Ўзбекистон | 15:15 / 03.07.2022
27911
3 дақиқада ўқилади

«Ижтимоий биноларга ҳам ҳужум қилинган» — Kun.uz мухбири Нукусдаги вазият ҳақида

Нукусда намойишчилар томонидан ижтимоий биноларга ҳам ҳужум қилинган, айни вақтда вазият яхши томонга ўзгарган. Бу ҳақда Қорақалпоғистон воқеалари билан боғлиқ вазиятни ёритиш мақсадида Нукусга етиб борган Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Фото: Kun.uz

Kun.uz мухбири Илёс Сафаров айни вақтда Қорақалпоғистон маркази Нукус шаҳридаги вазият тўғрисида маълумот берди.

«Бу ерда фавқулодда ҳолат режими амалда. Кўчада кўплаб ҳарбийларни кўриш мумкин. Ички ишлар ходимлари ҳам кўп. Айрим жойларда блокпостлар ўрнатилган, айрим фуқаролар паспорт режимида текшириб кўрилмоқда.

Кўчаларда бир неча ўн нуқтада автомобил баллонлари ёқилган, шунингдек битта катта юк машинаси ёқиб юборилган», дея хабар беради мухбир.

Мухбир айни вақтда тарқалаётган видеолар 1-2 июл куни олинган тасвирлар эканини, бу кунлардаги намойишлар вақтида ижтимоий биноларга ҳам ҳужум қилинганини, айни вақтда шаҳарда ҳеч қандай тартибсизликлар йўқлигини таъкидлаган.

«Бир неча одам билан гаплашдим. Президент Мирзиёев келиб, фаоллар, овулбошилар, зиёлилар ва расмийлар билан гаплашганида, Конституциядаги Қорақалпоғистонга алоқадор 70-75-моддаларда ўзгариш бўлмаслигини айтганидан кейин вазият чиндан ўзгарган.

Ҳозир ҳеч қанақа норозилик намойишлари, кўча юришлари йўқ. Нукус кўчалари тинч. Тўғри, ҳарбийлар бор, фавқулодда ҳолат режими экани сезилади. Лекин вазият тинч.

Одамлар велосипедда ўз юмуши билан йўлда юрибди, дўконлардан бозорлик қилиб уйига қайтяпти. Вазият тинч, лекин хавотирли нигоҳларни ҳам сезиш мумкин. Икки кунлик намойишлардан кейин одамлар ўзига келиши осон эмас. Руҳий таъсири бор, барибир.

Одамлар билан гаплашяпмиз. Уларнинг айтишича, кеча, ундан олдинги куни фуқаролар ва ҳарбийлар ўртасида келишмовчиликлар, кичик-кичик тўқнашувлар бўлган. 

Бу кеча ва ундан олдинги кунги воқеалар. Бугун эса вазият тинч. Бунақа намойишлар бўлаётгани йўқ.

Мен билан гаплашишга рози бўлган йўловчилардан бири тинч аҳоли бундай жанжал-тўполонлар бўлишини истамаслигини айтди. «Биз ўзбек билан қорақалпоқлар бир халқмиз. Шунча вақт тинч яшаб келдик. Билмайман, булар қаердан бошланиб кетди», деган гапларни айтяпти.

Умуман олганда, тинч аҳоли бунақа ҳолат, уруш-жанжал бўлишини хоҳламайди. Улар тинч яшаб келган, бундан кейин ҳам тинч яшашни хоҳлашади», дея хабар беради Нукусдан мухбир.

Мавзуга оид