Жамият | 10:37 / 30.06.2022
50619
7 дақиқада ўқилади

Кондиционерни қандай қилиб тўғри ишлатиш керак? - Мутахассиснинг 4 та тавсияси

Ёзда кондиционерсиз яшай олмаймиз. Бу электроника дўконларида энг кўп сотиладиган мавсумий маҳсулотдир. У жазирамадан сақланиш имконини беради, аммо хавф туғдириши ҳам мумкин. Ҳа, агар фойдали ва ёқимли кондиционер тўғри ишлатилмаса, муаммолар манбаи бўлади.  

Фото: ecoline-air.ru

Кондиционернинг ижобий ва салбий томонлари

Бошқа ҳар қандай технология сингари, кондиционер ҳам ўзининг афзалликлари ва камчиликларига эга. Сотиб олишдан олдин, уни диққат билан ўрганиб, барча ижобий ва салбий томонларини тарозида тортиш керак.

Кондиционернинг ижобий томонлари

  1. Хонада ёқимли ҳароратни юзага келтиради
  2. Хонани иситади
  3. Хавфсиз
  4. Қўшимчасига ҳавони намлайди, фильтрлайди

Кондиционернинг салбий томонлари

  1. Шамоллаш хавфини юзага келтиради
  2. Нохуш ҳидларни йўқотмайди
  3. Хонани шамоллатмайди

Кондиционер ҳақиқатан ҳам хонани вентиляция қилиш функциясига эга эмас, лекин уни шамоллаб қолишда айбламанг. Томоқ оғриғи ва бурун оқиши айёр машинанинг ҳийласи эмас, балки ҳарорат режимига риоя қилмаслик оқибатидир. Қуйида бунинг қандай қилиб олдини олиш мумкинлиги ҳақида тавсиялар берамиз.

1. Кондиционер хонани вентиляция қилмайди

Кондиционер кўп ишлатиладиган биноларда карбонат ангидрид миқдори кескин ошиб кетади. Чунки, ёпиқ дераза ва эшиклар шароитида кондиционер хонани шамоллатмайди.

Мижозлар кондиционер кўчадаги тоза ҳавони совитиб, ичкарига киритади ва аксинча, хонадаги эскирган ҳавони ташқарига чиқариб юборади деб ўйлашади. Аммо ундай эмас.

Кондиционер хонадаги ҳавони айлантиради. Унинг самарали совитиши учун дераза ва эшикларни ёпамиз. Хонада нафас олаётганимизда кислородни ютиб, карбонат ангидридни чиқарамиз. Агар хона вентиляция қилинмаса, зарарли газ тўпланиб қолади.

Агар хонада узоқ вақт қолсангиз, карбонат ангидриднинг ортиқча миқдоридан енгил бош оғриғи, умумий ҳолсизлик, тез чарчаб қолиш ва диққатнинг пасайиши, кечаси эса уйқу бузилиши билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлиши мумкин.

Хонани вентиляция қилинг. Кондиционерни бироз ўчириб қўйинг ва деразаларни очинг.

Баъзи замонавий кондиционерларда хонани шамоллатиш функцияси бор, аммо бу етарли эмас. Хонани барибир вентиляция қилишга тўғри келади.

2. Кондиционерни +18° дан паст ҳароратга ўрнатиш шарт эмас

Кондиционердан фойдаланишда юзага келадиган кенг тарқалган муаммо - бу гипотермия ва у билан боғлиқ нохушликлар, масалан, шамоллаш. Шубҳасиз, «кондиционер тагида ўтириб, бўйнимни шамоллатибман» сўзлари сизга таниш.

Pinterest.com

Квартираларда ўрнатиладиган кондиционерлар +18° ва +20° оралиғида қулай ҳароратни ўрнатади ва сақлайди. Бундан ҳам паст ҳароратни ўрнатиш нафақат шамоллашга олиб келади, балки ортиқча юклама билан ишлаётган кондиционерни эрта ишдан чиқаради.

Нима қилиш керак? Шамоллашдан сақланиш учун совуқ ҳаво оқимини жалюзи билан ён томонга йўналтиринг. Совуқ ҳаво оқими остида узоқ вақт қолиб кетманг.

Кондиционерга ортиқча юклама бўлмаслиги учун, керакли қувватни олдиндан ҳисобланг. Бу хонанинг майдонига қараб белгиланади. Ўрнатувчи усталар буни ҳисоблашда ёрдам бериши мумкин.

