Жаҳон | 12:31 / 19.07.2022
23345
2 дақиқада ўқилади

Ерга кучли магнит бўрони яқинлашмоқда

Куни кеча Қуёшда кучли чақнаш содир бўлди, бу Ерда магнит бўронини келтириб чиқариши мумкин. 21-23 июль кунлари бўроннинг энг юқори чўққиси кузатилиши кутилмоқда, аммо об-ҳавога боғлиқ бўлган одамлар ҳозирданоқ ноқулайликни ҳис қилиши мумкин.

Фото: Depositphotos

18 июлдан 21 июлгача магнит тебранишларининг кучи 3-4 баллни ташкил этади, кейинги кунларда у 5 баллга етади, деб ёзади «Комсомолская правда». Мутахассисларнинг ҳисоб-китоблари бошқача: баъзи экспертлар бўрон сайёрага фақат 19 июлда, бошқалари эса бир неча кундан кейин етиб келишини билдирмоқда.

Gismeteo маълумотларига кўра, 18-20 июль кунлари магнит фаоллиги кичик даражада баҳоланмоқда - магнит майдонининг «кичик бузилишлари» кузатилади. 

Метеорологларнинг эслатишича, магнит бўронлари даврида одамлар соғлиғига хавф туғдирмаслик учун оддий қоидаларга амал қилиш керак. Бунда, кучли овқатлар, спиртли ичимликларни истеъмол қилмаслик, чекмаслик тавсия этилади. Мутахассислар, шунингдек, фуқароларга, айниқса, об-ҳаво шароитига сезгир бўлганларга автомобиль ҳайдашдан тийилиш ва стрессдан қочишни маслаҳат беради. 

Мутахассисларнинг фикрига кўра, магнит бўронлари таъсири остида ҳолсизлик, психоэмоционал ҳолатнинг пасайиши, бош оғриғи ва уйқусизлик кузатилиши мумкин. Симптомлар тана хусусиятларига, одамнинг ёшига, сурункали касалликларнинг мавжудлигига боғлиқ. Кекса одамлар метеорологик ҳолатга кўпроқ мойилдир.

Жуда кучли магнит бўронлари радиоэлектроника ва турли алоқа воситаларининг ишлашида узилишларга олиб келиши мумкин. 

Мавзуга оид