Жаҳон | 17:04 / 02.08.2022
7858
2 дақиқада ўқилади

РФ Олий суди Украинанинг «Азов» полкини «террорчи» ташкилот деб топди

РФ Олий суди Украинанинг «Азов» полкининг Россиядаги фаолиятини тақиқлаб, Бош прокуратура даъвосини қаноатлантирди.

Фото: AP

Россия Олий суди Украинанинг «Азов» полкини «террорчи» ташкилот деб топди ва унинг РФ ҳудудида фаолиятини тақиқлади. 2 август, сешанба куни у РФ Бош прокуратурасининг тегишли даъвосини қаноатлантирди. Шу билан бирга, «ташкилот фаолиятини тақиқлаш тўғрисидаги қарор дарҳол ижро этилиши керак», дейилади Россия Олий суди қарорида.

«Интерфакс» хабарига кўра, жараён қисман ёпиқ эшиклар ортида ўтган. Очиқ қисмда, жумладан, «Тарихий хотира» жамғармаси директори Александр Дюков ва РФ президенти ҳузуридаги инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш (ИҲК) аъзоси Марина Аҳмедова эксперт сифатида сўзга чиқди, шунингдек, қарорнинг бир қисми эълон қилинди. РФ Бош прокуратураси май ойида «Азов»ни «террорчи» ташкилот деб тан олиш бўйича судга даъво киритган эди.

Май ойи ўрталарида бир неча юз киши бир неча ҳафта давомида «Азов» полки аскарлари томонидан ҳимояланган Мариуполдаги «Азовсталь» заводи ҳудудини тарк этди. Улар ўзини «ДХР» деб эълон қилган ҳудудга олиб кетилган. УҚК буни «қутқарув операцияси» деб атади ва «Азовсталь»дан асирга олинган аскарлар тез орада алмаштирилишини таъкидлади. Июль ойи охирида, Еленовкадаги колонияга берилган зарба натижасида 50 дан ортиқ асирга олинган «Азов» жангчилари ҳалок бўлди.

Мавзуга оид