Жаҳон | 07:59 / 01.08.2022
19766
2 дақиқада ўқилади

Анатолий Чубайс жонлантириш бўлимига ётқизилди

РФ президентининг собиқ махсус вакили Анатолий Чубайс Гийен-Барре синдроми ташхиси билан Европа клиникаларидан бирига ётқизилди, деб хабар берди Ксения Собчак унинг рафиқасига таяниб.

Фото: pikabu

«Роснано» компаниясининг собиқ раҳбари Анатолий Чубайс Гийен-Барре синдроми ташхиси билан Европа клиникаларидан бирининг реанимация бўлимига ётқизилди. Бу ҳақда 31 июль, якшанба куни телебошловчи Ксения Собчак Чубайснинг рафиқаси Авдотья Смирновага таянган ҳолда маълум қилди

«Мен ҳозиргина Авдотья билан гаплашдим. Вазият беқарор. Унинг аҳволи ёмонлашган, қўллари ва оёқлари тўсатдан тортиб кета бошлаган. Мана, Анатолий Борисовичнинг шахсий изоҳи: «Мен Европа клиникаларидан бирига Гийен-Барре синдроми ташхиси билан ётқизилганман. Аҳволим ўртача, барқарор», — деб ёзди Собчак ўзининг Telegram-каналида. 

23 март куни президент Владимир Путиннинг махсус вакили сифатида ишлаган Анатолий Чубайс ўз лавозимини тарк этиб, Россиядан чиқиб кетгани маълум бўлди. РБК манбаларига кўра, Чубайс Истанбулга кўчиб ўтган, бироқ Россияга «қайтмоқчи бўлган». Кейинроқ Кремль Чубайс ўз хоҳиши билан истеъфога чиққанини тасдиқлади. Хабар берилишича, Чубайс «Система» АФК директорлар кенгашини ҳам тарк этган ва «Электрозавод» компанияси директорлар кенгаши таркибидан кетган. 

Гийен-Барре синдроми - бу одамнинг иммун тизими ўз периферик нервларига зарар етказадиган кам учрайдиган ҳолат. Касаллик ҳар қандай ёшдаги одамларда кузатилиши мумкин, лекин кўпинча катталар ва эркакларда учрайди. Гийен-Барре синдромининг ривожланиши кўпинча бактериал ёки вирусли инфекциядан кейин содир бўлади. 

Касалликнинг дастлабки белгилари ҳолсизлик ёки кучсиз оғриқ ҳиссини ўз ичига олади. Улар одатда оёқларда бошланади, кейин қўллар ва юзга тарқалиши мумкин. Баъзи одамларда бу аломатлар оёқ, қўл ёки юз мушакларининг фалажига олиб келиши мумкин. Аксарият одамлар Гийен-Барре синдромининг энг оғир ҳолатларидан ҳам тўлиқ тикланишади. 

Мавзуга оид