Спорт | 18:03 / 05.08.2022
19967
1 дақиқада ўқилади

Диёра Келдиёрова – икки карра Осиё чемпиони

Сўнгги икки йилда дзюдо бўйича икки карра “Катта дубулға” турнирлари чемпиони бўлган Диёра Келдиёрова Осиё чемпионатларидаги олтин медаллари сонини ҳам иккитага етказди. У финалда амалдаги жаҳон чемпиони, япониялик Аи Шишимени 1 дақиқадаёқ мағлубиятга учратди.

Фото: Халқаро дзюдо федерацияси

4 август куни Қозоғистонда бошланган дзюдо бўйича Осиё чемпионатининг илк кунида уч нафар ўзбекистонлик шоҳсупага кўтарилди.

Миллий олимпия қўмитаси хабарига кўра, -52 кг вазн тоифасида Диёра Келдиёрова барча рақибаларини, хусусан, финалда амалдаги жаҳон чемпиони япониялик Аи Шишимени 1 дақиқадаёқ мағлубиятга учратиб, иккинчи бор Осиё чемпионлигини қўлга киритди.

Шунингдек, -66 кг вазн тоифасида Муҳриддин Тиловов ва -57 кгда курашган Нилуфар Эрмагамбетова бронза медалига сазовор бўлишди.

Маълумот учун, Диёра 2019 йили БААда бўлиб ўтган Осиё чемпионатида ҳам олтин, 2021 йилги қитъа биринчилигида эса бронза медалга сазовор бўлган.

Самарқандлик дзюдочи 2021 йилда “Катта дубулға” турнири ғолиби бўлган илк ўзбекистонлик аёл дзюдочига айланди. У 2022 йил июнида ҳам бу муваффақиятини такрорлаб, турнирнинг икки карра чемпиони бўлди.

Келдиёрова ундан аввалроқ Неаполдаги ёзги универсиада ва Уҳандаги Бутунжаҳон ҳарбий ўйинларида бронза медалларини қўлга киритган.

Мавзуга оид