Ўзбекистон | 07:52 / 02.08.2022
16823
2 дақиқада ўқилади

Етти ҳудудда ерости сув сатҳи 5 метргача пасайиб кетгани маълум бўлди

Президентнинг “Ерости чучук сув ресурсларини муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланишни тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Фото: Kun.uz

Қайд этилишича, мамлакатда қишлоқ хўжалиги ва саноатни жадал ривожлантириш ерости сувларига эҳтиёж кескин ортишига олиб келиб, бу сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш тизимини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда. Бугунги кунда айрим ҳудудлардаги ерости сувлари  сатҳи кўп йиллик ўртача меъёрдан 5 метр ва ундан ортиқ пасайиб, улар ресурслари камайиб кетиши кузатилмоқда.

Соҳага оид рухсат берувчи тартиб-тамойиллар кескин соддалаштирилгани ва шаффофлаштирилган бўлишига қарамасдан, ерости сувларига қудуқлар рухсатсиз бурғиланиши ва сувдан назоратсиз, ҳисобсиз фойдаланиш ҳолатлари давом этмоқда. Давлат геология қўмитаси ҳудудий гидрогеология станциялари томонидан 1200 дан ортиқ ерости сувларига рухсатсиз бурғилаш ва улардан фойдаланиш ҳолати аниқланган.

Билдирилишича, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, соҳа мутахассисларининг ерости сувлари мониторинги натижаларига асосан сўнгги йилларда Навоий, Самарқанд, Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятлари айрим ҳудудларида ерости сув сатҳи 5 метргача ва ундан ортиқ пасайиб кетган ҳамда мазкур жараён давом этяпти.

Ҳолатни назорат қилиш ва тартибга солишда замонавий ахборот технологияларини жорий этиш ва жараёнларни масофадан бошқариш усулларини татбиқ қилиш ортда қолмоқда, бунда жамоатчилик назоратидан кенг фойдаланиш механизмлари етарлича йўлга қўйилмаган. Соҳага оид халқаро тажрибани ўрганиш, мутахассислар малакасини ошириш ва илғор замонавий ечимларни жорий қилиш ҳам алоҳида ўрин эгаллаши зарур.

Мавзуга оид