Ўзбекистон | 20:23 / 01.07.2022
29739
5 дақиқада ўқилади

Деновдаги портлаш ишида айбланганларга суд ҳукми ўқилгани маълум бўлди

2 кишининг ўлими ва 9 кишининг жароҳатланишига сабаб бўлган ҳодиса бўйича Денов шаҳар газ таъминоти бўлими бошлиғи ва икки нафар ходими айбдор деб топилган. Воқеага портлаган бино остидан ўтган газ қувуридаги носозлик сабаб бўлган, деб топилган. Портлаш оқибатида етказилган жами зарар 28,6 млрд сўмга баҳоланган.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

2021 йил 7 декабр куни Деновдаги “INDENIM” савдо мажмуасида содир бўлган портлашга айбдор саналган шахслар устидан 2022 йил 28 апрел куни жиноят ишлари бўйича Денов туман судида ҳукм ўқилган. Бу ҳақида бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Kun.uz'га маълум қилди.

Ҳукмга кўра “Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали Денов шаҳар газ таъминоти бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган Б.Қурбонов Жиноят кодексининг 205-моддаси 2-қисмининг “а” банди (жуда кўп миқдорда зарар етказган ҳолда мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 207-моддаси 3-қисмининг “а” банди (мансабга совуққонлик билан қараш оқибатида одам ўлишига сабаб бўлиш) билан айбли деб топилган.

Унга нисбатан узил-кесил 3 йил 7 ой 11 кун озодликни чеклаш жазоси тайинланиб, сутканинг кеч соат 22:00 дан эрталаб соат 06:00 га қадар яшаш жойидан чиқиши чекланган.

Тергов ва суд жараёнида қамоқда бўлиб турган Б.Қурбонов ҳукм эълон қилингач, тергов ҳибсхонасидан озод қилинган.

“Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали қурилиш ва монтаж бошқармаси электргазпайвандчи вазифасида ишлаган Н.Усанов Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисмининг “а, б” бандлари (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик одамлар ўлимига ва бошқача оғир оқибатларга сабаб бўлиши) ва 214-моддаси 3-қисмининг “в” банди (Давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи хизматчисининг қонунга хилоф равишда моддий қимматликлар олиши ёки мулкий манфаатдор бўлиши – бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб) билан айбли деб топилиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

“Ҳудудгаз Сурхондарё” газ таъминоти филиали “Деновшаҳаргаз” бўлими газ тақсимлаш пунктлари бўйича чилангари А.Нарзуллаев ҳам Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисмининг “а, б” бандлари 214-моддаси 3-қисмининг “в” банди билан айбли деб топилган. Унга ҳамкасбидан фарқли ўлароқ 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган. Бу муддат ичида у сутканинг соат 22:00 дан эрталаб соат 06:00 га қадар бўлган вақтида яшаш жойидан чиқиш ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Иш тафсилотларидан маълум бўлишича, айбланувчилар истеъмолчиларни “Giper Market Indenim” МЧЖ фойдаланувдаги савдо маркази биноси остидан ётқизилган, яроқсиз ҳолга келиб қолган ва фойдаланишдан чиқарилган 50 мм ҳажмдаги газ қувурини тегишли қоидаларга кўра яроқлилиги, мустаҳкамлиги ва босимга бардошлилигини текширмасдан, ўз касбига нисбатан бепарволик ва инсофсизларча муносабатда бўлган ҳолда “Денов” ариғи ёнидан ўтган, 1,3 кг/см2 босимли, ҳаракатдаги 76 мм диаметрли газ қувурига улаб қўйган.

Натижада 2021 йил 6 декабрдан 7 декабрга ўтар кечаси “Giper Market Indenim” МЧЖ фойдаланувида бўлган савдо маркази биноси остидаги фойдаланишдан чиқарилган ва яроқсиз қувурдаги ёриқлардан сизиб чиққан жуда кўп миқдордаги табиий газ бино ичига тўпланиб, 7 декабр соат 03:50да кучли портлаш юзага келган.

Оқибатда бино ичида ва атрофдаги биноларда бўлган А.Жумаев, С.Камолов, И.Астанақулов, А.Дўланов, Ф.Омонова, К.Турдиев, У.Саидов, А.Равшанова, К.Раҳимов, Х.Маматқулов ва Ў.Шамановлар турли даражадаги тан жароҳатлари олиб вафот этишган.

Портлаш оқибатида:

  • 35 та хўжалик юритувчи субъектларнинг товар моддий бойликларига 6 млрд 359 млн сўмлик;
  • 91 та нотурар жойларга 17 млрд 964 млн сўмлик;
  • 109 та якка тартибдаги турар жойларга 3 млрд 929 млн сўмлик,
  • 64 та кўп қаватли турар жойларга 135 млн 412 минг сўмлик;
  • 10 нафар шахсларнинг автотранспорт воситаларига 260 млн 792 минг сўмлик;
  • жароҳатланган фуқароларни даволашга 10 млн 790 минг сўмлик, жами 28 млрд 659 млн сўмлик жуда кўп миқдорда зарар етган.

Мавзуга оид