Жаҳон | 09:38 / 13.07.2022
5769
3 дақиқада ўқилади

Дунёда 800 миллиондан ортиқ одам очарчиликка дуч келгани маълум қилинди

Қуролли тўқнашувлар, иқлим ўзгариши ва COVID-19 пандемиясининг оқибатлари туфайли дунёда 811 миллионга яқин одам оч қолмоқда, дея хабар берилди Welthungerhilfe йиллик ҳисоботида.

Фото: Reuters

Россиянинг Украинага бостириб кириши ва у билан боғлиқ озиқ-овқат нархларининг ошиши сайёрадаги очарчилик муаммосини сезиларли даражада кучайтирди. Бу ҳақда Германиянинг Welthungerhilfe хайрия ташкилотининг 2021 йил учун 12 июль, сешанба куни тақдим этилган ҳисоботида айтилади. Ҳужжатда айтилишича, иқлим инқирози, қуролли можаролар ва COVID-19 пандемиясининг оқибатлари ҳам сайёрада очлик муаммосининг кескинлашувига олиб келадиган асосий омиллардир. 

Welthungerhilfe экспертларининг маълумотларига кўра, дунёда бир неча ой давомида очарчилик таҳдидига дучор бўлганлар сони ортиб, 811 миллион кишига етган. Айниқса, Яман, Афғонистон ва Жанубий Судан, шунингдек, иқлим инқирози оқибатлари кучли қурғоқчиликка сабаб бўлаётган Мадагаскар ва Шарқий Африкада вазият кескин. Улар «иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш зарурлиги тўғрисида огоҳлантирувчи қўнғироқ бўлиб, тобора жиддий гуманитар фавқулодда вазиятларга олиб келади», дейилади ҳисоботда.

Ҳужжатга кўра, 2021 йилда кўплаб инқирозлар туфайли озиқ-овқат маҳсулотлари нархи 28 фоизга ошган. Украинада 2022 йил февраль ойида бошланган уруш нархларнинг янада ошишига олиб келди. «Афғонистондан Зимбабвегача бўлган ҳудудда яшаётган одамлар нон, дон ёки мева нархининг 60 фоизга ошиши билан курашмоқда», деди ташкилот раҳбари Марлен Тиме. 

Ўз навбатида, Германиянинг иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт вазири Свенья Шульце глобал озиқ-овқат инқирози ва Украинадаги уруш фонида нисбатан қашшоқ давлатларни импортдан мустақил бўлиш учун ўзлари кўпроқ дон етиштиришга чақирди. 

«Кўпгина мамлакатлар буғдой етказиб беришга жуда боғлиқ, масалан, Украинадан. Вазиятни ўзгартириш учун маҳаллий донни кўпроқ етиштириш керак», деди Шульце 12 июль куни RBB-Inforadio радиостанциясига берган интервьюсида. 

Welthungerhilfe ташкилоти ҳисоботида шундай дейилди: «Урушлар озиқ-овқат тизимига катта таъсир кўрсатади, масалан, далалар ёқиб юборилади, захиралар талон-торож қилинади ёки ҳосилни сотиш чекланади». Шу билан бирга, дунёдаги можаролар сони, экспертларнинг фикрига кўра, сўнгги йилларда «яна кўпайган». 

Welthungerhilfe Германиядаги энг йирик хусусий гуманитар ташкилотлардан бири бўлиб, сиёсий ва конфессионал жиҳатдан мустақил ҳисобланади ҳамда асосан хайриялар ҳисобидан молиялаштирилади. 

Маълумотларга кўра, фақат 2021 йилда Welthungerhilfe хорижда 526 та лойиҳани амалга ошириб, 36 мамлакатда 16,6 миллионга яқин одамни қўллаб-қувватлаган. Жами 190,5 миллион евролик ёрдамнинг асосий қисми Африкадаги лойиҳаларга йўналтирилди. Осиёдаги 13 та лойиҳани молиялаштириш учун 55,6 миллион евро ва Жанубий Америкадаги иккита лойиҳага 6,3 миллион евро ажратилди. 

Мавзуга оид