Жаҳон | 11:06 / 30.06.2022
12143
2 дақиқада ўқилади

Филиппинда диктатор Маркоснинг ўғли президент сифатида қасамёд келтирди

Кичик Фердинанд Маркос Филиппиннинг 17-президенти сифатида қасамёд келтирди. Родриго Дутертенинг қизи Сара Дутерте-Карпио вице-президент этиб сайланди.

Фото: Picture Alliance

Филиппинда собиқ диктатор Фердинанд Маркоснинг ўғли Филиппин президенти бўлди. 30 июнь, пайшанба куни Бонгбонг Маркос номи билан танилган кичик Фердинанд Маркос 17-давлат раҳбари сифатида қасамёд келтирди. Тантанали маросим Маниладаги Миллий тасвирий санъат музейида юзлаб таниқли меҳмонлар, жумладан, хориждан келганлар иштирокида бўлиб ўтди.

64 ёшли кичик Маркос 9 май куни бўлиб ўтган сайловда ғалаба қозонди. Президент Родриго Дутертенинг қизи Сара Дутерте-Карпио вице-президент бўлди ва 9 июнь куни қасамёд келтириб, 30 июнь куни лавозимига киришди.

Дутертенинг олти йиллик авторитар бошқарувидан сўнг, ҳуқуқ ҳимоячилари, католик черков вакиллари ва сиёсатшунослар кичик Маркос президентлик лавозимида янада авторитар курсни танлаши мумкинлигидан хавфсирамоқда. Сайлов кампаниясида у оиласининг ўтмишдаги шафқатсизлиги ва коррупциясини қоралашдан бош тортди.

Катта Фердинанд Маркос 1965-1986 йилларда Филиппиннинг 10-президенти бўлган. Халқ қўзғолони натижасида у оиласи билан АҚШга қочиб кетган ва у ерда уларга сиёсий бошпана берилган. 1989 йилда собиқ диктатор Ҳавайида вафот этди. 2016 йилда оила Филиппинга қайтиб келгач, кичик Маркос вице-президентлик учун сайловда қатнашди ва Лени Робредога имкониятни бой берди. Жорий сайловда диктаторнинг ўғли ўзининг асосий рақиби Робредодан икки баравар кўп овоз тўплаб, ишончли ғалабага эришди.

Кўплаб шов-шувли ҳаракатлари ва баёнотлари билан танилган Родриго Дутерте ўтган йилнинг октябр ойида сиёсатдан кетишини эълон қилган эди.

Мавзуга оид