«Биз рақобатбардош эмасмиз». Тухел «Челси»нинг янги эгалари билан жанжаллашмоқда
Мавсумлар оралиғи ҳозирча «Челси» учун унчалик ижобий кечмаяпти. Дам олиш кунларида АҚШ сафарида бўлган «кўклар» «Арсенал»га қарши ўртоқлик ўйинида 0:4 ҳисобида йирик мағлубиятга учради.
Тухелнинг фарёди
Аммо гап нафақат натижада. Бу шунчаки ёзги ўртоқлик ўйини, натижа бир неча кундан кейин унутилади. Бундан ташқари, таркиб ва схема бўйича ҳам эксперимент ўтказилди (одатдаги 3-Х-Х ўрнига 4-4-2).
Бироқ, «Челси» бош мураббийи Томас Тухелнинг ўйиндан кейинги нутқи қизиқроқ.
«Ҳозир асабийлашяпман. Биз яхши ўйнамадик, шунчаки рақобатбардош эмасдик. Энг ачинарлиси, «Арсенал»нинг жисмоний ва руҳий тайёргарлик даражаси бизникидан анча юқори бўлди. Ҳа, албатта, таркибимиз оптимал эмасди. Рақиб эса Премьер-Лига учун мўлжалланган кучли таркибни майдонга туширди. Бу қисман нима бўлганини тушунтиради, лекин фақат қисман. Икки ҳафтадан сўнг, чемпионат бошланишига тайёр бўламиз, деб кафолат беролмайман», деди Тухел.
Аммо немис мутахассисининг сўнгги сўзлари анча қизиқроқ:
«Ўтган мавсумда қийин ўйинлар бўлди. Мавсумнинг баъзи қисмларида қийинчиликларга дуч келдик. Кейин санкциялар остида қолдик, бир неча ўйинчилар бизни тарк этишди, баъзилари кетишга ҳаракат қилмоқда. Ҳозирги ҳолат мана шундай. Бизга зудлик билан сифатли ўйинчилар, кўплаб сифатли ўйинчилар керак эди. Ҳа, бизда икки нафар янги ўйинчи бор. Аммо ҳали у қадар рақобатбардош эмасмиз ва афсуски, буни кўрдингиз».
Мураббийлар кўпинча омма олдида таркибни кучайтириш зарурлигига шама қилишади – бу мутлақо нормал ҳолат. Агар фикрларингизни клубга етказа олмасангиз, бу раҳбариятга босим ўтказиш усулларидан бири бўлади. Аммо Тухелнинг Флоридадаги сўзлари шама эмас, балки улар Тодд Боэли бошчилигидаги «Челси»нинг янги хўжайинларига қаратилган чинакам фарёддир.
Хўш, «Челси»нинг трансферлари ҳақида нима дейиш мумкин?
Тухел гапирган янги келганлар – Раҳим Стерлинг ва Калиду Кулибали. 27 ёшли вингер «Манчестер Сити»дан 50 миллион фунт эвазига ўтди ва 5 йиллик шартнома имзолади. 31 ёшли ҳимоячи эса «Наполи»дан 38 миллион еврога сотиб олинди ва 4 йиллик шартнома расмийлаштирилди. Қолаверса, одатдагидек, ижарага берилганларнинг бир гуруҳи Кобҳэмдаги базага қайтди – «Челси» бу борада Европада етакчилардан бири.
Кўзга кўринган икки футболчи – «Кристал Пэлас»да ажойиб мавсумни ўтказган 22 ёшли яримҳимоячи Конор Галлаҳер (34 ўйин, 8 гол, 3 голли узатма) ва «Саутҳэмптон»да зўр ўйнаган 20 ёшли марказий ҳужумчи Армандо Броха (32 ўйин, 6 гол, 1 голли узатма). Иккинчисининг келажаги ноаниқ, аммо Галлаҳер майдон ўртасида «Челси» ўйинига ранг беришга қодир. Тухел у жамоада қолишини истаяпти.
Кетганлар ҳозирча уч нафар. Ҳимоячилар Антонио Рюдигер («Реал ») ва Андерс Кристенсен («Барселона») эркин агент сифатида кетишди, бундан ташқари Ромелу Лукаку «Интер»га 8 миллион евро эвазига бир йиллик ижарага берилди (ижара шартномасида уни тўлиқ сотиб олиш ҳақида банд йўқ).
