Ўзбекистон | 12:16 / 04.08.2022
2970
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон консуллиги орқали электрон рақамли имзони олиш имконияти яратилди

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Ўзбекистоннинг хориждаги консуллик муассасалари орқали электрон рақамли имзо бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Хорижда бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари энди электрон рақамли имзо калити сертификатини олиш бўйича давлат хизматидан фойдаланишлари мумкин.

Ўзбекистоннинг хориждаги консуллик муассасалари орқали электрон рақамли имзо бериш тартиби тўғрисидаги низом қуйидагиларни белгилайди:

  • дипломатик ваколатхоналар консуллик бўлимлари ва консуллик муассасаларига мурожаат қилиш тартиби;
  • ЭРИ сертификатини бериш тартиби ва амал қилиш муддати;
  • хизмат учун консуллик йиғимлари миқдори.

Консуллик муассасаси орқали ЭРИ калитлари сертификатларини рўйхатга олиш ва уларни бериш ваколатли орган томонидан идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш тизими орқали амалга оширилади. ЭРИ сертификати амал қилиш муддати у рўйхатга олинган вақтдан бошлаб 2 йилдан ошмаслиги керак.

ЭРИ калити сертификати —  ўзида эгаси тўғрисидаги ахборотни сақлайдиган ҳужжат, унда эгаси мақоми, реквизитлари ва ваколатлари тўғрисидаги маълумотлар шифрланган. Сертификат калит қўлланилиши учун жавобгар бўлган муайян шахсга тегишли эканини тасдиқлайди. Ҳужжат электрон рақамли ёки қоғоз шаклидаги вариантларга эга.

Мавзуга оид