Жамият | 12:39 / 15.08.2022
24409
2 дақиқада ўқилади

Наманганда эр-хотин тарвуздан заҳарланиб вафот этди

Наманганнинг Норин тумани Катта яйдоқ маҳалласида яшаган 68 ёшли эркак ва унинг 63 ёшли рафиқаси овқатдан заҳарланиш оқибатида вафот этди. Улар бозордан сотиб олинган ва 2 кун музлаткичда сақланган тарвузни истеъмол қилишган.

Фото: industry60plus

Чол-кампирнинг икки фарзанди ҳамда 6 ва 10 яшар икки невараси ҳам овқатдан заҳарланган, улар туман тиббиёт бирлашмасига жойлаштирилган.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсиддинов Kun.uz'га тақдим этган бирламчи ахборотга кўра, оила аъзолари овқатдан ва 7 август куни туман деҳқон бозорининг олд қисмидан сотиб олиниб, икки кун музлаткичда сақланиб, 9 августда истеъмол қилинган тарвуздан заҳарланган. Марҳумлар ўлими 11 август соат 09:30 ларда оила хонадонида рўй берган.

Норин туманлараро СТЭБнинг 11 августдаги 71- ва 72-сонли дастлабки маълумотларига кўра, ўлимга номаълум агентдан (овқат махсулотидан) заҳарланиш, ички аъзолар шок ҳолати, қоннинг суюқ ҳолда бўлиши, сурункали юрак ишемик касаллиги, ўткир мия ўпка шиши, ўткир юрак қон томир ва нафас етишмовчилиги сабаб бўлган.

Туман прокуратураси ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертизасини тайинлаган ва терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бормоқда.

Мавзуга оид