Ўзбекистон | 17:15 / 27.07.2022
12794
6 дақиқада ўқилади

Солиқ кодексига ўзгаришлар киритилди: кимга қандай енгиллик бор?

Норезидент жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 20 фоиздан 12 фоизга пасайтирилди. Ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож иқтидорли болаларни бепул ўқитиш солиқ солишдан озод қилинди. Талабаларнинг ОТМ ҳудудидаги меҳнат фаолияти рағбатлантирилади.

Фото: Давлат солиқ қўмитаси

Кеча, 26 июл куни имзоланган қонун билан Солиқ кодексига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Молия вазирлиги бу ўзгаришлар бўйича қўшимча маълумот берди.

Нодавлат мактаб ва мактабгача таълим ташкилотларида ўқишга тўлов солиқ солишдан озод қилинади

Бу имтиёз қандай ишлайди?

Нодавлат мактабгача ёки мактаб таълим ташкилотида ўқиш пулли ҳисобланади. Бундан кейин ота-онанинг ҳар бир фарзандга ойига 3 млн сўм доирасидаги харажатлари солиқ солишдан озод қилинади.

Масалан, ота (она)га унинг иш жойи бўйича ҳар ойда 720 минг сўм (6 000 х 12 фоиз) даромад солиғи ушлаб қолинган ҳолда 6 млн сўм иш ҳақи ҳисобланади. У бухгалтерияга ўз фарзандининг таъминоти учун мактабгача таълим ташкилотига ҳар ойда 2,5 млн сўм ўтказиш ҳақида ариза тақдим этди.

2,5 млн сўмга солиқ солинмайди. Бухгалтерия фақат 3,5 млн сўмдан солиқ ушлаб қолади. Солиқ 420 минг сўмни (3500 х 12 фоиз) ташкил қилади. Ота (она) солиқдан ойига 300 минг сўм тежайди.

Имтиёз қандай қўлланади?

Ота ёки она имтиёзни:

  • ўз корхонасининг бухгалтериясига маблағларни нодавлат мактабгача ёки мактаб таълим ташкилотига ўтказиш ҳақида ариза ва тўловга счёт (шартнома) тақдим этган ҳолда иш жойи бўйича;
  • солиқ хизматига йил якунлари бўйича даромадлар тўғрисида декларация ва ўқиш учун тўлов амалга оширилгани тўғрисида ҳужжатларни тақдим этган ҳолда қўллаши мумкин.

Имтиёз 2022 йил 1 апрелдан амал қилади.

Норезидент жисмоний шахсларнинг Ўзбекистондаги манбалардан оладиган даромадлари бўйича солиқ солиш ставкаси пасайтирилди

Норезидент жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкаси 20 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилди. Масалан, агар норезидентнинг бир ойда даромади 1000 шартли бирликни ташкил этган бўлса, бюджетга ушбу суммадан 200 шартли бирлик тўланган. Ҳозир ушлаб қолиш суммаси 120 шартли бирликни ташкил қилади.

12 фоизлик ставка 2022 йил 1 майдан бошлаб ҳисобланган даромадларга нисбатан қўлланади.

Қайси даромадларга 12 фоиз ставка қўлланади?

12 фоиз ставка меҳнат шартномалари ва фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги шартномалар бўйича олинган даромадларга, шунингдек бошқа даромадларга қўлланади, бундан дивидендлар, фоизлар ва фрахтдан олинадиган даромадлар мустасно.

Олдинги даражада сақланиб қолган солиқ ставкалари:

·       дивидендлар ва фоизлар бўйича – 10 фоиз;

·       халқаро ташишларда транспорт хизматларини тақдим этишдан олинадиган даромадлар бўйича (фрахтдан олинадиган даромадлар) – 6 фоиз.

Ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож иқтидорли фарзандларни бепул ўқитиш солиқ солишдан озод қилинди

Ким бепул ўқиши мумкин?

Ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож оилаларнинг қобилиятли ва иқтидорли фарзандлари мактабгача ва умумий ўрта таълим нодавлат ташкилотларида бепул ўқишга ҳақли. Таълим ташкилотлари уларни танлов асосида жами ўқувчилар йиллик умумий сонининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорда бепул ўқишга қабул қилиши шарт.

Солиқ солишдан озод қилишнинг моҳияти нимада?

Илгари бундай бепул ўқиш қиймати ўқувчининг ота-онасининг моддий наф тарзидаги даромади сифатида ҳисобланган ва 12 фоиз ставка бўйича жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўланиши лозим эди.

Солиқ кодексига янги норма киритилиши билан бепул ўқиш солиқ солишдан озод қилинди.

Мазкур имтиёз давлат–хусусий шериклик асосида фаолият кўрсатадиган мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган (ўқиётган) махсус контингентдаги тарбияланувчиларни бепул ўқитишга ҳам татбиқ этилади.

Давлат талабаларнинг ОТМ ҳудудидаги меҳнатини рағбатлантиради

Қандай фаолият турлари рағбатлантирилади?

Олий таълим ташкилотлари ҳудудида:

  • пулли ўқув курслари;
  • спорт тўгараклари;
  • бошқа таълим хизматларини ташкил этиш.

Рағбатлантиришларнинг моҳияти нимада?

Талабаларнинг ушбу фаолият турларидан олинган даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади.

Масалан, талаба ўзи ўқийдиган университет ҳудудида спорт тўгараги ташкил қилди ва 5 млн сўм ишлаб топди. 5 млн сўмнинг ҳаммаси – бу талабанинг даромади ва ушбу суммадан солиқ тўланмайди.

Ташкилотлар ўз ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун маданий тадбирларга солиқларсиз ҳақ тўлашлари мумкин

Ташкилотлар қайси солиқлардан ва қандай миқдорда солиқ солишдан озод қилинади?

Тўланаётган солиқ турига қараб, ташкилотлар фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқдан озод қилинади.

Имтиёз суммаси ташкилотнинг товарлар (хизматлар)ни реализация қилишдан олинган даромадининг 0,5 фоизини ташкил қилади.

Масалан, тадбиркорлик субъектининг реализация қилишдан олинган даромадлари 1 млрд сўмни ташкил этса, ушбу сумманинг 0,5 фоизи – 5 млн сўм бўлади. Агар ташкилот ушбу сумма доирасидаги маблағларни ўз ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун маданий тадбирларга билетлар харид қилиш учун йўналтирган бўлса, ушбу маблағлар суммасига фойда солиғи ёки айланмадан олинадиган солиқнинг солиқ базасини камайтириш орқали солиқ солинмайди.

Харажатларнинг қайси турлари ушбу имтиёз остига тушади?

Ташкилотларнинг ўз ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларига билетлар харид қилиши билан боғлиқ харажатлари. 

Мавзуга оид