Энди навбат миш-мишларга. Тухелнинг нутқидаги «кетишни хоҳловчи футболчилар гуруҳи» аниқки Сезар Аспиликуэта, Маркос Алонсо, Ҳаким Зиёш ва Тимо Вернер. Сезарни узоқ вақтдан бери «Барселона» чақирмоқда. Алонсо ҳам у ерга бориши мумкин. Марокашлик яримҳимоячини «Милан» қўлга киритмоқчи ва деярли келишувга эришилган. Вернер мунтазам ўйин амалиётига эга бўлиш «Лейпциг»га қайтишга қарши эмас.
Трансферлар нуқтайи назаридан «Челси»нинг асосий мақсади «Севилья» ҳимоячиси Жюл Кунде бўлиб турибди. У 2 йилдан бери Лондонга чақирилмоқда. Тухелнинг ўзи ҳам кучли учликка кириш учун жамоага чапақай марказий ҳимоячи кераклигини айтганди.
Хўш, муаммо нимада?
Трансфер ойнаси ёпилишига ҳали бир ойдан кўпроқ вақт бўлса-да, Тухелнинг хавотирланишига асос бор.
Масалан, «Челси»да ҳалигача спорт директори йўқ. Бу йўналиш учун масъул бўлган Марина Грановская ва Петр Чех «Челси»ни тарк этишди. Улар кетганидан сўнг, Боэли ўзини спорт директори вазифасини бажарувчи қилиб тайинлади. Айнан унинг қарори билан Лукаку «Интер»га кетди. Клуб бу лавозимга одам қидирмоқда. The Times асосий номзод «Ливерпул»да муваффақиятли ишлаган Майкл Эдвардс эканлигини ёзди. Аммо ҳозирча вакансия бўш.
The Telegraph нашрининг ёзишича, энди Тухел трансфер масалаларида кўпроқ ваколатга эга бўлади. Аммо ҳозирча «Челси» қайта ишга туширилмоқда ва бу жараёнга салбий таъсир қиляпти. Масалан, «кўклар» Рафинья бўйича «Лидс» билан 55 миллион фунтга келишиб олганди. Аммо у якунда «Барселона»га йўл олди ва ўртоқлик ўйинида бўлса-да, «Реал»га гол урди. Ҳа, Рафиньянинг ўзи Каталонияда ўйнашни хоҳлаган ва «кўк-анорранглилар» трансфер учун пул топгунча кутган. Аммо савол туғилади: қизиқ, Грановская бу келишувни охиригача етказа олармиди?
Кунде билан вазият мураккаброқ. Sky Sports хабарига кўра, «Челси» июн ойида 23 ёшли франциялик футболчи билан оғзаки келишувга эришганди. «Севилья» унинг трансфери учун камида 70 миллион евро талаб қиляпти. Аммо футболчи «Барселона»га ўтишни истаяпти – бу «кўклар» учун муаммо.
The Independent хабарига кўра, «Барселона» вакиллари сўнгги кунларда Кундени «Челси»га ўтишга шошилмасликка чақиришган. Бунга жавобан, лондонликлар Аспиликуэта ва Маркос Алонсонинг трансфери бўйича музокараларни тўхтатиш билан таҳдид қилишган. Афтидан, Рафинья билан боғлиқ вазият яна такрорланади – «Челси»га ўтиши керак бўлган футболчи Каталонияга кетади. Нуфузли инсайдер Фабрицио Романонинг сўзларига кўра, Кунде «Барселона»га ўтади, «Челси» таклиф қилгандан ҳам камроқ пул эвазига бўлса ҳам.
Англия чемпионатининг янги мавсуми 6 август куни бошланади, «Челси» «Эвертон» билан ўйнайди. Шу вақтга қадар мудофаа чизиғини қайта шакллантириб, кимнинг хизматига таяниш мумкинлигини тушуниб олиш яхши бўларди. Бундан ташқари, футболчиларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатини ҳам кўтариш лозим. Бу эса Тухелнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.
Мавзуга оид
10:38 / 09.12.2024
Европада камбэклар куни. «Челси» ҳимоячиси рақибга голлар совға қилди ва бутсасини ташлаб юборди
13:34 / 11.11.2024
«Барса» ўйинида можароли қарор, Шомуродов яна мураббийсиз қолди. Кун ўйинлари
12:26 / 04.11.2024
«Барса»ни тўхтатиб бўлмаяпти, «МЮ» ўзига келмоқда. Кун ўйинлари
14:31 / 02.11.2024