3. Касал бўлмаслик учун ҳарорат режимига риоя қилинг

Баъзида аввалги қоида ишламайди ва одам барибир касал бўлиб қолади. Шунинг учун яна бир маслаҳат: ҳароратни ўрнатишда ташқаридаги об-ҳавони ҳисобга олишни унутманг. Хона ҳарорати ташқи ҳаво ҳароратидан 5-7˚C паст бўлиши керак, кўп эмас.

Масалан, ташқаридаги ҳарорат +30˚C бўлса, таваккалга қўл урмасдан, хонани +25˚C га совитиш керак. Агар бундан ҳам паст даражада совитсангиз, аввалига сизга салқин ва қулай бўлади, лекин албатта организмга зарар етказасиз. Ҳатто шамоллаб қолишингиз ва бунда кондиционерни айблашингиз мумкин.

Кечаси ҳарорат режимини 1-2˚C га ошириш керак, чунки уйқу пайтида инсон танаси иссиқликни тежайди ва уни атроф-муҳитга камроқ тарқатади.

Кондиционерларнинг баъзи замонавий моделларида «уйқу режими» бор. Унинг ёрдамида белгиланган ҳарорат маълум бир вақтда автоматик равишда кўтарилади. Агар бундай режим бўлмаса, уни қўлда қилиш осон.

4. Кондиционерни мунтазам тозалаш керак

Яна бир муаммо шундаки, фойдаланувчилар кондиционер фильтрларини мунтазам тозалашни унутишади ва ички блок қопқоғи остида чанг тўпланади. Чангнинг тўпланиши барча турдаги бактериялар учун қулай муҳитдир. У жуда кўп аллергенларни, аллергия ривожланишига ҳисса қўшадиган моддаларни ўз ичига олади. Бундан ташқари, жуда ифлос фильтр кондиционернинг ортиқча юклама остида ишлашига олиб келади. Бу эса хизмат муддатини қисқартиради.

Pinterest.com

Нима қилиш керак? Кондиционер фильтрларини иложи борича тез-тез тозалаш керак. Уйдаги кондиционерни тозалаш қийин эмас. Замонавий кондиционерларда икки турдаги фильтрлар ўрнатилади: ҳаво электростатик ва углерод. Ҳаво фильтри чанг ва ғуборлардан ҳимоя қилувчи нозик металл тўрдир. Ушбу фильтр алмаштиришни талаб қилмайди - уни ойига бир марта олиб, илиқ сувда ювиш ёки чангютгич билан тозалаш кифоя.

Иккинчи углерод фильтри тамаки тутунини, ҳидларни йўқ қилади ва майда чанг зарраларини ушлаб қолади. Уни алмаштириш вақти келганини кондиционернинг олд панелидаги индикатор орқали билиш мумкин. Агар бундай индикатор бўлмаса, шаҳар марказида яшасангиз, 3-4 ойлик муддатга эътибор қаратинг.

Ташқи блокнинг фильтрлари чангютгич билан тозаланади. Агар кўп қаватли бинонинг юқори қаватларида яшасангиз, буни ўзингиз қилманг, мутахассис чақиринг.

vsekondicioneri.ru

Кондиционернинг ишлаш муддатини қандай узайтириш мумкин?

Кондиционернинг ишлаш муддатини узайтириш жуда оддий - йўриқномада кўрсатилган барча тавсияларни диққат билан ўқиб чиқиш ва уларга амал қилиш керак:

  • Хонанинг майдонига тўғри келадиган кондиционерни танланг ва ўрнатинг. Бунда мутахассис масалаҳатини олинг.
  • Фильтрларни мунтазам тозаланг ёки алмаштиринг, уларни тиқилиб қолишдан сақланг.
  • Кондиционерни ортиқча юклама билан ишлатманг. Ишлаб чиқарувчи томонидан тавсия этилган ҳарорат оралиғидан фойдаланинг.
  • Очиқ эшик ва деразалар билан кондиционерни ёқманг - бу электр энергияси ва қурилма ресурсларини беҳуда сарфлашдир.
  • Йилда бир марта техник кўрикдан ўтказинг, совитувчи суюқлик ҳажмини текширтиринг.

Кондиционердан оқилона фойдаланинг ва у сизни узоқ вақт давомида хурсанд қилади.

Нурмуҳаммад Саид тайёрлади.

Мавзуга оид