Ўзбекистон | 13:51 / 18.07.2022
14721
2 дақиқада ўқилади

МИБ: Тошкент шаҳар ҳокимлигининг банкдаги ҳисоб рақамларига банд солинган

Тадбиркор фойдасига 88 млрд сўм компенсация тўловларини ундириш бўйича ишлар давом эттирилмоқда. Қарор бор экан, у албатта ижро этилади, деб баёнот берди Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси марказий аппарати.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳисобидан ундирувчи “Xisorak Beshyogoch” масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) фойдасига 88 млрд сўм компенсация тўловини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати ижросиз қолаётгани танқид қилинган эди.

Мазкур мақолага Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси марказий аппарати муносабат билдирди.

Маълум бўлишича, Тошкент туманлараро иқтисодий судининг 2022 йил 25 мартдаги ижро варақасига асосан, қарздор Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳисобидан ундирувчи “Xisorak Beshyogoch” масъулияти чекланган жамият фойдасига 88 млрд 566 млн 751 минг сўм компенсация тўлови ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати жорий йилнинг 4 апрель куни Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг марказий аппарати бўлим иш юритувига келиб тушган ва ижро иши қўзғатилиб, тарафларга юборилган.

Олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари жараёнида Ўзбекистон Республикаси “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг 21-моддасига асосан қарздорнинг банкдаги тегишли ҳисоб рақамларига банд солинган.

Шунингдек, ижро ҳаракатлари давомида ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисидаги қарор Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан Давлат активларини бошқариш агентлигига ижро учун юборилганлиги аниқланган.Ушбу компенсация тўловларини қоплаш масаласи Тошкент шаҳар ҳудудий кузатув кенгаши томонидан кўриб чиқилмоқда.

Ҳозирда мазкур ижро иши юзасидан мажбурий ижро ҳаракатлари давом эттирилмоқда (Жорий йилда олиб борилган ижро ҳаракатлари даврида, 82 млрд. сўмдан ортиқ 49 та ижро ишлари бўйича компенсация маблағлари ундириб берилган), дейилади МИБ ахборотида.

Мавзуга оид