Ўзбекистон | 11:17 / 06.07.2022
13510
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрида янги археологик ёдгорлик топилди

Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Ибрат маҳалласида ўтказилган археологик кузатув-қидирув ишлари натижасида қадимий сопол идишлар ва ғиштлар топилди.

Фото: academy.uz

Чирчиқ дарёсининг ўнг томонида, дарё ўзанидан 220 метр узоқликдаги «Чангаллик» қабристони шимоли-шарқдан жануби-ғарбга қадар чўзилган. Унинг узунлиги 390 м, кенглигининг қисқа жойлари 75 м, энг кенг жойи эса 125 м. Қабристоннинг ўртасида баландлиги 2 метр, ер майдони 0,44 гектар келадиган тўртбурчак шаклдаги тепалик ажралиб туради. 

Тепалик кўздан кечирилганда унинг археологик ёдгорлик ўрни экани аниқланган. Тепалик сиртидан IX-X асрларга оид бўлган сирланмаган, қора бўёқли, тирнаб безак берилган сопол идиш намуналари ва 20х20х35 сантиметр ҳажмдаги пишган ғиштлар топилган.

Шунингдек, тепаликда араб ҳарфлари ўйиб ёзилган мармартошлар аниқланган. Қабртошдаги ёзувларга қараганда улар ҳижрий 1295, 1313 ва 1317 йилда вафот этган шахсларга атаб қўйилган. Милодий йил ҳисобида бу XIX асрга тўғри келади.

Бундан ташқари, қабристон қоровули томонидан топилган кўзача ҳам давлат музейига топшириш учун олинган.

Топилмалар «Чангаллик» қабристонининг археологик ёдгорлик эканини, IX-X асрларда қишлоқ ўрни бўлганини, XIX асрдан бошлаб қабристон вазифасини ўтаб келаётганини кўрсатган.

Мавзуга оид