Ўзбекистон | 10:07 / 03.08.2022
15910
3 дақиқада ўқилади

МБ карта эгалари қандай хавфсизлик қоидаларига риоя этиши зарурлигини эслатди

Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқлар орқали фуқаролар банк картасидан пул ечиб олиниши билан боғлиқ тарқатилаётган овозли хабарлар юзасидан расмий маълумот берилди.

Фото: Kun.uz

Марказий банк хабарига кўра, банк картаси эгасига, унинг рўйхатдан ўтган телефон рақамига СМС орқали юборилган бир марталик тасдиқловчи кодни киритмасдан туриб мобил иловадан рўйхатдан ўтиш ёки картани мобил иловага бириктириш мумкин эмас.

Банк карталари хавфсизлигини таъминлаш учун ҳозирги кунда етарлича чоралар кўрилгани айтилади. Банк картаси тўғрисидаги маълумотлари ва унинг пин-кодини ишлатмасдан, уни мобил иловаларга бириктирмасдан туриб, банк картасидаги пул маблағини ечиб олиш ёки уни бошқариш имконияти йўқ. Банк картасидан мобил иловалар орқали фойдаланиш учун банк картаси эгасига бир марталик тасдиқловчи код юборилади. Мазкур кодни белгиланган вақт оралиғида тизимга киритмасдан туриб картани мобил илова аккаунтига бириктириш мумкин эмас.

Банк карталаридан пул ечиб олиш ҳолатлари банк картасидан фойдаланишда айрим фуқароларни фирибгарлар алдовига ишониб, ўзига тегишли бўлган шахсий ёки карта маълумотларини ошкор этиши натижасида кузатилмоқда.

Билдирилишича, карта фойдаланувчилари фирибгарлик ҳолатлари олдини олиш учун қуйидаги хавфсизлик қоидаларига риоя этиши зарур:

банк пластик картани олгандан сўнг фақат ўз телефон рақамингизга СМС-хабарнома хизматини уланг;

СМС-хабарнома орқали келган бир марталик тасдиқлаш кодини ҳеч кимга ошкор этманг. Унутманг, банк ёки тўлов ташкилоти ходимлари ҳеч қачон сизга юборилган тасдиқлаш кодларини, картангиз тўлиқ рақами ва амал қилиш муддатини сўрамайди.

СМС орқали келган хабарни диққат билан ўқиш лозим. Унда карта билан боғлиқ амалиёт тўғрисида маълумот ва тасдиқлаш учун код келтирилади. Ушбу кодни ҳар қандай ҳолатда бировга ошкор этмаслик даркор.

Бундан ташқари, банк ёки тўлов ташкилоти мобил иловаларидан фойдаланганда мураккаб паролларни қўллаш лозим. Мобил иловада рўйхатдан ўтказилган аккаунтга кириш учун фақат ўз қурилмасидан фойдаланиш керак.

Интернет орқали товар ёки хизматларни харид қилиш учун фақат расмий, ишончли сайтлардан фойдаланиш даркор. Агар тўловни амалга ошириш ёки картага пул ўтказиш мақсадида ҳавола тақдим этилган бўлса, уни қайта текшириб кўриш лозим. Таклиф этилаётган веб-саҳифанинг расмий эканини текшириш даркор.

Ижтимоий тармоқлар ва турли мессенжерлар орқали жўнатилган шубҳали ҳаволаларни очмаслик керак. Пул ўтказиш учун карта рақамлари ва амал қилиш муддатини ёки текшириш мақсадида код юборилганини маълум қилиб, уни айтишни сўраганларида ҳеч қандай маълумот бермаслик лозим.

Мавзуга оид