Жамият | 18:07 / 29.06.2022
62011
6 дақиқада ўқилади

“Тонировка”: Энди рухсатнома муддати узайтирилиб, жарима камайтирилиши керак

Президент кўпчилик кутган янгиликни эълон қиларкан, аҳамиятини йўқотган қоидаларни бекор қилиш ишлари давом этиши, “бу ҳали бошланиши” эканини айтди. Шундан келиб чиқиб, бу мақолада автоойналарни қорайтиришнинг бошқа қатор нюанслари бўйича ўз таклифларимизни билдириб ўтамиз.

Фото: Getty Images

Ниҳоят, автомобиллар ойнасини қорайтиришга чекловлар президент топшириғи билан анча юмшатилди: орқа ён ойналарни қорайтириш бепул бўлди, олд ён ойналар учун рухсатнома тўлови анча арзонлашди.

Ҳа, “тонировка” гап-сўзсиз аллақачон текин бўлиши керак эди. Айниқса, машиналарнинг орқа ён ойналарини қорайтириш. Чунки орқа ён ойналарнинг қорайтирилиши чиндан ҳам ёзнинг жазирамасида қуёшнинг тиғидан тўсишга ёрдамлашади, қолаверса – ҳайдовчига ўтирган ўрнидан машинани бошқаришда теварак-атрофни кузатишда асло халақит бермайди.

Шу пайтгача машиналарнинг фақат орқа ойнасини рухсатномасиз қорайтириш мумкин эди. Бироқ ўша ойнанинг қорайтирилиши ёки парда тақилиши ҳайдовчининг ўтирган ўрнидан кўзгу орқали орқани кузатишга халақит беради. Нега уни қорайтириш текин-у, ҳайдовчи деярли қарамайдиган орқа ён ойналар текин эмас? Бу ҳам мантиқсизлик эди. Бунга президент қарори билан барҳам берилди.

Салондаги орқа ён ойналарни қорайтириш текин бўлиши йўловчиларни ва сайёҳларни ташувчи микроавтобуслар ва таксилар, айниқса жамоат транспортида ҳам одамларга қулайлик яратади.

Қолаверса, “тонировка”га рухсат бериш текин бўлгани билан, ойналарга плёнка ёпиштириш пулли. Текин бўлгач, талаб ҳам ортади ва бу ўз-ўзидан нархлар ўсишига олиб келади. Аҳоли анча-мунча харажат қилади. Бу харажатга қўшимча равишда бир йиллик рухсатнома учун ҳам ҳақ тўлаш адолатсизлик эди.

Қолаверса, Ўзбекистонда орқа ойналарга қуёшдан тўсиш учун парда ўрнатиш мумкин. Бу кўплаб суд жараёнларида амалдаги тартиб-қоидаларга зид эмаслиги ўз исботини топиб бўлган. Парда мумкин бўлган жойга тонировка плёнкасини ёпиштириш мумкин бўлмагани кулгили-да.

Олд ойналарни қорайтириш

Масаланинг иккинчи томони бор. Шахсан мен машина ойналарининг барчасини тўлиқ тонировка қилиш бепул бўлишига қарши эдим (якунда шундай бўлиб чиқди ҳам).

Ҳа, автомашина орқа эшиги ойналарини қорайтириш жуда кўп давлатларда текин. Масалан, ҳар томонлама бизга энг яқин давлат – Қозоғистонда ҳам текин. Олд ён ойналарни қорайтириш эса кўп давлатларда мумкин эмас. Фақат кортежда иштирок этадиган, маёқчали машиналарда тўлиқ тонировкага рухсат берилган.

Энг аввало, машина олд эшиклари ойнасини қорайтириш – ҳайдовчининг бошқариш ўрнидан теваракни кузатишга халақит беради. Айниқса, тунги вақтларда. Қолаверса, ҳозирда машиналар заводданоқ барча ойналарининг шаффофлиги 30 фоизга сўндирилган ҳолатда чиқмоқда.

Шу сабабли, машинанинг олд эшиклари ойнасини қорайтиришда шаффофлик 50 фоиздан пасаймаслигини қатъий назорат қилиш лозим бўлади. Яъни олд эшик ойналари заводдан 30 фоиз қорайтириб чиқарилган машиналарга бор-йўғи 20 фоизлик плёнка ёпиштирилиши лозим бўлади.

