Иқтисодиёт | 21:11 / 12.08.2022
75962
4 дақиқада ўқилади

Spark учун шартнома бериш тўхтатилди. UzAuto Motors томонларда нима гаплар?

UzAuto Motors 2-3 ой олдин Spark автомобиллари учун шартнома беришни тўхтатган, қачон тикланиши номаълум. Пулини тўлаб, автомашинасини кутаётган фуқаролар сони 128 мингдан ошиб кетган. Яқинда сотуви бошланиши кутилаётган Tracker-2023 модели эса Хитойдаги муқобилидан сезиларли қиммат бўлиши мумкин.

UzAvtosavdo иловасида Spark автомашинаси учун контрактация тақдим этиш тўхтатилган. Вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Kun.uz мухбири Тошкент шаҳридаги “UzAuto Motors” АЖнинг бир қанча дилерлик марказлари билан боғланди.

Маълум қилинишича, тахминан 2-3 ой олдин Spark учун шартнома бериш тўхтатилган. Компания бу ҳақда расмий хабар бермаган. Контрактация қачон тикланиши номаълум.

Тошкентдаги "PSM Avtosavdo" МЧЖ дилерлик марказидаги нархнома

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2022 йилнинг январ-июн ойларида 7 543 дона Spark ишлаб чиқарилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24 фоизга кўп. Бироқ 2020 йилга нисбатан Spark ишлаб чиқариш қарийб икки баробарга қисқарган.

Узун навбатлар янада узайишда давом этмоқда

12 август ҳолатига, камида 50 фоиз пули олдиндан тўлаб қўйилган ва ишлаб чиқарилиши кутилаётган автомобиллар сони 128 160 тани ташкил этмоқда. Хусусан:

  • Cobalt учун – 32 497 дона;
  • Lacetti учун – 55 382 дона;
  • Traverse учун – 169 дона;
  • Tahoe учун – 51 дона;
  • Nexia-3 учун – 97 дона;
  • Damas-2 учун – 39 958 дона буюртма бериб қўйилган.

Фақатгина аксарият ўзбекистонликлар учун нархи қиммат бўлган Malibu-2, Equinox, Trailbazer автомобиллари учун навбатлар йўқ.

Дилерлик маркази ходимларининг билдиришича, шу кеча-кундузда “Lacetti-Gentra” учун пул тўланса, кейинги йилнинг май ойларида автомобилни салондан олиб чиқиш мумкин бўлади.

Соғлом рақобат шароитидаги бозорда таклиф қанчалик кўп бўлса, бу ишлаб чиқарувчининг манфаатларига хизмат қилади. Аммо бугун истеъмолчилар олдида бошқа муқобил танлов йўқ. Шу сабаб одамлар компаниянинг ҳаддан ортиқ қолипланган таклифларига кўнишга мажбур.

Эслатиб ўтамиз, феврал ойида президент Шавкат Мирзиёев ўтказган йиғилишда автомобилларни кўпроқ ички бозорга йўналтириш топшириғи берилганди. Шунингдек, 1 майга қадар автомобил харидидаги навбатларни тўлиқ бартараф этиш вазифаси ҳам юклатилганди. Аммо бугунги кунга келиб, навбатлар сони апрел ойининг охирига нисбатан ҳам икки баробардан ортиқроққа (23 апрел ҳолатига 63 062 та навбат бўлган) кўпайган.

Tracker-2023 ва Onix учун шартнома бериш бошланади

Жорий йилнинг сентябр ойидан Tracker-2023, октябр ойидан бошлаб эса Chevrolet Onix автомобиллари учун шартномалар бериш бошланиши кутилмоқда.

Маҳаллийлаштириш асосида Ўзбекистонда йиғилаётган Tracker-2023'нинг баҳоси ҳозирча маълум эмас. “Узавтосаноат” матбуот хизматига кўра, якуний нарх ҳали тасдиқланмаган ва турли опцияларнинг баҳоси ҳисобланяпти.

“Автострада” ўз манбаларига таяниб ёзишича, Tracker-2023 Premier (энг юқори комплектация) 320 млн сўмдан сотувга чиқиши мумкин. Шу пайтгача Хитойдан импорт қилинадиган Tracker – 255,2 млн сўмдан, Tracker Redline эса 264 млн сўмдан сотилаётган эди.

Таққослаш учун, Хитойда чиқаётган Tracker RS 2023 16,3 минг доллардан 19,1 минг долларгача нархда сотилмоқда.

Ўзбекистонда сотувда чиқиши кутилаётган Tracker-2023'да Хитой вариантидан кўра бир нечта кўпроқ қўшимча функциялари бўлиши, нарх баландлиги шу билан изоҳланиши мумкинлиги айтиляпти.

Ўтган йили UzAuto Motors Chevrolet Onix 9 мингдан 12 минг долларигача баҳода сотувга чиқарилишини маълум қилганди. Аммо якуний аниқ нархлар ҳали эълон қилинмаган.

Мавзуга оид