Ўзбекистон | 20:11 / 01.08.2022
34857
3 дақиқада ўқилади

Чорвоқдаги “Пирамида” оромгоҳи хусусийлаштирилди

Давлат тендер комиссияси қарорига асосан, Бўстонлиқ туманида жойлашган “Чорвоқ оромгоҳи” дам олиш маскани “Vip Logistics” МЧЖ ҚКга 208 млрд сўмга сотилди.

Фото: e-auksion.uz

Давлат активларини бошқариш агентлиги хабарига кўра, мазкур оммавий савдода 4 нафар талабгордан “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали таклифлар келиб тушган бўлиб, энг юқори нархни Vip Logistics таклиф қилган.

Қайд этилишича, Давактив оромгоҳ сотилиши ҳақида 2021 йил 7 октябрда эълон берган. Оромгоҳ хусусийлаштирилгани ҳақида агентлик сайтида 2022 йил 5 июл куни маълум қилинган. Хусусийлаштириш шартлари, хусусан харидор ўз зиммасига бошқа мажбуриятларни ҳам олган-олмагани бўйича маълумот берилмаган.

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат реестрига кўра, VIP Logistics компанияси 2011 йилда Тошкентда рўйхатга олинган, жорий устав фонди қарийб 2,7 млн долларни ташкил этади. Фаолият йўналиши – автомобил транспортида юк ташиш.

Компания 93 фоиз ҳиссасига Harvest Industries L.P., 5,1 фоизига Шокиров Жамшид Абдуғаффорович, 1,9 фоизига Шокиров Абдуғаффор Шокирович эгалик қилади. Раҳбар сифатида Раҳматуллаев Дилмурод Зокирович кўрсатилган.

Буюк Британиянинг Компанияларни рўйхатга олиш палатаси (Companies House) сайтидаги маълумотга кўра, Harvest Industries 2012 йилда Шотландияда рўйхатга олинган. Компаниянинг катта назоратига эга шахс сифатида Ўзбекистон резиденти Тоҳир Икромов кўрсатилган.

Harvest Industries Ўзбекистонда тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи, 2014 йилда рўйхатга олинган “Big Bag Production” МЧЖнинг 82,4 фоизига эгалик қилади. Шунингдек, бўёқ ва лак маҳсулотлари ишлаб чиқариш билан шуғулланган, айни пайтда тугатилган “Lok Kolor Sintez” МЧЖ ҚКнинг ҳам таъсисчиси бўлган.

Жамшид Шокиров реестрда нотурар жой биноларини қуришга ихтисослашган Rohat Plasteks компаниясининг 100 фоизлик таъсисчиси сифатида қайд этилган. У, шунингдек, газни чуқур қайта ишлаш орқали водород пероксиди ишлаб чиқариш, бу маҳсулот бўйича импорт ўрнини тўла қоплаш мақсадида ташкил этилган “Uzbekistan Hydrogen Peroxide” МЧЖ ҚКнинг 85 фоизи, Navo Teks ва Kanteks Invest номли текстил компанияларининг 50 фоизига эгалик қилади.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили “Сижжак” ва “Белдирсой” дам олиш масканлари ҳам сотувга қўйилган эди.

Мавзуга оид