Жарима ва тўловлар масаласи

Айни пайтда ойналарни қорайтириш учун берилган бир йиллик рухсатнома муддати ўтгач, у зудлик билан узайтирилмаса, 25 БҲМ – 7,5 млн сўм жарима тўланади. Рухсатсиз “тонировка” учун ҳам шу жарима.

Шу пайтгача олд ён ойналарни қорайтириш учун 15 млн сўм, орқа ён ойналар учун эса 1,5 млн сўм атрофида тўлов қилинаётган эди. Олд ойналар учун бу жарима мантиқли кўринса-да, орқа ойналар “тонировкаси” учун жарима мутаносиб равишда кам бўлиши керак эмасми? 1,5 млн сўмлик рухсатнома муддати ўтса ҳам 7,5 млн жарима! Бунақаси ҳеч бир давлатда йўқ эди.

Жарима миқдори ҳам қайта кўриб чиқилиши лозим бўлади албатта. Айтайлик, 3 БҲМ миқдорида.

Айни пайтда “тонировка” учун рухсатнома бир йил муддатга берилади. Лекин бир йил – ҳаш-паш дегунча ўтиб кетадиган муддат. Шу сабабли тонировка учун рухсатномани 5 йилгача бирйўла тўлаш мумкин қилиб белгилаш лозим. Ҳайдовчи истаса, тўловнинг 5 йиллигини бирдан тўласин, бунда унга қандайдир чегирма (айтайлик, 30 фоиз) берилсин.

Айниқса, шу йил май-июн ойларида тонировка учун қимматроқ пул тўлаганлар пулига куйиб қолмаслиги керак. Уларга қўшимча тўлов билан рухсатномани чўзиш имкони яратилса яхши бўларди. Масалан, орқа ён ойналарни қорайтириш учун 1,5 млн тўлаганларга пулни-ку қайтариб бўлмас, бироқ уларга яна 900 минг сўм тўлаб, тўлиқ тонировка учун рухсатнома олиш имконияти яратилиши керак. Ёки 15 млн тўлаганларга 7 йилгача рухсатномаси чўзиб берилиши лозим.

Россия Давлат думаси куни кеча ифлосланган давлат рақамлари, уйда унутиб қолдирилган ҳужжатлар, бурилиш чироқчаларидан нотўғри фойдаланиш учун жаримани бекор қилиб, огоҳлантириш жорий этди.

Бизда ҳам шу каби қоидабузарликлар, бунга қўшимча равишда суғурта, “тонировка” рухсатномаси муддати ўтган бўлса, машинани бошқараётган кишига жарима қўллаш, машинасини жарима майдончасига киритиш ўрнига огоҳлантириш бериш керак. Ҳозир ҳамма ЙПХ ходимларида планшет бор. Қоидабузарлик аниқланганда огоҳлантириш берилгани қайд этиб қўйилсин – олам гулистон.

Агар ҳайдовчи қайд этилган огоҳлантириш олганидан сўнг кейинги бир ой ичида қоидабузарлик бартараф этилмаса, белгиланган жаримани қўллаш керак.

Яъни олд эшик ён ойналари 50 фоиздан кўпроқ қорайтирилган машиналарга ҳам бир марта огоҳлантириш бериш керак, шундан сўнг у 1 ой ичида олд ойнасини бошқатдан тонировкадан қилмаса, жарима қўлланса арзийди.

Бу масалада ҳамма томонни эътиборга олиб, етти ўлчаб бир кесиш керак. Йўлларда ҳаракат хавфсизлиги, инсонларнинг ҳаёти масаласи ҳам борлиги унутилмасин. Чунки “бетон” тонировка қилинган автомобиллар йўлларда бошқаларга беписанд, йўл ҳаракати қоидаларини менсишмайди, авариялар ва унга элтувчи ҳолатлар келтириб чиқаришаётгани ҳам бор гап. Бу борада ҳам изланишлар ва назоратни тўхтатмаслик керак.

Шуҳрат Шокиржонов,
журналист

Мавзуга оид