб кетади. Бироқ қулоқлари каттароқ ва бутун танаси туксиз, думи ҳам бошқачароқ.

Фото: Учқудуқ тумани ҳокимлиги ахборот хизмати

Мутахассислар бу ҳайвон мушукнинг бир тури экани ва уни бирор бир фуқаро Россиядан олиб келган бўлиши мумкинлигини айтишмоқда. Ҳақиқатдан ҳам номаълум ҳайвон ташқи кўриниши билан сфинкс зотли мушукка жуда ўхшайди. Бу турдаги мушуклар эса Ўзбекистонда деярли учрамайди. 

Олдинроқ Асака туманида номаълум махлуқ юздан ортиқ қўйни бўғизлаб кетганди.

Мавзуга оид