Жамият | 18:02 / 20.07.2022
6573
2 дақиқада ўқилади

Бош прокуратура Ургутда овқатдан 10 киши заҳарланганини маълум қилди

19 июл куни улардан 9 нафарининг соғлиғи яхшиланган ва уйга жавоб берилган.

Бош прокуратура матбуот котибининг хабар беришича, 2022 йил 18 июл куни Ургут туманидаги тўйхоналарнинг бирида бўлиб ўтган маросимда меҳмон сифатида қатнашган 56 ёшли аёл 19 июл куни “Ўткир овқат токсикоинфекцияси” ташхиси билан шифохонага мурожаат қилган.

Бемор аёлга тез тиббий ёрдам кўрсатиш билан бир вақтда юқумли касалликлар бўлими патронаж хизмати томонидан ушбу аёл билан тўй маросимида иштирок этган бир нечта фуқаронинг хонадонига борилган ва улар юқумли касалликлар бўлимига таклиф қилиниб, текширишдан ўтказилган.

Текшириш вақтида улар ичида яна 10 нафар (9 нафари аёл, 1 нафари эркак) фуқарода “Енгил овқат токсикоинфекцияси” ташхиси борлиги аниқланган.

Кўрсатилган тез тиббий ёрдам натижасида уларнинг соғлиғи тўлиқ яхшиланган ва 20 июл куни уйларига жавоб берилган.    

Ҳозирда шифохонада фақатгина дастлаб мурожаат қилган бемор аёлга тиббий ёрдам кўрсатиб келинмоқда ва унинг ҳам соғлиғи яхшиланиб келаётгани аниқланган.

“Ижтимоий тармоқларда ушбу ҳолатда 200 га яқин одам заҳарлангани ҳақидаги хабар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қиламиз”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Ургут тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид