Алексей Навалний жазо изоляторига жойлаштирилди
Мухолифатчининг сўзларига кўра, у саноат зонасида бўлганида ўзи учун жуда кичик бўлган уст кийимининг юқори тугмачасини мунтазам ечиб юргани учун жазоланган.
Владимир областининг Мелехово шаҳридаги қаттиқ режимли 6-сонли колонияда (ИК-6) жазо муддатини ўтаётган россиялик мухолифатчи сиёсатчи Алексей Навалний жазо камерасига (ШИЗО) ўтказилди.
«Мени баракдан комиссияга чақиришди, у ерда видеоёзувларда мен саноат зонасида бўлганимда бир неча ўлчам кичик бўлган уст кийимимнинг юқори тугмачасини мунтазам ечиб ташлашимни кўрсатишди. Албатта, бу мени тузатиб бўлмайдиган ёмон одам сифатида тавсифлайди. Шунинг учун мени жазо изоляторига ўтказиш қарори қабул қилинди», — дейилади 15 август, душанба куни Навалнийнинг Facebook’даги саҳифасида.
Сиёсатчининг сўзларига кўра, у шу пайтгача ШИЗОга уч кунга жўнатилган. «Аммо, бошлиқ шуни қўшимча қилдики, сентябрь ойининг ўрталарида мен қариндошларим билан учрашаман, бу ҳар тўрт ойда бир марта бўлиши керак. ШИЗОда бўлганларга ташриф буюриш тақиқланади, шунинг учун агар мен «ўз муносабатимни қайта кўриб чиқмасам», у ҳолда изолятор менинг доимий яшаш жойимга айланади», - дея қўшимча қилди Навалний.
Ўтган ҳафта Алексей Навалний маҳбуслар ва қамоқхона ходимлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун «Саноат зонаси» деб номланган «маҳбуслар ва қамоқхоначилар касаба уюшмаси»ни ташкил қилганини маълум қилганди. Аввалига ИК-6 маъмурияти Навалнийнинг расмий баёнотини ҳазил сифатида қабул қилди, кейин эса касаба уюшмаси ташкил этилишини «ноқонуний» деб билдирди ва мухолифатчига огоҳлантириш берди.
Алексей Навалний февраль ойи бошида Москванинг Симоновский туман суди «Ив Роше» иши бўйича унга чиқарилган шартли ҳукмни ҳақиқий 3,5 йиллик қамоқ жазосига ўзгартиргани учун озодликдан маҳрум этиш жойларига жўнатилди. Расмий сабаб - мухолифатчи жазони ижро этиш комиссиясига ҳисобот бериш учун белгиланган кунларда келмаган. Аммо, у 2020 йил августидан бошлаб, «Новичок» билан заҳарлангани ҳамда Германияга даволаниш учун олиб кетилганидан сўнг, умуман инспектор ҳузурига келишни тўхтатган.
Навалний ва унинг адвокатлари судга мухолифатчи жисмоний жиҳатдан инспекторнинг олдига бориш имконига эга бўлмаганини билдирган, сабаби у Германия клиникаларидан бирида аввал стационар, кейин эса амбулатор даволанган ва бу ҳақда жазони ижро этиш инспекциясини хабардор қилган.
22 март куни суд Алексей Навалнийни «фирибгарлик ва судни ҳақорат қилиш» иши бўйича тўққиз йилга озодликдан маҳрум этилди. Лефортово судининг сайёр мажлиси Навалний «Ив Роше» иши бўйича жазо муддатини ўтаётган Покровдаги 2-сонли колонияда ўтказилди. Прокурор Надежда Тихонова унга 13 йиллик жазо муддати берилишини сўради. Навалний 14 июнь куни ИК-6’га ўтказилди.
Мавзуга оид
12:34 / 11.12.2024
Навалний ва унинг адвокатлари колонияда яширин камера билан видеога олинган
21:37 / 12.11.2024
Португалияда Алексей Навалний мемориали очилди. У Россия элчихонаси яқинида жойлашган
11:05 / 10.11.2024
«Изоляторлар тўлиб кетган» – Олий суд раиси судьялар қатъиятсизлигининг оқибатлари ҳақида
14:10 / 14.10.2024