Жаҳон | 13:47 / 15.07.2022
5744
2 дақиқада ўқилади

Беларус ташқи қарз бўйича дефолтга учраши мумкин

Беларус Молия вазирлиги 22,9 миллион долларни Беларус рублида тўлаганлиги сабабли Belarus-27 еврооблигациялари эгалари ўз тўловларини ололмади.

Фото: Reuters / Brendan Mcdermid

14 июль, пайшанба куни Беларус ташқи қарз мажбуриятларини бажара олмади, деб хабар берди Moody's халқаро рейтинг агентлиги. Бир кун аввал мамлакат Belarus-27 еврооблигациялари бўйича 22,9 миллион доллар тўлаши керак бўлган муддат тугади. Бироқ, Беларус Молия вазирлиги ушбу тўловни миллий валютада - Беларус рублида амалга оширди ва шунинг учун облигациялар эгалари уларга тегишли тўловларни ололмади.

600 миллион долларлик 10 йиллик Belarus-27 еврооблигациялари эмиссияси 2017 йил июнь ойида жойлаштирилган. Уларнинг эгаларига йиллик 7,625 фоиз даромад ваъда қилинган эди. Халқаро молия бозорларида Беларус еврооблигацияларининг умумий қиймати 3,25 млрд доллар бўлган бешта эмиссияси мавжуд.

28 июнь куни Беларус Россиядан кейин ташқи қарз мажбуриятларини миллий валютада қайтаришга ўтаётганини эълон қилди. 22 июнь куни Россия президенти Владимир Путин ташқи давлат қарзи бўйича рублда тўловлар тўғрисидаги фармонни имзолади. 27 июнь куни Moody's Россиянинг евробондлар бўйича дефолтини эълон қилди. 

Мавзуга оид